Меню
Қашқадарё
ҲИКМАТ МОМО ҲИКМАТЛАРИ
Ҳикмат момони шу яқин-орадаги қишлоқларда истиқомат қилаётган ёшу қари бирдек билади. Нега билмасин, ахир уларнинг тўй-тепчигида шу кайвони бош-қош бўлган. “Сизнинг уйингизда бир гул бор экан, бизнинг...” дея бошланиб, умр савдолашиладиган гурунгни очиш учун элчи қилинган одамда фаҳм-фаросат, дид бўлиши керак”, дейди момо совчилик удуми ҳақида гап кетса. Остонадан ҳатлаб кириши биланоқ, атрофга бир қур кўз югуртириб, хонадон эгаларининг рўзғор тутумига зумда баҳо беради. Дорда ёйилган кирдан тортиб, супурги турган жой биринчи имтиҳоннинг дастлабки масаласи бўлади. Момоси тушмагур суҳбатни олисроқдан олади. Ҳозирги ёшларнинг момосининг момоси ҳақида сўз очади-ю, кейин бу оиланинг қадимий удумларга бўлган муносабатидан воқиф бўлади. Гап орасида ўзига тегишлисини секин камзулининг бир учига “тугади”-да, қолганини сувнинг оқишига қараб бошқариб бораверади. Шунданми, ҳалигача борган эшигидан “қуруқ” қайтган эмас. Яна бир гап: ўзи бош-қош бўлиб бирлаштирган ёш оиланинг ҳаёти момонинг “темир дафтари”даги воқеаларни тўлдириб бораверади. То келинчак янги рўзғорга киришиб кетгунга қадар бир-икки бориб келади ҳам. Унинг ўткир нигоҳидан ҳеч бир нарса четда қолмайди. “Савобнинг катта-кичиги бўлмас, аммо мен совчилик қилиб бошлаган тақдирнинг иши узукка кўз мисол муносиб бўлмагунига қадар елкамда бир юк туради, болам. Шу ёшларнинг қувончини кўрсам, этагида боласи билан рўзғор ишларига уннаётган келинчакка кўзим тушса, бироз енгил тин оламан, узоғи билан суюнтирсин деб”, узун кўйлагининг узунгина енгини қўли билан сидириб сўзлайди у.
Момо ён-атрофидаги қизларни ҳадеганда кулиб-эркалайвермайди. Нима эмишки, қиз болани эркалатишда меъёр бўлиши керак экан.
- Эртасини ўйлаб шундай қиламан, - дейди у секин шивирлаб. - Қиз бола бировнинг хасми, ҳадеб кўнглига қараб эркалатилаверса, эртага куёвнинг уйига ҳам шу ўрганишларини кўтариб боради. Унинг ўзига яраша феълини ота-онаси кўтаради. Шунга қиз болани меъёрида севмоқ керак. Ахир, бу кўзмунчоқларнинг меҳри иссиқ, ризқи ярим-да...
Ҳикмат момонинг бундай ҳикматлари мўл.
- Қиз боланинг зийнати унинг қўлида, ҳунарида, чиройи эса ибосида, - уқтиради момо невара қизларини ёнига тўплаб. - Билиб қўйинглар, қиз боланинг қачон ётиб, қачон турганини биров билмаслиги керак. Ойдек ҳусни бўлсину, қуёш тепага келганда ҳам бошига кўрпа буркаб ухлаб ётса, зинҳор бу гўзаллик керак эмас-да...
- Қаранглар, мана бу сўзананинг номини “Танҳо” деб номладик оналаринг билан. Мана бу оташ ранглар қатида чамандай очилган гуллар ичида Ўзбекистон тасвирланган, болам! Нақши атай тугалланмаганида ҳам бир маъно бор, шу Кибриёхон ўргансин деган ният бор. Қара, игна-ип қўлингга қандоқ ярашиб турибди, попугим, – дейди Ҳикмат момо. Ҳа, қадимда закий момолар худди шундай қилишар экан, яъни йирик сўзана ёки палакни бошлашар экану, унинг бир четидаги гулни атай тикиб тугатмас эканлар. Шу ҳунаримни невара-чевара қизларим давом эттирсин, деган ният бўлган бу ишнинг тагида. Ҳикмат момо ана шу зукколарнинг авлоди-да...
Энди танидингизми момогинамни?!
Ҳикмат момо радио эшитишни хуш кўради. Гоҳида чиройли қўшиқ янграб қолса, қўшилиб хиргойи қилади: “...чаман ичра, боғ ичра” дея. Баъзан ранжиб қолган пайтлари ҳам бўлади. “Нима бало, бу радиогина ҳам алмойи-алжойи қўшиқларни айтадиган бўлди-а?! Бу айтгувчиларда инсоф йўқ экан-да, а, биргина “Ёнаман” деган сўзни йигирма марта айтса-я, сўзда қадр, қиммат қоладими, болам?! “Севаман”, “келмасанг, ўлиб қоламан” деган сўзларни бемалол қизлар айтиб, нола қилаётганига куясанми? Илгарилари айтилмоқчи бўлган маъно пардага ўраб, ширин қилиб айтиларди, “ёрнинг гули галди, ўзи галмади, ёр галмади” деб. Бу радионинг элаги йўқолиб қолган чиқар-ов, элаб-элаб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратса қани? Бу ёшларнинг диди шунга мослашиб қоладими, бети қотадими, деб қўрқаман-да, айланай”, дейди момо куйиниб.
Қайси куни денг, момоси тушмагур радио тинглаб ўтирса, “Об-ҳаво маълумоти. Республикамизда ҳаво очиқ бўлади, ёғингарчилик кутилмайди”, деб қолибди диктор қиз. Шунда момо радиони шарт жойидан олиб, деразага қўйибдилар-да, “Ёғингарчилик бўлмайди дейсанми, ана, қара, қизим, ҳовлида ёмғир ёғаяпти-ку, сен бўлса куппа-кундуз куни алдайсан-а!” дермиш. Буни кўрган невара қизлари роса кулишибди, шунда момо яна бўш келмай, “Ҳа, энди кўз кўзга тушмайди деб гапираверадими, бу қиз?!” дермиш...
Бундан икки ойлар олдин қўшни қишлоқда бир воқеа бўлибди. Тўйга бир неча кун қолганда икки қуда қизаришиб қолибди. Ҳа, нима эмиш, бўлғуси келин энг қиммат салоннинг тўй либосини кияман, деб оёқ тираб олганмиш. Куёв томон олиб бериши шарт эмиш-да. Буни эшитган Ҳикмат момо шарт отланиб, бўлғуси қудаларникига борибди. Бўлажак келиной билан ўн дақиқача гаплашиб, масалани ҳал қилиб чиқибди: куёв томон нима деса – шу! Бу ёқда гапни аланга олдираётган аммалар ҳайрон... Ҳикмат момодан бу ҳақида сўрашса “Буни келинойим момо бўлганда ҳикоя қилади, менинг ҳикматлигим шунда”, деб қўяди жилмайиб.
Момо тиниб-тинчимайди, эринмайди ҳам. Гоҳ қарасангиз, чақалоқни бешикка белаётган, гоҳ эса атак-чечак қилаётган гўдакка “оёқ кулча” қилаётган бўлади. Яна бир қарасангиз, “новвотдек ширин бўлсин” деб, ёш оиланинг чимилдиғини қоқаётган бўлади. Қайси куни Салима янгани ёнига чақириб, секин шивирлаётганини ўзим эшитдим:
- Бу қизингни кийиб чиқаётган кийимини ҳеч кўраяпсанми?
- Ҳа, шим кийганини айтмоқчимисиз, ҳозир замон шу...
- Майли, замонга йўявер, аммо айни ўсиши керак бўлган қизинг тор кийимлар ичида қисилмасин, яраштириб, мослаб кийсин.
Бу гаплар бошқаларга гоҳида ёқади, гоҳида йўқ. Аммо момонинг бори шу. Шарт айтади-қўяди. Қайси куни Ҳикмат момо мактабдан қайтаётган ўғил-қизларни тўхтатиб, мушоира қилдираётган экан. “Ким ғолиб бўлса, совғам бор”, деб болаларга галма-галдан шеър айттираяпти. “Шеър ёдлаган бола зукко бўлади-да”, дейди...
Баҳор-ёз ҳовлисининг бурчагидаги райҳону жамбил, ўсмани ўтов қилиб, бегона ўтлардан тозалашдан эринмайди. “Қошдан ўсмани айирмаслик керак, унда қошни ўстирувчи хусусият бор, энг кераги - юзга чирой бағишлайди. Ахир, онангни отангга бепардоз кўрсатма, деган гаплар бор, келинпошша...”
Ҳа, Ҳикмат момони танидингиз...
У, ахир, ўзимизнинг момомиз-ку!..
Гурунгига бир келинг...
Зиёда АМИНОВА, тележурналист