Меню

Қашқадарё

21.05.2021 2120

ИМКОНИЯТ, САМАРА ВА РАҒБАТ

Пленум

Ҳозирги кунда вилоятимизда Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти (Ўз КОЖ) марказий бошқарувига буйсунувчи 2 та корхона ва вилоят бўлими тасарруфидаги кичик корхона фаолият олиб бормоқда. Уларда хўжалик пахтаси, бўз матоси, нотўқима мато, кўрпа, тўшак, ёстиқ, чойшаблар, қурувчилар қўлқопи, автоёпинчиқ, чўтка каби халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилади. Айни пайтда бу корхоналарда 80 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг 54 нафари кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслардир. Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб ЎзКОЖ Косон ўқув-ишлаб чиқариш комбинатида сабзавотлар етиштириш ҳам йўлга қўйилди.

Бу ҳақда вилоят 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида бўлиб ўтган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлимининг II пленумида айтиб ўтилди.

Унда кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими бошқаруви раиси Ҳақназар Пўлатовнинг 2019 йил 1 апрелдан 2021 йил 1 апрелга қадар бўлган муддатда  олиб борилган ишлар  бўйича ҳисоботи тингланди.

Пленумда имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган қўшимча иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, давлат харидлари  йўналишидаги лойиҳалар ва маданий-маърифий ташаббусларни амалиётга тадбиқ этиш каби масалалар кўриб чиқилди. Жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатлари борасида таклифлар билдирилди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, энг яхши тажрибаларни оммалаштиришга келишиб олинди.

Пленум якунида жамият аъзоси Умар Қурбонов 2-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва жамиятнинг Қарши шаҳар бўлинмаси раиси Эркин Омонов “ЎзКОЖ аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тадбир доирасида, шунингдек, Нишон туманилик Феруза Раҳмонованинг Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими бошқаруви хайрия лойиҳаси доирасида чоп этилган “Соғинч оҳанглари” китоби тақдимоти ўтказилди.

Ш.БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!