Меню
Қашқадарё
ИЛДИЗ ВА ЯПРОҚ
Анча вақтдан буён момо яккаю ягона бўлган синглисидан ёдгор бўлиб қолган арзанда жияни ҳолидан хабар олиш илинжида юрарди. Шарофат момо жиянига ўзгача меҳр қўйган, унинг ўнг юзидаги майиздек келадиган холи эса онасига тортган эди. Жондай синглисини қумсаб соғинганиданми момо уйдаги ишларини барвақт саранжомлаб, дийдорлашиш учун набираси билан бирга меҳмонга отланди.
Авваллари тез-тез ҳолимдан хабар олиб турарди, дея хаёлга чўмди момо. Уни ҳам тушунса бўлади. Буёғи рўзғорчилик, катта оиланинг кенжа келини бўлиб тушган бўлса, кечаю кундуз ёши улуғ қайнонасининг дуосини олиб, хизматини қилиб юрибди...
Набираси йўл бўйлаб гоҳ момосидан илдамлаб кетар, гоҳо пойлоқчидек унинг ортидан изма-из борар, пана-пастқам жойга келганда бекиниб олиб бор шўхлигини намойиш этарди.
Чекка бир овлоқ йўл четида қаққайиб ўсган сачратқига набиранинг нохосдан кўзи тушдию, унинг очилган гулларига маҳлиё бўлиб қолди.
- Ҳой Бибижон, бу нима туриш, имилламасдан тез бўл, ортимдан қолма.
Бошида турнақуроқ нусхали дастурхони билан савлатли кўриниб турган момосининг ёнгинасидан дакки бериб ўтиб кетганига у эътибор ҳам қилмади. Гўёки эшитиб эшитмасликка олиб, сачратқининг ҳар бир бандида очилган митти гуллар чиройига мафтун эди.
Бибижон гул томон қўл чўздию, уни узиб олишга журъати етмади, негадир қўллари титраб кетди. Нақадар гўзал, ажойиб бўлмаса бу митти гуллар! Гулнинг ёнидан жилгиси келмасди. Ахир ҳовлисидаги мўъжазгина гулзорида шундай очилган гулга сира кўзи тушмаганди-да. Бўлмаса момоси билан ҳар кун гулларга сув қўйиб, унга парвона капалакларнинг шўх рақсидан ўзгача завқ туярди. Ўшанда “қўзмунчоғим, кўзимнинг оқу қораси” деб эркалаб суйган момоси ҳеч бир гулни уздиргани қўймасди.
- Нозик ниҳол гулни бандидан узиб бўладимия, қарагин буларнинг турфа хиллилигига, қараб дилинг яйрайди болам, сен ҳам ана шундайин гулга ўхшайсан. Асло ғунчалаган гул узилмайди, увол бўлади. Унга меҳр бериб парвариш қилиш керак. Шундагина у кўкка бўй чўзиб очилади, ўзидан хушбўй ифор таратади, - дея таъкидлашдан чарчамасди момоси.
Дабдурустдан бугун набираси ўзи учратган бу гулга шайдо бўлгани учун уни узиб олгиси келди.
Момо эса саратоннинг жазирамасига қолмасдан манзилга етиб бориш учун нафасини ичига ютиб ҳаллослаб, бир қўлини бошидаги тугунчасидан узмай йўлда давом этарди.
Бибижон сапчиб туриб қадамини тезлатди ва момосига ўша гул ҳақида сўзлай кетди.
- Вой, қизи тушмагурей, сен ҳам худди катта момонгга ўхшаб кетасан-а, раҳматли онам ҳам ўша сачратқи гулини яхши кўрарди. Унинг илдизидан малҳам тайёрлашда уста эди. Бунга ёшлигимда худди сен тенги пайтимда кўп бора гувоҳ бўлганман. Кимнидир тўсатдан бирор зарарли ҳашарот бўладими, илонми, чаёнми, ҳатто ари чаққанда онамиз шу ўтнинг илдизини янчиб, беморнинг оғриган ерига қўйганда шифо бўларди. Ана шунақа гаплар. Билиб қўй, лекин у ёввойи гул бўлсаям жуда фойдали. Бироқ бу гулни ўзинг истаб гулзорингда ўстиролмайсан. У ўзи истаган жойда ўсади. Ана шундай тантигина табиатнинг эрка гули у. Энди саволингни бермай тинч юр. Вақт ҳам ҳализамон пешин бўлиб қолади.
Гоҳ тупроқ, гоҳо тошлоқли баланд-пастликдан иборат йўлда шахдам бораётган момо манзил сари ошиқаркан, шу жимитдайгина қулоғига гап кирмас издошига ўзининг бор панд-насиҳатларини оҳисталик билан такрорлай кетди.
Набиранинг кўзлари севинчдан янада порлайди. Унинг шўхчанлиги тутиб, чуқур энтикиб нафас оладию, бор кучи билан олдинга интилганча йўл бўйи тергаб келаётган момосини ортда қолдириб, тўхтамасдан чопқиллаб кетди.
Момо эса набирасининг бу ғайратидан кўзида ёш олиб қўлини пешонасига соя қилганча бир фурсат унга унсиз қараб қолди. Ахир унинг бу қилиқларию серсаволлиги момосининг болаликдаги ажиб хотираларини жонлантириб юборганини набираси қайдан билсин.
ДИЛФУЗА