Меню

Қашқадарё

01.10.2019 1593

ИЛМГА ЙЎҒРИЛГАН УМР

- Ўғлим, вақтинг борми, ўқитувчимни кўриб келсак? Табаррук одам, ёшлариям тўқсондан ошаяпти.

- Вақтим бор. Олиб бораман, отажон, Язнан ака Қурбоновникигами?

Мақсадимни бирдан англаганини қаранг. Аслида фарзандларим ҳам шу ўқитувчимга бўлган ҳурматимни жуда яхши билишади. Оила даврасида у кишининг инсонийлик фазилати, педагогик маҳорати ҳақидаги хотираларни тез-тез эслаб тураман.

Хуллас, йўлга тушдик. Машина ғизиллаганча қишлоқ ва маҳаллаларни ортда қолдириб борар экан, беихтиёр хаёлимда бундан 65 йил аввалги хотиралар жонланади.

Ўша йиллари Шаҳрисабзда атиги иккита асосий мактаб бор эди. Бири шаҳар марказидаги Киров (ҳозирги Амир Темур) номли мактаб бўлса, Молотов (ҳозирги Ойбек) номли иккинчи мактаб Чоршанбе қишлоғида жойлашганди. Тумандаги олис қишлоқлар, ҳатто қўшни туманлардан ҳам кичик мактабда 7-синфни битирган ўқувчилар шу масканга келиб 10-синфгача таҳсил олишарди. Узоқдан келган ўқувчилар учун Чоршанбедаги масжид ётоқхона қилиб берилганди.  Язнан Қурбонов билан илк танишувим ҳам шундоққина қабристонга туташган, атрофлари  чангалзор қўноқда бўлган.

Ўшанда 1955 йил эди. 10-синфда ўқийман. Тонг ғира-шира ёриша бошлаган пайтда ётоқхонага бир киши келиб: "Сафга!", деб барчамизни уйғотди-да, худди аскарлардай сафга тизиб, далага бошлаб чиқди. 

Унинг буйруғи билан аввал роса югурдик, сўнг шарқираб оқаётган зилол сувда ювиниб, хонага қайтдик.

- Нонушта қилиб, дарсга боринглар, кейин танишамиз, - деди маъюс жилмайиб қўяр экан.

Ўша куни дарсда у киши ўзини таништирди. Киевда ҳарбий таълим мактабини битириб келган экан. Домла аввалига бизга ҳарбий таълим фанидан дарс бера бошлади, кейинчалик физикадан ўқитди.

Мана шу хаёллар билан бўлиб манзилга ҳам келдик. Қаршимда ўқитувчимнинг нуроний чеҳраси намоён бўлди. Ота-болалардек меҳр билан,  қучоқлашиб кўришдик.

- Қариб қолдим, ҳасса ҳамроҳлик қиляпти, - гапни ҳазилдан бошлади устоз.

- Яхшисиз, домла. Кўз тегмасин, кўринишингиз ўша-ўша, бизларни ўқитганингиздай. Ҳаммамиз ҳавас қилардик юриш-туришингизга.

Ҳол-аҳвол сўрашишдан сўнг суҳбатимиз ўша ёшлик йилларига кўчди.

- Домла, эслайсизми ҳар доим эрталаб келиб "Қани сафга" дердингиз, кейин ҳаммамиз бирга югурардик...

- Тўғриси, янги иш бошлаган кезларим шижоатим вужудимга сиғмас, ёниб ишлагим, ўзимни кўрсатгим келарди, - дейди домла олис йиллар хотираларини эсга оларкан. - Аммо у пайтдаги сиёсат бошқа эди. Ёзги таътилдан зўр шашт билан, ишни соғиниб мактабга қайтасан, лекин эртасигаёқ пахтага жўнатишади. Сўнг то қорли қишгача мактаб юзини кўрмайсан. Энди даладан қайтиб, дарсларни  бошлайман деганингда, томидан чакка тўхтамайдиган, деворлари тўкилиб бораётган мактаб биносию, муздек синфхоналар қарши оларди. Совуқ қиш кунлари бу мактабга кўпчилик ота-оналар фарзандини юбормас, баъзида эса ўқувчиларнинг совуқда музлаб қолмаслиги учун уларни ўзимиз уйига жўнатишга мажбур бўлардик...

 Шуларни ўйлаб, бугун давлатимиз томонидан ўқитувчиларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, илмга, таълимга қаратилаётган эътибордан кўнглим тоғдек юксалади. Кўплаб шогирдларим, фарзандларим, невараларим шу соҳада   фаолият юритмоқда. Уларга ҳар доим айтаман: мана, ишланг, ўзингизни кўрсатинг, элнинг, юртнинг олқишини олинг, сизда бунинг учун энди ҳамма имконият бор.

- Аммо мен ҳам нолимайман, - суҳбатни қўр олдиради домла. - Қанча маломатлар, югур-югурлар билан бўлса-да, мактабда директор бўлиб ишлаганимда муассасанинг янги биноси қурилишига эришдим. Кейинги бор фаолиятим мана шу мактаб билан боғлиқ - 35 йил шу ерда ишладим. Бу йиллар ичида мана шу даргоҳдан минглаб ўқувчилар учирма бўлди. Биргина шу мактабнинг ўзидан 13 фан номзоди, 3 нафар фан доктори, 1 академик чиққан. Яна бошқа соҳаларда юксак марраларни қўлга киритаётган ўқувчиларим кўп. Уларнинг ютуқларини кўриб, меҳнатларимиз бесамар кетмаганидан севинаман.

Атрофга разм соламан. Турфа анвойи гуллар, мевали дарахтлар, ишкомлар ҳовлига файз бериб турибди. Неваралари, қиз-келинлари домланинг хизматида парвона. Айвондаги айланма стол устида газета-журналлар, атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг "Асрга татигулик кун" романи. Домла физикадан дарс берса-да, бадиий китобларни жуда кўп ўқирди, ҳали ҳам китобга меҳри баланд. 

- Кексаликда нима ҳам қилардим, кўпроқ китоб ўқийман, - дейди у. - Аввал ўқиган асарларимни ҳам яна қайта ўқиб, олам-олам маъно оламан. Китобда, илмда гап кўп.

Домла билан суҳбатлашаяпману, ёши тўқсондан ошган, бир умр ўқитувчилик қилган, ўқиган, изланган бу инсоннинг ҳали-ҳамон илмга ташналигини кўриб лол қоламан. У яқинда ўқиб тугатган китоблари ҳақида мароқ билан сўзлайди, вақтли матбуотдан хабардор. Шунинг учун ҳам ҳамон тафаккури кенг, фикри тиниқ, суҳбати мароқли. Илм у кишининг суратига ҳам, сийратига ҳам ўзгача нур бахш этиб тургандек гўё.

Жаббор ХАЛИЛ,

ёзувчи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!