Меню
Қашқадарё
ИЛМ ҚИДИРИШДАН БИР ҚАДАМ ҲАМ УЗОҚ БЎЛМА
Ёшларга унинг тасаввуфга оид қарашларини, нақшбандия тариқатининг намояндаларидан эканлигини англатиш бугун ғоятда аҳамиятга молик ишлар сирасидан.
Манбаларда таъкидланишича, муҳаддис ўз эзгу ғояларини оғзаки тарғиб қилибгина қолмай, уларни асарларида шеърий талқинда ифодалашга ҳаракат қилган. Унинг бизгача етиб келган “Одоби тариқат”, (“Тариқат одоби”), ёки “Рисолаи васоё” (“Насиҳатлар рисоласи”), “Рисолаи соҳибиййа” (“Дўстлик ҳақида рисола”) шулар жумласидан.
Маълумот ўрнида: ушбу “Дўстлик ҳақида рисола”да Ғиждувонийнинг пири - Юсуф Ҳамадонийнинг ҳаёти ва умрининг сўнгига қадар бўлган вақеалар тасвири мужассамланган.
Унинг мазкур қўлёзма асари 1913 йилда эронлик олим Саид Нафисийнинг саъй-ҳаракати ва сўзбошиси билан Теҳронда нашр қилинган.
Аллома “Аз гуфтори Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний” (“Абдухолиқ Ғиждувоний айтганларидан”) рисоласи савол-жавоб тарзида тузилган бўлиб, ўн учта бобни ўз ичига олади. Қуйида тасаввуфга оид муҳим масалаларнинг баёни ва шарҳи ёзилган мазкур боблардан ҳаволалар келтирдик.
1-боб: ТАВБА ВА УНИНГ ШАРОИТЛАРИ ҲАҚИДА
Билгинки, йўлнинг боши тавбадир. Тавбанинг маъноси Худойи таъолонинг ризолигига хилоф бўлган ҳар қандай сўз ва феълдан қайтишдир. Чунончи, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда буюради: “Эй, иймон келтирган зотлар. Аллоҳга тавбаи насуҳ бирлан тавба қилинглар”. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Гуноҳдан тавба қилувчи гуноҳ қилмаган киши кабидир”.
Сўрадиларки, тавбаи насуҳ нимадур?
Шайх айтдилар: Тавбаи насуҳнинг учта белгиси бор: биринчиси шуки, нимаики Аллоҳнинг ризолигига хилоф бўлса, дарҳол ундан қайтишдир. Иккинчиси шуки, ғафлат билан, бефармонлик билан ўтган ва беҳуда зое бўлган вақтларига доимо пушаймон бўлишдир. Учинчиси шуки, қайта гуноҳ қилмасликка азм ва жазм қилишдир.
4-боб: ЗИКР ТАЪЛИМИ ВА УНИНГ ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА
Билгинки, зикр (ёдлаш) банданинг Ҳақ таолога муҳаббатидир. Ҳар банда Худони яхши кўрса, уни кўпроқ зикр қилади. Чунончи, Расул алайҳиссалом: “Кимки бирор нарсани яхши кўрса, унинг зикрини кўпроқ қилади”, дейдилар ва буюрадилар: “Ҳар бир нарсага сайқал берувчи бор, қалбнинг сайқалловчиси эса Аллоҳнинг зикридир”.
7-боб: ЗУҲД ВА ТАҚВО ҲАҚИДА
Билгинки, бу йўлнинг юрувчиси бу дунёнинг ишларидан юз ўгириши, охират ишлари билан бутунлай машғул бўлиши лозим. Чунончи, Расулуллоҳ айтадилар: зоҳидлар охиратнинг подшоҳларидурлар.
Сўрадиларки, зуҳд нимадир?
Шайх буюрадилар: “Зуҳд уч ҳарфдан иборат бўлиб, ҳар бир ҳарфи бир маънога эгадир. “З”ни дунё зийнатидан, “Ҳ”ни ҳаводан, “Д”ни дунёдан олганлар”. Демак, мурид дунё зийнатларидан бутунлай юз ўгириши, ҳавони ўз қадамлари остида топташи, дунёдан эса бутунлай қўл ювиши керак. Аслида зуҳд шундайки, дунёнинг тамоми моли унинг қўлида бўлса ҳам, дилида бу молу дунёга заррача меҳр қўймайди. Бундай киши етук кишидир. Унинг моли диндур.
9-боб: ДИЛНИНГ САЛОМАТ БЎЛИШИ ҲАҚИДА
Билгинки, дилнинг саломат бўлиши Ҳақ таоло рози бўлмаган нарсалардан узоқ бўлишки, эртага соғлом дилдан ўзга ҳеч нарса ёрдам бермайди. Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: “Инсон жасадида бир парча гўшт бор, агар у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади, агар у бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади. Огоҳ бўлингки, бу дилдир”.
Сўрадиларки, бемор дилнинг давоси нима?
Шайх буюрадиларки: “Унинг давоси шуки, уламоларнинг суҳбатига интилади. Уларнинг хизматида туради. Уларнинг айтганини қабул қилиб, машойихлар ҳузурида бўлади. Шундагина унинг дилидан дунёга бўлган муҳаббат кетади”.
10-боб: САБР ВА РИЗО ҲАҚИДА
Билгинки, сабр нафс (жон)ни ҳавойи (яъни эҳтирос)лардан тиймоқдир. Чунончи, Худойи таоло буюради: “Пайғамбарлардан бўлган азм эгалари сабр қилгани каби сабр қилгин”. Пайғамбарлар балоларга сабр қилганлар.
Сўрадиларки, сабрли банданинг аломатлари қандай?
Шайх буюрадилар: “Аломати учтадир. Биринчиси халқдан унга заҳмат етса, бунга эътибор қилмайди, ҳеч кимга айтмайди, чунки айтиш Ҳақ таолодан шикоят қилишдир. Иккинчиси, кўнгилда ҳам эътироз қилмайди. Учинчиси, бадавлат киши моли билан қандай фахрланса, у бошига келган балога шундай фахрланади”.
Шайх буюрадилар: “Ризо бу – шодликдир, яъни Ҳақ таоло томонидан балолар ва кулфатлардан нимаики етса, бунга хушнуд бўлади. Ва кўнглимиз бу балоларга қарши эътироз қилмайди, чунки, балолар дўстдан келгандир”.
11-боб: МУҲАББАТ ВА САДОҚАТ ҲАҚИДА
Билгинки, дил ибодати муҳаббатдир. Чунончи, Расулуллоҳ айтадилар: “Кимки Аллоҳнинг Расулини севса, Аллоҳ ҳам уни севади”. Уйқу Аллоҳ дўстларига ҳаромдир.
Сўрадиларки, муҳаббатнинг асл ҳақиқати нимадир?
Шайх буюрадилар: “Муҳаббатнинг ҳақиқати шундаки, маҳбубнинг муҳаббати муҳибга нисбатан шу даражада ғалаба қиладики, унинг барча сифатлари маҳбубнинг мушоҳадасида бутунлай фоний бўлади ва муҳиб учун ўзининг сифатларидан ҳеч бир хабар қолмайди. Маҳбубдан муҳибга етган ҳар қандай аламу заҳмат унинг учун улуғ туҳфага айланади”.
13-боб: ШУКР ВА ТАВАККУЛ ҲАҚИДА
Билгинки, неъматларнинг шукри шундайки, бу неъматлар учун Аллоҳнинг фармонларига амал қилишда осий бўлмайди.
Сўрадиларки, таваккул нимадир?
Шайх буюрадилар: “Таваккул шундайки, барча ишлардан банда чораю тадбирни тарк қилади, ўз ишларининг чорасини Аллоҳга топширадики, кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳ уни ҳимоя қилувчидир”.
“Тақвони ўзингга шиор қил”, дейдилар Шайх Абдухолиқ. Шунинг учун айтадилар: тақводор шундай кишики, ўзини ёқимсиз нарсалардан ва маъсият ишлардан гўё тиканзорга кириб қолиб, ўз бадани ва либосларини тиканлардан асрай оладиган одамга ўхшаган кишидир.
* * *
Ўз аҳволингга муроқабат (кузатиш) қилувчи бўл.
* * *
Ота ва онанинг ҳақини адо қил.
* * *
Илм қидиришдан бир қадам ҳам узоқ бўлма.
* * *
Агар суҳбат қурсанг, оддий фақирлар билан суҳбат қур ва хилватни ўзингга мулозим тут.
* * *
Ҳалол егинки, ҳалол яхшиликларнинг калитидир. Ҳаромдан қочгинки, Ҳақ таолодан узоқ тушмайсан.
* * *
Сафар қилишни ўзингга лозим тутки, нафсинг хор бўлади.
* * *
Бировнинг мақтовига учма, биров сени ёмонласа хафа бўлма, халқнинг мақтову ёмонлаши сен учун бир хилда бўлсин.
* * *
Халқ билан чиройли муомала қил.
* * *
Яхши ёки ёмон ҳолатларнинг барчасида одобли бўл ва барча халққа марҳаматли бўл.
* * *
Билгинки, ризқ мақсумдир.
* * *
Жувонмард бўл ва Худойи таоло сенга нимаки берса, ўзгаларга ато қил.
* * *
Бахиллик ва ҳасаддан узоқ бўлгинки, бахил ва ҳасадчи дўзах оловида бўлади.
* * *
Зоҳирингга оро бермагинки, зоҳирга оро бериш ботинни хароб қилади.
* * *
Зарурат бўлмагунча оғзингни очма.
ДИЛФУЗА тўплади.