Меню

Қашқадарё

17.08.2017 1960

ИМКОНИЯТЛАР ИШГА СОЛИНСА НАТИЖА БЎЛАДИ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда олим ва тадқиқотчилар, давлат қўриқхоналари мутахассислари, сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар масъул ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маълумки, 2013 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2013—2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор доирасида вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, кўплаб тарихий обидалар қайта таъмирланди, музейлар очилди, замонавий меҳмонхоналар бунёд этилди. Кўргазма ва фестиваллар ўтказилди. Бироқ амалга оширилмасдан қолган ва бажарилиши кечикаётган лойиҳалар ҳам йўқ эмас. Давра суҳбатида мазкур дастурдан жой олган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолати таҳлил қилиниб, вилоятнинг очилмаган туризм йўналишлари ва фойдаланилмаётган имкониятларини ишга солиш  бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

- Вилоятда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўлга қўйилаётган янги лойиҳалар самарасида воҳага ташриф буюраётган туристлар оқими йилдан-йилга ошиб бормоқда, - дейди Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Акмал Умрзоқов. - Аммо вилоятнинг туристик салоҳияти юқори ва мавжуд ресурслар кўп эканини эътиборга олсак, бу унчалик катта натижа эмас. Агар туристик йўналишлар кўпайиб, хизматлар сифати янада яхшиланса, реклама кучайтирилса, ташриф буюрувчилар сони кескин ошиши мумкин.

Хўш, 2017­2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида туризм соҳасига бевосита алоқадор бўлган 10 га яқин бандларнинг келгусида  Қашқадарё вилоятидаги ижроси қандай бўлади? Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги Қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқишда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси нималар қилиши керак? Вилоятда қандай туристик йўналишларни кўпайтирсак, қайси хизмат турларини янада замонавийлаштирсак, хорижлик сайёҳлар эътиборини кўпроқ тортамиз?  Давра суҳбатида шу ва шу каби саволлар ўртага ташланиб, мутасаддилар, мутахассисларнинг фикрлари эшитилди.

Тадбирда вилоят ҳудудидаги ҳар бир туманнинг туристик харитасини яратиш, экотуризмни ривожлантириш давлат дастурини қабул қилиш, туризмни ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш тартиб-таомилларини, туристик фирмаларга лицензия беришни соддалаштириш, туризмнинг имкони бор барча турларини  ривожлантириш, меҳмонхона ва сервис хизмати имкониятларини ошириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!