Меню

Қашқадарё

06.10.2020 1661

ИККИ ҲОКИМ АҲОЛИДАН УЗР СЎРАДИ

Халқ депутатлари Касби тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳоким Тўхтамурод Мейлиев туман аҳлидан кечирим сўради.

Депутатлар, сектор, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этган сессияда туман ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра "қониқарсиз" деб эътироф этилиши ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари масалалари муҳокама этилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 майдаги "Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори билан бу борада аниқ баҳолаш тизими ишлаб чиқилди. Унга кўра, баҳолаш кўрсаткичларини  шакллантириш икки босқичда амалга оширилади. Яъни биринчи босқичда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини баҳолаш учун статистик кўрсаткичлар асосида баҳоланадиган қуйидаги 8 та устувор йўналиш белгиланган:

иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик;

меҳнат бозори самарадорлиги;

ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва сифати;

инфратузилмадан фойдаланиш имконияти ва унинг ривожланганлиги;

иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификация қилинганлиги;

ишбилармонлик муҳити сифати ва тадбиркорликни ривожлантириш;

молиявий мустақиллик, банк-молия соҳасининг ривожланиши;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлиги.

Иккинчи босқичда эса ижтимоий-иқтисодий аҳвол тасдиқланган методология асосида қуйидагиларни аниқлаш мақсадида алоҳида сўровлар ўтказиш орқали баҳоланади:

аҳолининг ижтимоий ўзини ҳис этиши ва турмуш сифати;

тадбиркорлар ва инвесторлар учун ишбилармонлик муҳитининг ҳолати;

жамиятнинг ислоҳотларга ишончи даражаси ҳамда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият институтларининг сифати.

Хабарингиз бор, жорий йил 24 сентябрь куни Президент раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда туман ва шаҳарлар "яшил", "сариқ" ва "қизил" ҳудудларга ажратилди. Унда ўтган йил якунларига кўра қатор кўрсаткичлар бўйича паст натижа қайд этилган Касби тумани "қизил" ҳудуд сифатида кўрсатиб ўтилди.

Сессияда Тўхтамурод Мейлиев туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида ахборот берди.

Унинг таъкидлашича, туманнинг "қизил" ҳудудга киритилишига баҳолашнинг асосий 8 та устувор йўналишидан 5 таси бўйича паст кўрсаткич қайд этилгани сабаб бўлган.

Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 125,1 миллиард сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 645 минг сўмдан тўғри келган. Туман бу кўрсаткич бўйича вилоятда 13-ўринда. Бунга ўтган йили ҳудудда мавжуд ягона йирик саноат корхонаси - "Касби пахта тозалаш" акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилги кўрсаткичга нисбатан 135,6 миллиард сўмга камайгани, яъни 67,2 фоизни ташкил этгани ҳам жиддий таъсир кўрсатган.

Ҳудудда хизматлар ҳажми 189,1 миллиард сўм ёки аҳоли жон бошига 976 минг сўмни ташкил қилиб, рейтинг кўрсаткичи 0,07 баллга баҳоланган. Бундай паст кўрсаткичга ўтган йили туманда хизмат кўрсатиш соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмаслиги сабаб бўлиб, бу борада вилоят бўйича 14-поғона банд этилган.

 Ўтган йилда туманда халқ хўжалигига йўналтирилган марказлашмаган инвестициялар ҳажми 448 миллиард сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 2,3 миллион сўмдан тўғри келган. Рейтинг бўйича бу йўналишдаги ишлар ҳам мақтанарли эмас.

Тумандан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган такрорий мурожаатлар сони 40 тани ташкил қилган.

Жумладан, ички йўлларни таъмирлаш бўйича 17 нафар, уй-жойини таъмирлаб беришни сўраб 12 нафар фуқаро такрор мурожаат этган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан ер майдони мақбуллаштирилган 11 нафар собиқ фермер хўжалиги эгалари ерлари қайтариб берилишини сўраб қилган мурожаатларига ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар томонидан берилган жавоблардан қониқмасдан қайта мурожаат этишган.

Умуман, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 1029 та мурожаатнинг 497 таси ёки 48 фоизи қаноатлантирилган.

Ҳоким сифатида ана шу кўрсаткичларни яхшилаб олиш бўйича қатъий иш олиб борилишини ваъда қилган Тўхтамурод Мейлиев сессия иштирокчиларига қарата: "Мен ҳамда барча сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари туманимиз ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда 2019 йил рейтинг кўрсаткичлари якунлари бўйича "қизил" ҳудудга кириб қолганлиги сабабли, сизлардан ҳамда сизлар орқали туман аҳолисидан кечирим сўраймиз", деди.

* * *

Худди шу масалага бағишланган туман Кенгаши сессияси Нишонда ҳам бўлиб ўтди. Бинобарин, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича ўтган йил якунларига кўра ушбу ҳудуд ҳам "қизил" тоифага киритилган.

Маълумотларга кўра, туманда аҳоли жон бошига тўғри келадиган экспорт миқдори 10 АҚШ долларини ташкил этиб, ҳудуд ушбу кўрсаткич билан вилоятда 14-ўринда жойлашган.

Туманда битта бўш иш ўрнига тўғри келадиган ишсизлар (ишга жойлашишга муҳтож шахслар) сони 26 нафарни ташкил этган. Натижада вақтинча ишлаш учун хорижга кетганларнинг иқтисодий фаол аҳоли умумий сонидаги улуши 20 фоиздан ортиб, бу борада ҳам вилоятдаги энг юқори салбий кўрсаткич қайд этилган.

Умумий инвестициялар ҳажмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 3,9 фоизни ташкил этган, холос. Ҳудудда рўйхатдан ўтган 757 та тадбиркорлик субъектининг 234 таси фаолият юритмаган ва тегишли органларга "ноль" кўринишда ҳисобот топширган. Улар фаолиятини тиклаш бўйича ўз вақтида етарли чоралар кўрилмагани маҳаллий солиқ тушумларига ҳам сезиларли таъсир ўтказган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган мурожаатларнинг 76 фоизи қаноатлантирилган. Такрорий мурожаатлар ҳам бор.

Сессияда туман ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов ана шу каби муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўриладиган чора-тадбирлар ҳақида депутатлар, сектор, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, журналист ва блогерлар олдида ахборот берар экан, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва қисқа фурсатда "қизил" тоифадан чиқариш учун барча имкониятлар ишга солинишини ваъда қилди, бунинг учун салоҳият етарли экани, аниқ режалар бисёрлигини таъкидлади. 

Шунингдек, 2019 йил рейтинг кўрсаткичлари якунлари бўйича туман ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида "қизил" ҳудудга кириб қолганлиги сабабли ҳоким  ўзи, барча сектор раҳбарлари,  ўринбосарлари номидан туман аҳолисидан кечирим сўради.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!