Меню
Қашқадарё
ИЛМ-ФАН ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ИНТЕГРАЦИЯСИ ЖАДАЛЛАШМОҚДА
Қарши давлат университетида бўлиб ўтган X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси ҳам фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси учун хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Унда вилоятимиздаги 3 та олий таълим муассасаси, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари, Тошкент шаҳри олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, илмий тадқиқот институтлари олимлари саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ва илм-фан каби йўналишларга оид 350 дан ортиқ инновацион ғоя, техник ишланмалар лойиҳаларини намойиш этишди.
Ярмарканинг очилиш маросимида таъкидланганидек, халқ хўжалиги тармоқлари ривожини илм-фан ютуқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мазкур соҳани ривожлантириш ва олимларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бу борадаги ишлар бугун изчил ва тизимли давом эттирилмоқда. Ушбу тадбир эса фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш асносида илмий фаолият натижаларини амалиётда муваффақиятли қўллашга қаратилган. Бу эса янги, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга кенг шароит ҳозирлайди. Бу галги ҳудудий ярмаркада таклиф этилган илмий ишланмалар ҳам бугунги давр нуқтаи назаридан долзарблиги ва мавзу қамровининг кенглиги, аҳоли, ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрлангани билан ажралиб турди.
- Ушбу ҳудудий ярмаркада иссиқхона шароитида зайтун кўчатларини кўпайтириш борасида олиб борган изланишларимиз самараларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этаяпмиз, - дейди Тошкент давлат аграр университети катта илмий ходими Эркин Жўраев. - Маълумки, мазкур ўсимлик истеъмол ёғи ва чорва озуқаси ишлаб чиқариш учун муҳим хомашё саналади. Сўнгги вақтда юртимизда зайтунзорларни барпо этиш, ҳудудлардаги иқлим шароитига мос зайтун навларини етиштириш, ишлаб чиқариш корхоналарини бу турдаги маҳсулот билан таъминлашни кенг ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Аҳамиятлиси, Қашқадарё тупроғи зайтун парвариши учун қулай. Ишимиздаги янгилик шуки, зайтун кўчатларини қаламчасидан кўпайтираяпмиз. Бундай кўчатлар уруғидан ўстирилган дарахтларга қараганда 4-5 йил эртачи ҳосилга киради. Бу изланишимиз вилоят деҳқон ва фермерларида катта қизиқиш уйғотди, кўчат етказиб бериш бўйича бир қатор келишувларга эришдик.
Сир эмаски, битум қурилиш саноатининг асосий материали саналади. Ундан асфальт йўллар қуришда, том ёпқич ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Асосан нефтдан олинадиган бу хомашёга талаб юқори. Қарши давлат университети олими таклиф этган технология қўнғир кўмирдан битум олишни кўзда тутади. Ишлаб чиқилган қурилма эса ўзининг самарадорлиги ва юқори сифатли маҳсулот олиш имконини бериши билан ажралиб туради. Лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ички эҳтиёжни таъминлаш имконини беради.
- Ишонч билан айта оламанки, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу ярмарка мен каби ёш изланувчи ва олимларнинг ўзини кўрсатиши учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси Нодира Комилова. – Мен бу форумда ўз лойиҳам билан биринчи марта қатнашаяпман. Бир неча йил давомида муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш устида иш олиб бордим. Вилоятимизда кўп учрайдиган геотермал манба - ер остидан чиқувчи қайноқ булоқлар эътиборимни тортди. Мазкур манбани иссиқхонани иситишда қўллаш имкониятини ўргандим. Натижада гелио-геотермал қиздиргичли ва бак-аккумуляторли иссиқхона-қуритгич иншооти лойиҳасини ишлаб чиқдим. Ушбу мослама қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни шу ернинг ўзида қуритишни ташкил этишга ихтисослашган. Иссиқхонада жойлаштириладиган иссиқлик аккумулятори икки хил режимда, яъни иситиш ва мевани қуритиш вазифасини бажаради. Бунинг учун зарур энергия махсус қурилма ёрдамида тўпланадиган қуёш нури ва геотермал булоқ ҳисобидан ҳосил қилинади. Бу конструкцияни ясашда содда жиҳозлардан фойдаланилади. Лойиҳамнинг асосий томони шундаки, бу технология асосида кўп миқдорда ёқилғи тежаб қолинади.
Қайд этиш ўринли, ярмаркада нефть-газ, тоғ-кон, кимё, қурилиш, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, экология, шаҳар ландшафти, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, таълим муассасаларида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳам соҳа мутахассислари диққат марказида бўлди. Хусусан, қурилмаларни масофадан туриб бошқариш, фаввораларни қатламли кўринишга келтириш, микросувўтлари асосида тўйимли озуқа еми қўшимчаси ишлаб чиқариш, маҳаллий чаканда ўсимлигидан мой ва шарбат олиш, сув сатҳи ва насос ускуналарини микроконтроллер орқали автоматик назорат қилиш, паррандачилик учун муҳим хомашё саналган соя ўсимлигининг чидамли навларини яратиш, чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган инновацион ғоя, ишланма ва лойиҳалар алоҳида эътиборга сазовор бўлди.
- Бугунги ярмарка ишлаб чиқаришда иштирок этувчи тадбиркорлар учун фойдали бўлмоқда, - дейди Китоб туманидаги "Элдорбек Аброржон Луқмонвич" фермер хўжалиги раҳбари Насиба Нурова. - Биринчидан, бу тадбир илм-фан янгиликларидан бохабар бўлиш, муҳим инновациялар билан танишишда катта аҳамиятга эга. Шу орқали илмий ҳамжамият вакиллари билан ҳамкорликка киришамиз, манфаатли шартномалар имзолаймиз. Ишлаб чиқаришимизда қўллаш мумкин бўлган, маҳсулдорликни оширишга хизмат қилувчи лойиҳалар менда катта таассурот қолдирди. Музокаралар натижасида қиймати 20 миллион сўмликдан зиёд келишувлар тузишга муваффақ бўлдик.
Ярмаркада фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, йирик саноат корхоналари вакиллари, тегишли муассасалар масъуллари ўзлари учун зарур ва истиқболли саналган илмий ишланмалар билан кенгроқ танишишди, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича томонлар ўртасида манфаатли шартномалар имзоланди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда: ярмарка фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.