Меню

Қашқадарё

21.01.2020 2431

ИЛОН ШЎРВА ҲАЛОЛМИ?

Инсон ва дин

Кишилар орасида турли касалликларга даво деб илон шўрва истеъмол қиладиганлар ҳам учрайди. Айримлар бундай егулик эркак кишига қувват беради, деган фикрда. Хўш, илон шўрва ҳалолми ўзи? Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати бунга қуйидагича муносабат билдирди:

- Аксарият фиқҳий манбаларимизда турли хил ер усти ва остида яшайдиган ҳашаротлар, судралиб юрувчилар қатори илонни ҳам ейиш ҳаром эканлиги айтилган. Сабаби, Аллоҳ таоло пок нарсаларни ҳалол қилган ва инсон табиати жирканадиган нарсаларни ҳаром қилган.

Бу мавзуда Имом Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: "Аллоҳ таоло: "Уларга жирканч нарсаларни ҳаром қилади",  дейди. Қурбақа, қисқичбақа, илон ва шунга ўхшаганлар жирканч ҳайвонлардан ҳисобланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбақанинг ёғини дорига қўшиш ҳақида сўралганда, уни ўлдиришдан қайтардилар. Бу уни  ейишдан қайтаришдир. Ривоят қилинишича, у зот алайҳиссолату вассаламдан қурбақа ҳақида сўралганда: "Жирканч ҳайвонлардан бири", деганлар" ("Бадоиъус саноеъ" китоби).

"Баҳрур роиқ" номли китобда шундай дейилади: "Ҳасан ибн Али раҳимаҳуллоҳдан: "Моҳир табиб, касалликни даф қилади, деса, илон ва типратикан ейиш ёки таркибида илон бўлган дори истеъмол қилиш ҳалол бўладими?" деб сўралди. У киши: "Йўқ, ҳалол бўлмайди", деб жавоб бердилар".

Демак, илон шўрвани ичиш ҳалол эмас. Эркак кишига қувват берадиган дори-дармонларни эса ҳалол нарсалар ичидан излашимиз керак. Тиббий мавзуда ёзилган китобларни ўқилса, жуда кўплаб табиий ҳалол озиқ-овқатлар тавсия қилинган. Қолаверса, соғлом турмуш тарзи, ибодат натижасида пайдо бўладиган руҳий хотиржамлик, кўзни номаҳрамлардан тийиш, эр-хотин ўртасидаги кучли муҳаббат, спорт билан шуғулланиш,  умр давомида жинсий ҳаётни мўътадил ва узлуксиз давом эттириш, тўғри овқатланиш ва дам олиш, маст қилувчи ичимликлар ва тамаки маҳсулотларидан четланиш киши қувватини етарлича оширади. Валлоҳу аълам.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!