Меню

Қашқадарё

11.07.2017 1969

ҲИКМАТГА ЙЎҒРИЛГАН ДАЪВАТ

Бу гал ҳам шундай бўлди. Бизнинг ўрнимизга мазкур бепарволигимиз, унинг илдизлари, пировард натижаси тўғрисида мамлакатимиз Президенти бонг уришига тўғри келди. Шу йил 15 июнь куни мамлакатимиз пойтахти - Тошкент шаҳрида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш - давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Анжуман ҳақида ОАВда батафсил маълумот берилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Муҳими, анжуман вилоятлар, туман ва шаҳарларда ташкил этилган студияларда иштирок этганларга ҳам тўғридан-тўғри олиб эшиттирилди. Туман студиясида ўтириб, мамлакатимиз Президенти  томонидан ўртага ташланган ҳикматга йўғрилган таклиф ва мулоҳазаларни тинглар эканман, хаёлимдан ўтган фикр-мулоҳазалар таъсиридан анча вақтгача чиқолмай юрдим.

Гапнинг сираси, аксаримиз бундай тадбир ўтиши мумкинлигини етти ухлаб тушимизда ҳам кўрмагандик. Ҳолбуки, сўнгги юз йиллик мобайнида иймонимиз суст кетиб, муқаддас динимизга отилган қанчадан-қанча таъна тошларининг шоҳиди бўлмадик? Қанчамиз ислом арконларига бидъат тамғасини босишга хизмат қилмадик, мансаб курсиси ёки чўнтагимиздаги "қизил билет"дан ажралиб қолишдан қўрқиб, ҳатто ўз яқинларимизнинг таъзия маросимларида иштирок этолмадик, диний маросимлар ва муқаддас зиёратгоҳларимиздан юз буриб ўтдик. Масала шу даражага етдики, ўтган асрнинг 80-йилларида халқимизнинг кўп минг йиллик қадрияти саналмиш Наврўзга ҳам хурофот сифатида қараб, воз кечишимизга тўғри келди. Нафақат моддий, кўплаб номоддий маданий меросимизни унутишга ҳам сал қолди.

Ўз навбатида даъволарини ўртага ташлаб, томир отишга уринган ислом ақидапарастлигига ҳам вақтида жиддий эътибор қаратилмади. Нари борса бир-икки учига чиққанларига жазо тайинланди. Шу билан барча масала ечим топди, деган фаразга борилди. Аммо муаммо у ер-бу ерда қайта-қайта юз кўрсатаверди. Тўғри, халқаро терроризм ва унга кўр-кўрона эргашувчиларга нисбатан умумхалқ нафрати уйғонди. Бироқ бу билан тажрибасизлик, онгидаги маънавий бўшлиқ сабаб адашиб, ёт ғояларга эргашиб кетаётганлар оқими батамом тўхтатиб қолинмади. Чунки фаровон ҳаётимизни кўролмаётган душманларимиз назоратсизлик туфайли турмушнинг турли кўчаларига бош ураётган айрим ёшларимиз онгини асоссиз, пуч ваъдалар билан заҳарлаб, ҳамёнига арзимаган чойчақа тиқиб бўлса-да, ўз томонларига оғдириб олиш учун бизнинг "менга нима"чилик кайфиятимиздан фойдаланиб қолишдан бир дақиқа бўлсин, тўхташгани йўқ. Бунда уларга кўпгина ёшлар енгил ҳаёт, тез бойиш илинжида ноқонуний меҳнат миграциясини ихтиёр этишаётгани, билар-билмас турли ижтимоий тармоқларга бош суқишаётгани, етарлича диний билимга эга бўлишмагани қўл келаяпти.

Бугун жаҳон қалқиб турибди. Қайсидир мамлакатда бир бурда нонга зор болажонлар кўзини мўлтиратса, бошқасида инсон зоти сониялар ичида қисматига нима ёзилганини билмай жонсарак. Айниқса, халқаро терроризм деган балою азим нишини қадашга ҳозирлик кўраётган чаён мисол кутилмаган лаҳзаларда бош кўтариб минглаб бегуноҳ кишилар умрига зомин бўлаяптики, Аллоҳ ато этган умрингнинг ибтидоси қайда, интиҳоси қайда, баҳолашга ожиз қоласан. Ўргимчак тўри аталмиш интернет тармоғи бизга шунчалар кўп ахборотлар оқимини ҳадя этаяптики, қай бири рост, қай бири ёлғон, ажрим этолмай ҳалакмиз. Аммо бир нарса аён, шундай хабарлар оқимида сўнгги пайтларда "ўзбек миллатига мансуб", "ўзбекистонлик" деган даъволар учраб турибди.

Хўш, ўзбек номига доғ туширувчи бундай иймони суст кишилар қаердан пайдо бўлаяпти? Ахир Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк аждодларимиз ҳадис илмини кўкка кўтарган бўлишса, Марғиноний ҳазратлари шариат қонунларини тартибга келтирмадими? Нажмиддин Кубро, Ғиждувоний, Нақшбанд, Яссавий сингари алломаларимиз тариқат аҳқомларини яратган бўлса, Замахшарий бобомиз динимизнинг муқаддас китоби - Қуръони карим яратилган араб тилининг грамматикасига асос солмадими? Нега шундай улуғ мутафаккирларни вояга етказган буюк юртнинг фарзандлари ислом нурига хира соя ташлашга хизмат қилишлари керак? Бу элига, юртига хиёнат эмасми? Халқимиз даҳоси яратган ижод намуналарида хиёнаткор, ватанфуруш охир-оқибат хор бўлиши ибратомуз ҳикматларга жо этилган-ку! Юртбошимиз айнан шу воқеликларни ибрат қилиб кўрсатиб, дин пешволарига қарата:

«Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун  соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан.

Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга    мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг.

Агар маҳаллангизда бирорта бола зарарли диний оқимга кириб қолган бўлса, уни нотўғри йўлдан қайтаришга ҳаракат қилинг.

Аввало, улар билан гаплашиб, бу - ота-боболарнинг йўли эмас, бу йўлдан қайт, ҳақиқат мана бу ёқда, тинчлик ва эзгулик йўлидан бориб, ҳеч ким кам бўлмаган, деб уларни соғлом эътиқодга ишонтириш керак. Билим билан, ақл ва маърифат, намунали ишлар билан ишонтириш керак. Тарихдан, бугунги ҳаётимиздан олинган ҳаётий, таъсирчан  мисоллар билан инонтириш керак.

Бундай тарғибот, бундай ташвиқот сизларнинг қўлингиздан албатта келади", дея мурожаат этди.

Анжуманда Юртбошимиз томонидан "Ўз болангни ўзинг асра!" шиори ўртага ташланди. Халқимизда "Бир болага етти маҳалла бош" деган ибратли мақол бор. Аммо бу мақолга доим ҳам амал қилаяпмизми? Афсуски, йўқ! "Қайсидир қишлоқдан фалон киши экстремистик оқимга қўшилибди", деган хабарни эшитсак, ички бир қониқиш билан "Хайрият, бизда бундай ноқобил кишилар йўқ", деймиз. Лекин ота-боболаримизнинг "Қўшнинг тинч - сен тинч", деган мақоли борлигини унутиб қўямиз. Бу биз юқорида қайд этган оддий матодан қавилган кўрпа-тўшак пўртанадан омон қолишига ишониш кайфиятининг ўзгинаси эмасми? Бугун қўшни қишлоққа бурун тиққан ёт иллат эртага биз яшаб турган хонадонга соя ташламаслигига ким кафолат бера олади? ТВ орқали намойиш этилаётган ҳужжатли фильмларда кўпинча фарзанди экстремистик оқимга қўшилиб кетган ота-она, қўни-қўшни, маҳалла-кўй "фалончи бинойигина масжидга қатнаб юрганди, бундай йўлга кириб кетганини сезмай қолибмиз", қабилида баҳона келтиришларига шоҳид бўламиз. Қизиқ, кўз ўнгимизда юрган боланинг-ки кайфиятидаги ўзгаришни сезмас эканмиз, арзимаган чойчақа учун эндигина балоғатга етган фарзандимизни кўриб-билиб туриб хорижга ишлаш учун юбораётганимизда уларнинг қандай  кишилар таъсирига тушиб қолишини қаердан билар эдик?

Билимсизлик - энг оғир кулфат, у кишини ҳар мақомга йўрғалатади. Гапнинг очиғи, аксаримиз, айниқса ёшлар муқаддас динимиз тўғрисида етарлича маълумотга эга эмасмиз. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз раҳбарининг Самарқандда - Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада - Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода - Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда - Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи айни муддао бўлди. Эҳтимол умумий ўрта таълим мактаблари юқори синфлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқув режасига ислом арконлари, ҳадис илми ҳақида бирламчи тушунчаларни берадиган фан киритиш вақти келгандир.

Таълим ва тарбия эгизак жараён. Шу боис тарбияда таътил бўлмайди, деймиз. Бу иборанинг исботи сифатида ўз қарашларимни Юртбошимизнинг маърузасидаги нафақат уламолар, маҳалла фаоллари, ота-оналар, балки биз - халқ таълими ходимлари олдига ҳам улуғвор вазифалар қўйилган қуйидаги сўзлари билан якунлашни мақбул топдим:

"Бола ота-она қўлида бир омонатдир", дейди буюк алломаларимиз. Болаларимиз, уларнинг тақдири, келажаги ҳақиқатан ҳам жуда омонат эканини бугунги ҳаёт ҳар томонлама исботламоқда.

Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Биз, кўпинча болам мактабда, ўқишда ёки чет элда ишлаяпти, деб хотиржам юрибмиз. Лекин бизнинг бундай соддалигимиз, бепарволигимиздан душманлар маккорлик билан фойдаланмоқда. Бизнинг жону жаҳонимиз бўлган фарзандимиз душманлар қўлида қуролга айланиб қолса, бунинг учун аввало ким айбдор? Ўзимиз эмасми?

Шунинг учун мактаб, лицей ва коллежлардаги, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия, биринчи навбатда, давомат масаласига ниҳоятда жиддий эътибор беришимиз шарт".

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!