Меню
Қашқадарё
ҲИЛПИРАБ ЭМАС, ҲИЛВИРАБ ТУРГАН БАЙРОҚ: ДАВЛАТ РАМЗИГА ҲУРМАТ ШУМИ?
Фотонигоҳ
Ёзувчи Тоҳир Малик суҳбатларидан бирида "Китобхонлар менга: "Жиноятчилар, мафиозлар ҳақида кўп ёзасиз. Улардан қўрқмайсизми?" деб савол беришади. Айтаманки: "Қўрқмайман. Чунки улар китоб ўқишмайди", деган эди ҳазил-чин аралаш.
Бунинг акси ўлароқ, бизнинг танқид қилинаётган масъуллар газета ўқимаслигидан хавотиримиз бор. Чунки бир масала юзасидан бот-бот чиқишлар бўлиб турса-да, муаммони ҳал этишлари тугул ақалли бир қайрилиб қараб қўймасликлари кишини ҳайрон қолдиради. Чамаси улар ҳам газета-журнал ўқишмайди, ўқимагандан кейин билмайди, билмагандан сўнг ҳамма ишимиз бадастир, деб юраверишади. Аслида эса...
Биласиз, кейинги йилларда бошқа соҳалар қатори ички ишлар тизимида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида профилактика инспекторларига ўзи фаолият кўрсатадиган маҳаллада хизмат уйлари қуриб берилди, имтиёзли кредит асосида автомобиль харид қилишларига шароит яратилди. Одамлар куннинг исталган қисмида - тонг-азонми, ярим тунми, бемалол, давлат идорасига мурожаат қилгандек келиши учун "участковий"ларнинг уйи тепасига давлат байроғи қўйиладиган бўлди.
Ваҳоланки, байроқ, герб каби давлат рамзлари доимий жойлаштириладиган муассаса ва идоралар қонунда аниқ белгилаб қўйилган ва улар қаторида профилактика инспекторларининг хизмат уйи кўрсатилмагани ҳақида аввал ҳам бир неча марта таъкидладик, модомики, "участковий"лар хизмат уйларига байроқ ўрнатилаётган экан, шу бизга керак ва фойда келтираркан, бу "Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида"ги Қонунга тиркаб қўйилса кифоялиги ҳақида жамоатчилик назорати сифатида чиқишлар қилдик.
Аммо Сенатнинг неча-неча ялпи мажлислари ўтиб кетдики, на бир депутат, на бир сенатор бу борада таклиф киритмади. Қолаверса, ички ишлар тизимида ҳам айни масалага ҳуқуқий баҳо бериш бўйича айтарли ташаббус сезилмади.
Ҳа энди, "участковий"нинг уйи тепасида байроқ турса турибди-да, шунга ота гўри қозихонами, дерсиз. Гап шундаки, давлат мустақиллиги ва суверенитетининг рамзи, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланадиган байроғимизни барча фуқаролар, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар ҳам ҳурмат қилишлари шарт - қонунда шундай белгиланган.
Сиз суратда кўраётган байроқ эса Қарши туманидаги Мевазор маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи профилактика инспекторининг уйи юқорисига қўйилган. Тўғриси, байроқнинг об-ҳаво таъсиридаги абгор ҳолатини кўриб, ачиниб кетасан киши: давлат рамзига, мустақиллигимиз тимсолига бўлган ҳурмат шуми? Мато кирланиб, намгарчилик таъсирида бир бурда бўлиб ҳилвираб турибди...
Энди бир ўйлаб кўрайлик-да: бордию, қонун билан барча фуқаролар уйи тепасига байроқ ўрнатиш белгилансаю, қай бир сабаб билан байроқ абгор бўлиб ётса, тегишли ходимлар жаримани қурутдай санаб олишни бир зум бўлсин кечиктиришармиди?
Хизмат уйига байроқ ўрнатилиши бирор ҳужжатда акс этмагани билан унга бўлган ҳурматсизлик учун жавобгарлик мавжуд. Шундай экан, профилактика инспекторлари ҳам давлат байроғига ҳурматсизлиги бадалини жарима тўлаб узишлари керак ва қайтиб бундай хатога йўл қўймасликлари зарур. Ҳар ҳолда давлат байроғи - бир парча аллақандай мато дегани эмас...
НАСРИДДИН