Меню
Қашқадарё
Икки мингта жиноят иши ҳужжатлари тўплами макулатурага "жўнатилди"
Россиядан Ўзбекистон томон йўлга чиққан юк машинаси юкхонасидан қарийб икки мингта жиноят иши ҳужжатлари тўплами топилди, дея хабар тарқатган Baza телеграм канали. Манба маълумотларига кўра, уларни Бошқирдистон полициячилари 7 минг рубль (тахминан 1 миллион 275 минг сўм) эвазига макулатурага бериб юборган.
Прессланган жилдлар ортилган юк машинаси Оренбург вилоятидаги "Сагарчин" чегара постида аниқланган. Унинг юкхонасида жами 1956 та жиноят иши ҳужжатлари тўплами бўлган.
Baza хабари бўйича, улар Уфадаги 3-сонли полиция бўлимига тегишли. Суриштирувчилар қоғозлар макулатура тўплаш билан шуғулланувчи "Экология РБ" компанияси томонидан Ўзбекистонга қайта ишлаш учун жўнатилганини аниқлаган.
Ҳужжатлари макулатура учун сотиб юборилган барча жиноят ишлари даъво муддати ўтганлиги муносабати билан тугатилган бўлган. Улардан учдан бир қисми бўйича тўпланган ҳужжатларни белгиланган тартибда йўқ қилиш, қолганлариникини эса архивда сақлаш кўрсатилган.
"Аниқланишича, жиноий ишлар ҳужжатлари тўпламларини полициянинг икки ходими - катта лейтенант Шарипов ва майор Файзулин макулатурага бериб юборган. Бунинг учун улар 7 минг рублдан сал кўпроқ ҳақ олган ва бу пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган", дейилади хабарда.