Меню

Қашқадарё

19.08.2017 2890

ИЛМ НУРЛАРИНИ ТАРҚАТГАН ҚИШЛОҚ

Ёшлигимда ушбу қишлоқ ва у ердаги зиёратгоҳ ҳақида кўп бора эшитгандим. Яқинда Хўжа илм кони қишлоғига бориб, шу ерлик бир қанча ёши улуғ кишилар, мутахассислар билан суҳбатлашиб, бу ердаги меъморий обидалар тарихи билан янада яқинроқ танишишга муяссар бўлдим.

Дастлаб буюк бобоколонимиз ҳазрат Абдулбоқи Хожаги Имканагий қабрларини зиёрат қилдик. Эътиборимни тортган жиҳат, ул зоти шарифнинг  қабр тошларида "Орифлар султони", "Ҳақиқат таянчи", "Фақирлар мураббийси" сингари улуғ сифатлар  битилган экан.

- Ҳазрат Абдулбоқи Хожаги Имканагий ва унинг авлодлари ўз умрларини халқнинг илм-маърифатли бўлишига бағишлаган, - дейди халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди Китоб туман бўлими раиси Аҳад Бердиев. - Хожаги Имканагий тасаввуф тариқатининг йирик вакилларидан бири бўлган. Шу билан бирга устозлик мақомида ҳам жуда    катта обрў қозонган. XVI асрда бу ерда Шарқдаги  йирик тасаввуф илми марказларидан бири  фаолият юритган. Марказда диний илмлар билан бир қаторда дунёвий  фанлар  ҳам  ўқитилган. 

Эътиборли томони, ҳазрат Хожаги Имканагий кишиларни ҳеч қандай      тоифаларга ажратмасдан, уларга бирдек билим улашган. Ундан кейин ҳам қишлоқ илму маърифат масканига айланиб    қолган.

Дарҳақиқат, қишлоқда илгари бир қанча мадрасаю масжидлар бўлиб, улар илми толибларга хизмат қилган экан. Ўтган асрнинг 40-йилларида бебаҳо маънавиятимизга бўлган таҳдидлар натижасида ёдгорликлар вайрон этилиб, ғиштлари ташиб кетилган ва  заводлар қурилишига ишлатиб  юборилган. Ҳозирда баланд тепалик устида қурилган салобатли хонақоҳ эса ўша талотўплардан омон қолган ягона меъморий иншоотдир.

Маълумотларга кўра, бу обида 1601-1602 йилларда қурилган. Тўртбурчак  шаклдаги 24х20 метр ўлчамдаги хонақоҳнинг баландлиги 21-22 метрлар бўлиб, усти ясси гумбаз билан ёпилган.

Хонақоҳ ёнида жойлашган  сағана мусулмон оламидаги энг  катта қабрлардан бири ҳисобланади. 12х12 метр ҳажмдаги мармар тошлардан қурилган қабрда шайх, олим, тасаввуф тариқатининг йирик намояндаларидан бири, пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в.)  авлодларига мансуб  ҳазрат Абдулбоқи Хожаги    Имканагий ҳамда ўғиллари Мавлоно  Хожаги Абулқосим дафн этилган.

Хўжа илм кони  қишлоғидаги машҳур қадамжолардан яна бири хонақоҳдан бироз пастроқдаги улкан бобочинор бўлиб, Марказий Осиёда ягона саналган  ушбу табиат мўъжизаси  олимларнинг фикрича 1200 йилдан бери яшнаб турибди. Чинорнинг  ичида табиий равишда ковак ҳосил бўлиб, унинг ичига 35-40 киши бемалол сиғиши мумкин.

Чинор тарихига оид кўплаб ривоятлар ҳам Хожаги Имканагий билан боғлиқ. Айтишларича, Шайбоний ва Аштархоний сулоласи ҳукмдорлари алломани ўзларига устоз - пир билиб, дуоларини олишган. Бир сафар Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II ҳам ул зотнинг ҳузурларига келган. Мавлоно Хожаги Имканагий эса ҳукмдорни ана шу чинор ковагида қарши олган, ҳукмдор бу зотни ўзига пир тутиб, эҳтиром кўрсатган экан.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг маданий бойликларини асраб-авайлаш, улуғ авлиёларимиз ётган манзилларни ободонлаштириш борасида олиб борилган ишлар натижасида мазкур мажмуа ҳам янги қиёфа касб этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги "2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Хўжа илмкони      хонақоҳ зиёратгоҳи ҳам қайта таъмирланиб, гўзал мажмуага айлантирилди. Бугунги кунда бу ерга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан зиёратчилар келишмоқда.

Сафардан қайтар эканман, улкан   чинордек улуғвор, теран  ва ҳеч қачон унутилмайдиган, ҳар бир ўзбекнинг қалбида, шуурида, руҳида  мужассамлашган ўзлигимиз, буюк тарихимиз борлигидан фахрландим. Бу тарихни асраб-авайлаш, тарғиб этиш ва келгуси авлодларимизга ҳам ўз ҳолича етказиб бериш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Фотима ЖАББОРОВА, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!