Меню

Қашқадарё

23.06.2016 2673

ИЛДИЗЛАР ВА ЯПРОҚЛАР

- Келин-ууу, буёққа қаранг! Асқарингиз қани, ола келинг!

Унинг шу зайил чақириғига бирпасда бола-бақра, келин-кепчик тўпланди. Момо онасининг қўлидан чиқолмай уринаётган гўдакнинг оёқчалари орасидан кулча юмалатди. Ғилдираб кетаётган кулчани болалардан бири тутиб олди.

- Баракалла! Менинг неварам ҳам Асқар акасидай чопқиллабгина юрсин! Акалари, опаларига эргашсин, – ният қилди момо.

Кейинги кулча йўлдан ўтаётган ҳарбий кийимдаги басавлат йигитнинг насибаси экан. У эгилиб, нонни олди, момо тилак тилади:

- Илоё шу акангдай юртга посбон бўлгин!

Сони тоқ қилиб тайёрланган кулчалар бирин-кетин юмалайверди, эгалари тутиб олаверди. Гўдак гувранади, болалар шовқин солиб, кулишади. Сўнг кулчаларни бағирларига босиб, ҳар ёққа сочилиб кетишди. Гўдак ниҳоят онасининг қўлидан озод бўлиб, алпанг-талпанг юрганича, уларнинг ортидан эргашди.

Тупроқ йўлга яна бир из тушди...

* * *

Айвонда қалдирғоч вижирлайди.

Бобо ҳикоя сўзлайди:

- ...Ие, жонимни берай, Узун опа, сен янглиш эшитибсан, ари “Энг ширин гўшт одамники эмас, бақанинг гўшти экан, деяпти”, дебди қалдирғоч. Илон бу гапга ишониб, шундан бери фақат қурбақани овлайдиган бўлибди... Одамзод бўлса, қалдирғочга ўз уйидан жой берибди, қилган яхшилиги учун уни иззатлабди-да...

- Бобо, агар қалдирғоч шундай қилмаса, нима бўларди? – сўрайди кўзлари мунчоққина болакай.

Унинг ёнида ўтирган опаси шоша-пиша гап қўшади:

- Нима бўларди, одамларни илонлар еб қўярди-да! Шундай, а, бобожон?

- Балки, болам, балки... Хуллас, қалдирғоч – хосиятли қуш. Ҳамма уйга ҳам ин қўявермайди. Ҳар жойда ҳам яшайвермайди.

- Қандай жойда яшайди у бўлмаса? – саволлари тинмайди боланинг.

- Опа-укалар бир-бири билан уришмайдиган, кичиклари катталарининг айтганини қиладиган уйда яшайди. Тинчлик бор бўлган, аҳиллик ҳукм сурган юртда яшайди,  болам!

- Биз жанжаллашсак, қалдирғоч кетиб қоладими?

- Ҳа, болам! Дарров кетиб қолади.

- Ана, эшитдинг! – бидирлайди қизалоқ. – Энди менинг айтганимни қиласан. Бўлмаса...

- Хўп, қиламан! Маҳалладаги болалар билан ҳам уришмайман. Қалдирғоч кетмасин фақат...

Инидаги қанотли тарбиячи шодон вижирлайди.

Жажжи қалбда эзгулик ниш уради...

* * *

Дарвоза ёнида қовун ортилган эшакарава тўхтади.

- Ойи! Ҳандалакларни узиб келдик! – суюнчи сўраётгандек ҳовлиқди бола.

Ошхонадан чиққан она мамнун жилмайди.

- Жуда соз-да!

Ҳиди атрофга таралиб турган қовун ичкарига ташилди. Йўлдан ўтаётган кексагина киши боланинг отаси билан омонлашди:

- Ҳорманг, Неъматбой! Чошга барака! Ҳандалак пишибди-да!

- Умрингизга барака, амаки! Қани, келинг, бир тилим бўлса ҳам еб кетинг! – манзират қилди ота. Амаки тўхтади. Сўйилган ҳандалакдан еб, дуо қилиб кетди:

- Ҳосилига ўзи барака бериб, ризқу насибамизни зиёда қилсин...

Юмушдан қутулиб, энди ўйнагани чиқаётган болани онаси тўхтатди:

- Қани, манавиларни қўшниларга тарқатиб чиққин-чи! – у супа четида ажратиб қўйилган ҳандалакларга ишора қилди.

Бола тушунмайди:

- Нега берамиз уларга?

- Ҳосилнинг олди одамларга улашилади. Бобонг шундай қилганини кўрмаганмисан?

Бола ишга киришди. Бирпасда ҳамма қўшниларга қовун тарқатиб чиқди. Лекин супа устида биттагина ҳандалакни қолдирди. Онаси ажабланди:

- Нега бунисини бермадинг? Кимнинг ҳаққи бу?

- Бермайман! Тунов куни Ҳаким аканинг ўғли Мирза сариқ билан уришиб қолганмиз... У қизғанчиқ, велосипедида учай десам, бермайди. Менам унга қовун бермайман!

Онанинг қошлари чимирилди. Ҳандалакни олиб, ўғлини етаклади-да, икки уй наридаги қўшнисиникига йўл олди. Ҳовлига кириши билан ариқ лабида йиғлаб ўтирган бола – Мирзага кўзи тушди. У онасига шикоят қиларди.

- Дониёр ҳаммага ҳандалак бериб чиқди. Менга бермади...

- Ажаб қилади! Нега унга қизғанчиқлик қилдинг ўзинг?

Дониёрнинг онаси товуш берди:

- Ҳамсоя! Ҳу ҳамсоя!

- Вой, келинг, ҳамсоя! Келинг!

- Ҳандалак пишди, оғизларингиз тегсин... Мана, Дониёр ўртоғига илиниб, олиб чиқди.

У ҳамон қовоғини солиб турган ўғлининг елкасига туртиб қўйди. Дониёр истар-истамас қовунни ўртоғига тутди:

- Ма...

Мирза кўз ёшини артиб, қовунни олди. Онаси кулимсиради:

- Нима дейиш керак, ўғлим?

- Раҳмат, оғайни... – секингина деди бола.

- Арзимайди, - жавоб қилди Дониёр. Кейин отасидан ўрганганини қўшиб қўйди, - ош бўлсин!

Икки аёл бир-бирига қараб, жилмайди.

Супада икки нораста ҳандалакни ўртага олди...

* * *

 Айвонда ўтирган барваста чол ичкарига қараб қичқирди:

- Отавой! Ҳу отавой! Менга қаранг!

- Лаббай, буважон! – ичкаридан беш ёшлардаги бола югуриб чиқди.

- Дарсхонангизда кўзойнагим қолибди, келтириб беринг-чи...

- Хўп бўлади!

Бола ичкарига кириб кетди. Бобосининг товушини эшитиб, уйдан чиққан 8 ёшлардаги қизалоқ сўради:

- Нега укамни Отавой дейверасиз, бува? Исми Абдуназар-ку!

- Ҳа, исми шунақа, қизим! Укангга катта бобонгнинг, яъни менинг отамнинг исмини қўйганмиз-да! Ота исмига ҳурмат лозим...

- Ўртоқларим кулишаяпти-да, бува, “сен бувангнинг отасимисан”, деб... – суҳбатга қўшилди кўзойнакни келтирган Абдуназар.

- Ҳа, шундай, демадингизми отам? Худди шундай, мен бувамнинг отаси бўламан, дейверинг! Отамдай бўлсангиз, ёмонми, ўғлим?

- Нега ўзи менга отангизнинг исмини қўйишган, бува?

- Нега бўларди? Бувасига отасини эслатсин, ўзи кимнинг авлоди эканини билсин, деб-да, ўғлим! Отам раҳматлини ҳамма ҳурмат қиларди, “Абдуназар раис” деб аташарди. Кўпларнинг бошини  силаган, элга хайри теккан одам бўлганлар. Сиз ҳам шу бобонгизнинг йўлидан боринг, деб исмларини бердик. Шунинг учун ўша ўртоқларингизга тушунтиринг: мен катта бўлсам, яхши одам бўламан, халқимга фойдам кўп тегади, катта бобомдай бўламан, денг. Уқдингизми?

- Уқдим, бува!

- Баракалла!

Бобо кўнгли тўлиб, кўзойнагини таққанича, газета ўқишга тутинди. Невара кўчага йўл олди: ахир, ўртоқларига янгиликни айтиши керак-да!

Унинг қароқларида юрагида кўз очган ният порлайди...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!