Меню

Қашқадарё

18.07.2017 3112

ҒИЛАЙЛИК ҚАНДАЙ КЕЛИБ ЧИҚАДИ?

- Ғилайлик (страбизм) – кўзнинг шундай ҳолатики, бунда кўрув ўқлари қаралаётган жисмда ўзаро кесишмайди. Кўриниши жиҳатидан кўз қорачиқлари ўнгга, чапга, тепага ёки пастга, баъзан аралаш ҳолатда намоён бўлади. Бу пайтда кўриш ўткирлиги пасаяди, иккала кўз орасида алоқа ҳамда кўзни ҳаракатлантирувчи мушакларда мувозанат бузилади. Ғилайлик ҳамма ёшдаги кишиларда учраши мумкин. Бироқ у ёш болаларда кўпроқ кузатилади. Касаллик туғма ва орттирилган турларга бўлинади. Ғилайлик фақат ташқи кўриниш муаммосигина эмас, балки боланинг кўриш қобилиятининг бузилиши ҳамдир.

Агар кўз бурун томонга қараган бўлса, яқинлашувчи ғилайлик, агар аксинча, чакка томонга қараган бўлса, узоқлашувчи ғилайлик дейилади. Ғилайлик бир кўзда ёки иккала кўзда ҳам бўлиши мумкин. Мактаб ёшигача бўлган болаларда кўз ғилайлиги йиғилувчан, катталарда эса ёйилувчан бўлади. Одатда ғилайлик ой-куни етмай туғилган болаларда кўп учрайди ва секин-асталик билан кетади. Кўпчилик ёш оналар бундан ташвишланади ва чақалоғининг кўз қорачиқлари тортишиб кетаётгани ҳақида шикоят қилишади. Мутахассислар эса уларга бу табиий, физиологик ғилайлик эканини тушунтиради. Чунки чақалоқ ҳали кўз олмасини бир тартибда ушлай олмайди. Бу ҳолат чақалоқларда икки ҳафта, баъзан бир ойгача давом этиб, кейин бутунлай ўтиб кетадиган жараёндир. Бу даврда онадан янада кузатувчанлик ва эътиборли бўлиш талаб этилади. Улар гўдакнинг ҳар бир ҳолатини доимий текшириб, қўллари орқали турли ҳаракатлар бажариб, фарзандининг кўриш қобилиятини аниқлаши мумкин. Шуни эсдан чиқармаслик керак-ки, чақалоқ икки ойлик бўлганидан сўнг бирор нарсага қараганда кўзи бир чизиқда туриши керак. Шундан бола кўзининг соғлом ривожланаётганини билиш мумкин. Агар ғилайлик узоқ вақт давом этса, кўз олмасини турли томонга айлантириб турадиган мушаклардан бири фалажланганидан далолат беради. Мабодо яхши ўсиб келаётган кўкрак ёшидаги чақалоқда ҳам ғилайлик сезилса, дарҳол шифокорга кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

Ғилайлик ҳаммада турлича бўлади. Айрим болалар яқиндаги нарсаларни яхши кўра олади, узоқдагиларни эса яхши пайқамайди. Бошқалари эса аксинча. Айрим ҳолларда боланинг кўз қорачиқлари бир-бирига яқинлашиб ёки бир-биридан узоқлашиши натижасида ҳам ғилайлик келиб чиқади. Мабодо бир кўз ёмон кўрсаю, иккинчи кўз ҳам шу тарафга бурилса, бундай ҳолатдаям ғилайлик пайдо бўлади. Бунда болани ёшлигиданоқ мутахассисга кўрсатиб, даволатиш яхши натижа беради. Болада ғилайлик узоқ вақт давом этса, дарҳол кўз шифокорига ва невропатологга мурожаат қилиш керак.

Ғилайлик сабаблари ўрганилганда, баъзан наслий мойиллик, қариндошларда ушбу касалликнинг учраши, ҳомиланинг она қорнида бирор касаллик билан зарарланиши, туғилиш вақтида боланинг димиқиб тушиши, туғруқ йўлида узоқ туриб қолиши ва бошқалар сабаб бўлиши аниқланган. Баъзан бош мия чайқалганда, бирор нарсадан кучли қўрққанда, урилганда, қон айланиши бузилганда, турли оғир кечувчи юқумли касалликлар билан касалланганда, кучли стресс, юқори иситма ҳам ушбу хасталикнинг юзага келишига туртки бўлиши мумкин.

Ғилайликка ҳар қандай шубҳа бўлганида тезроқ шифокор кўригига ёзилиш зарур. Ғилайликнинг даволаш самарадорлиги фақат шифокор ва унинг тавсияларигагина боғлиқ бўлиб қолмай, балки беморнинг ҳам даволаш жараёнида фаол иштирок этишини тақозо этади. Бунда бемор ва унинг ота-онаси шифокорнинг барча тавсияларини ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаши, белгиланган машқ ва муолажаларнинг барчасини сабр билан бажариши зарур.

Мавзуга оид

СМАРТФОНЛАР - ҒИЛАЙЛИК САБАБЧИСИ

Жанубий кореялик олимлар смартфондан кўп фойдаланиш болалар учун зарарли эканини эътироф этди. Нигоҳ доимий равишда кичик экранга қадалаверса, кесишувчи ғилайлик юзага келади. Одатда ғилайликнинг бу тури беш ёшгача бўлган болаларда ривожланади. Европада  айниқса, кўп учрайди. Чоннам миллий университети касалхонаси тадқиқотчилари 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 12 нафар беморни ўрганди. Уларнинг барчаси кесишувчи ғилайлик — нигоҳ бурун томонга қараб қоладиган ҳолатдан азоб чеккан.

Тадқиқот давомида болаларнинг барчаси смартфонларга тикилиб кунига 4-8 соат вақт сарфлагани аниқланди. Бунда кўздан экрангача бўлган масофа 20-30 сантиметрни ташкил этган.

Шифокорлар беморларга икки ой давомида смартфонлардан фойдаланмасликни тайинлади. Шундан сўнг 12 бемордан тўққиз нафари тезда соғайишни бошлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғилайлик ва кўриш қобилиятининг бузилиши билан боғлиқ бошқа муаммоларнинг олдини олиш учун смартфондан узлуксиз фойдаланишни чеклаш - гаджетга бир пайтда 30 дақиқадан кўп вақт ажратмаслик керак.

С.АЛЛАЁРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!