Меню

Қашқадарё

14.09.2017 1822

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ ҲАЖ САФАРИДАН ҚАЙТИШДИ

Шу йилнинг 8 сентябрь куни кечқурун ўзбекистонлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи Ҳаж амалларини адо этиб, юртимизга соғ-саломат қайтдилар.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда кекса авлод вакилларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, доимий ғамхўрликдан барча нуронийлар баҳраманд. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига янги замонавий уй-жойлар туҳфа этилиб, улар истиқомат қиладиган хонадонлар тўлиқ қайта таъмирлаб берилаётгани, даволаниш учун бепул йўлланмалар ажратилаётгани, автомобиль харид қилишлари учун имтиёзли сертификатлар берилгани бунинг  исботидир.

- Биз каби кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Президентимиз ғамхўрлиги билан Ҳаж зиёратига бориш бахтига муяссар бўлишди, - дейди Чироқчи туманидаги Додиқ ҚФЙ Ўртавуз қишлоғида яшовчи 93 ёшли уруш фахрийси Абдихолиқ Боймиров. - Маккаю Мадинадек табаррук жойларда юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини тилаб дуойи хайрлар қилдик. Шу кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога шукурлар айтдик. Юртимиз тинч,осмонимиз мусаффо бўлсин!

Ҳожиларнинг маълум қилишича, Макка шаҳридаги "ал-Ҳидоя" меҳмонхонасида ўзбекистонлик ҳожилар - Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига бағишлаб байрам тадбири ўтказилиб, тадбирга Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги мутасаддилари ташриф буюрган. Улар халқимизни истиқлолимизнинг 26 йиллиги билан самимий муборакбод этишган. Шу билан бирга тадбир сўнгида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган аждодларимиз ҳақларига Қуръони карим тиловат қилиниб, уларнинг руҳи ёдга олинган.

Таъкидлаш жоизки, шахсан Президент ва ҳукуматимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилган эҳтиром Саудия Арабистони жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида маҳаллий матбуот нашрларида қатор мақолалар эълон қилинди. Уларда Ўзбекистонда ислом дини ривожига катта эътибор қаратилаётгани, бу соҳада илмий-тадқиқот марказлари бунёд этилаётгани, мусулмонларга барча шароит яратилаётгани алоҳида эътироф этилган.

Ҳожиларимизнинг навбатдаги гуруҳи - 400 нафар киши 19-21 сентябрь кунлари тўғридан-тўғри Жидда шаҳридан Қаршига келиши кутилмоқда.

М.МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!