Меню
Қашқадарё
Ўқимаган одамларга ҳужжат тайёрлаб беришга ваъда берди
Деҳқонобод туманида яшовчи С.Р. икки нафар фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилиб, уларнинг 4 миллион сўм пулини ўзлаштирган. Бу ҳақда туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Мирзаевга таяниб туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мустақиллик маҳалласида яшовчи 63 ёшли Гулавад Жумаеванинг туман ИИБга мурожаатида ёзилишича, 2020 йил апрель ойида Аэродром маҳалласида яшовчи 64 ёшли С.Р. “Ватанпарвар” ўқув-спорт техник клубида ишлашини айтиб, “Карантинда ўғли Исмоил Сувонов ўқув курсида ўқияпти” деб ҳужжат тайёрлашини ва ҳайдовчилик гувоҳономаси олиб беришга ваъда берган. Эвазига эса 2 миллион сўм пул сўраган. Айни пайтга қадар ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, С.Р. фуқаро Султонмурод Холназаровдан ҳам ҳайдовчилик гувоҳонмаси тайёрлаб бериш эвазига 2 миллион сўм пул сўраган ва алдаб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Айтиш ўринли, мазкур модда билан айбланган фуқаронинг айби исботланса, у базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.