Меню

Қашқадарё

28.01.2017 2089

ИЛМ-ФАНГА ЭЪТИБОР ЮКСАЛМОҚДА

Республикамизнинг эртанги тараққиёти учун муҳим бўлган ушбу учрашувда мамлакатимиз раҳбари иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини таъминлаш академик илм-фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини кучайтириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш ва бошқаришни такомиллаштириш, фан-таълим соҳаси кадрлари салоҳиятини мустаҳкамлашда интеллектуал салоҳиятдан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида маъруза қилди.

Маърузани тинглаб, бугунги  жамиятимиздаги соғлом кучлар бўлган юксак истеъдод ва тафаккур соҳибларининг ақлий салоҳиятини Ватан истиқболи сари йўналтириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, юртдошларимизнинг илмий-маънавий камолотини янада юксалтириш, аждодларимиз томонидан асрлар мобайнида яратилган бебаҳо илмий-маданий меросимизни янги асосларда, давр талабига мос равишда тараққий эттиришга ҳисса қўшиш илм-фан аҳлининг доимий масъулиятли вазифаси бўлиб қолиши лозимлигини яна бир бор чуқур англадим.

Бугунги замон, жамиятнинг жадал ривожланиши йўналишлари барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичларга кўтаришни талаб этмоқда. Зотан, жамият ривожи учун хизмат қиладиган кўплаб долзарб масалалар илм-фансиз ўз ечимини топа олмайди. Шунинг учун ҳам учрашувда мазкур соҳани ҳамда олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор  вазифалардан эканлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, ҳар бир мамлакатнинг эртанги ривожи кўп жиҳатдан унинг олиму фозилларига боғлиқ. Тарихга мурожаат этадиган бўлсак, маърифатли ҳукмдорлар илм-фан кишиларига алоҳида рағбат кўрсатгани, уларнинг фаолияти учун етарли шарт-шароит яратиб беришга аҳамият берганликлари ҳақида кўплаб мисолларни топиш мумкин. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур илм аҳлини доимо қўллаб-қувватлаган, ўз фаолиятида уларнинг маслаҳатларига таянган. Олимларнинг давлат, салтанатнинг ривожидаги ўрнини тўғри англаб, юксак баҳолаган. Ана шу бобомерос анъаналарга мувофиқ истиқлол йилларида илм-фан ривожига қаратилган юксак эътибор соҳанинг тараққий этишига туртки бўлди. Ривожланган давлатларда ёшларимизнинг таълим олишлари, мутахассисларимизнинг тажриба  алмашишлари учун кенг йўл очилди. Ёш олимларимиз, мутахассис ва тадқиқотчиларимиз турли нуфузли халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этаётир.

Бизда бундан кейин ҳам илм-фан тараққиётига эътибор юксак даражада бўлиши тайин. Зеро, қаердаки, илм-фан гуллаб-яшнаса, шу ерда ҳаёт юқори даражада ривожланади. Қолаверса, рағбат, эътибор ҳар бир кишини бор имконини ишга солиб ишлашга, ўзига билдирилган ишончга муносиб бўлишга ундайди. Ўйлайманки, олимларимиз, ёш тадқиқотчиларимиз давлатимиз раҳбарининг эътибор ва рағбатидан илҳом, куч олиб, бор илмий салоҳиятларини юртимизнинг эртанги тараққиёти учун сафарбар қилади.

Баҳодир ЭШОВ,

Қарши давлат университети профессори, тарих фанлари доктори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!