Меню
Қашқадарё
ИККИ СПЕКТАКЛЬ, ИККИ ЖАНР
Танлов
Вилоят мусиқали драма театрида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол талабалар театр студиялари” танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Унда вилоятимиздаги бешта олий таълим муассасасидан театр жамоалари иштирок этди.
Фестивални Қарши давлат университетининг “Зиё” талабалар театр студияси томонидан таниқли ижодкор Шуҳрат Ризаевнинг “Дискотека” пьесаси асосида саҳналаштирилган “Ҳаёт бўсағасида” деб номланган спектакли бошлаб берди.
-Бу йил вилоят босқичида бешта талабалар театр студиясининг иштирок этгани танловнинг нуфузи ва унга ёшларнинг эътибори ортиб бораётганидан далолат беради, - дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Аҳмадхон Маҳмудов. – Агар аввалги йиллари фақат икки олийгоҳ минтақавий босқичга чиқиш учун даъвогар бўлиб келганини эътиборга олсак, бу ажойиб янгилик. Маҳорат борасида эса ёшларда интилиш бор. Ўз ўрнида, камчиликлар ҳам йўқ эмас.
Якуний хулосаларга кўра, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Ниҳол” талабалар театр студияси томонидан саҳналаштирилган “Афандининг беш хотини” комедияси ва Тошкент кимё-технология институти Шахрисабз филиалининг “Замондош” талабалар театр студияси ижод маҳсули – “Миллат қайғуси” тарихий драмаси танловнинг Жиззах шаҳрида ўтказиладиган минтақавий босқичида қатнашишга муносиб деб топилди.
-“Ниҳол” талабалар театр студияси саҳналаштирган “Найман она қиссаси” асари 2017 йилда танловнинг республика босқичида “Энг яхши спектакль” номинацияси ғолиби бўлган, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Умирбек Тошниёзов. - Ўтган йили эса Акбар Бердиев “Энг яхши режиссёр” сифатида эътироф этилди. Бу йил ҳам яхши натижалар кўрсатишни мақсад қилганмиз. Энг муҳими, актёр-талабаларимизда иштиёқ ва маҳорат юқори.
Ҳаваскор актёрлар саҳнада ўз маҳоратларини тўла намоён этишга астойдил ҳаракат қилдилар. Танлов, ўз анъанасига мувофиқ, бир неча театр студияларининг янги юлдузлари ва истеъдодларини кашф этди.
А.МУРОДОВ
Муаллиф олган суратларда: “Афандининг беш хотини” комедиясидан лавҳалар.