Меню
Қашқадарё
ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАНЛАР УЧУН – ИМКОН
150 ўринга мўлжалланган бу замонавий муассаса республика мактабгача таълим вазирлиги ва "ЛУКОЙЛ Ўзбекистон Оперейтинг Компани" масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилмоқда.
Ҳукуматнинг шу йил 3 октябрдаги қарорига мувофиқ, бундай кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) биргина Қарши шаҳри эмас, балки Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ҳам барпо этилади. Бухоро шаҳрида эса юқорида қайд этилган вазирлик ва компаниянинг қўшма лойиҳаси доирасида 250 ўринли умумий типдаги мактабгача таълим ташкилоти очилади.
- Қарши шаҳрида бунёд этиладиган янги маскан учун шу йилнинг апрель ойида Нукус шаҳрида фойдаланишга топширилган ва таркибий тузилмасида имконияти чекланган болалар учун реабилитация маркази бўлган "Имкон" кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти андаза бўлади, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруз Жабборов. - Бу МТТ жисмоний ва ақлий ривожланиши ўзига хос бўлган болалар учун ҳам таълим даргоҳи, ҳам тиббиёт-соғломлаштириш муассасаси вазифасини бажаради. Унда стандарт хоналардан ташқари, бассейн, даволовчи жисмоний тарбия зали, физиотерапия, массаж, сенсор, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хоналари, шунингдек, ортопед, психолог, логопед, реабилитолог, психоневролог ва бошқа врач-мутахассислар кабинетлари мавжуд.
2021 йил 1 июлгача бўлган муддатда Қашқадарё, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ишга тушириладиган объектларнинг бинолари ва иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш "ЛУКОЙЛ Ўзбекистон Оперейтинг Компани" МЧЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур компания янги муассасалар қурилиши бўйича буюртмачи ҳам саналади.
Қарши шаҳридаги кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТ учун Жайҳун кўчасида майдони 1,9 гектарга тенг ер участкаси ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу объект бўйича "SDS Proekt" МЧЖ бош лойиҳа ташкилоти, "Yuksak parvoz qurilish" МЧЖ эса бош пудрат ташкилоти этиб белгиланган.
Темур НИЗОМОВ