Меню

Қашқадарё

12.08.2017 1982

ИЛҒОР ТАЖРИБА ВА ЗАМОНАВИЙ ПРИНЦИПЛАР АСОСИДА

2017 йил 31 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги конституциявий Қонун инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг роли ва ўрнини янада ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Қонунга мувофиқ, Вакилга Конституциявий судга таклифлар киритиш, суд мажлисларида иштирок этиш ва ушбу мажлислар чоғида кўрилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш ҳуқуқи берилди.

- Қонун лойиҳасига киритилган 9 та янги модда Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишлари регламентациясига эришишга хизмат қилади, - дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Муродулла Нормуродов. - Хусусан, унда Омбудсманнинг қонунчиликни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, очиқликни таъминлаш, парламент назоратининг бошқа субъектлари, шунингдек, Конституциявий суд ва нодавлат нотижорат ташкилотлари    билан ҳамкорлик бўйича фаолиятининг асослари белгилаб берилган. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида Омбудсманнинг Олий Мажлис палаталаридаги йиллик ҳисоботини эшитиш муддатлари, минтақавий вакиллар мақоми, уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, жисмоний ва юридик шахслардан, жумладан, озодликдан  маҳрум этишга ҳукм қилинган, ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахслардан келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш тартиби қатъий белгилаб қўйилган.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси мазкур  соҳадаги энг асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат - БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюцияси билан тасдиқланган "Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи миллий муассасаларнинг мақомига тааллуқли принциплар (Париж принциплари)", шунингдек, илғор хориж тажрибасига асосланган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш давомида дунёнинг 44 та демократик давлати, шу жумладан, Европа иттифоқи, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, АҚШ, Канада, Мексика каби давлатлар тажрибаси ўрганилди. Муҳокамада фуқаролар, жамоатчилик ва илмий доираларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаси ombudsman.uz расмий сайтига жойлаштирилди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида таклифлар ишлаб чиқиш ва қонунчилик ташаббуси субъектларига тақдим этишга қарор қилинди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!