Меню
Қашқадарё
Икки йил аввал Brexit рўй берганди, энди эса Frexit кутилаяпти
Франция президенти Эммануэль Макрон партиясининг парламентдаги фракцияси аъзолари сони қисқариши мамлакатда Европа иттифоқидан чиқиш бўйича референдум ўтказиш ва унинг тарафдорлари учун ижобий натижа эҳтимолини оширди, деб ёзади Daily Express нашри.
Ўтган ойда бўлиб ўтган сайловларда Макрон хайрихоҳларини бирлаштирган "Биргаликда" иттифоқи парламентдаги 44 та ўрнидан айрилди ва шу тариқа вакиллик органидаги мутлақ кўпчилик мақомини ҳам йўқотди. Мухолифатнинг сайловлардаги муваффақиятли натижалари амалдаги президентга яна бир зарба бўлди - ўнгчи Марин Ле Пен ва сўлчи Жан-Люк Меланшон партияларидан рекорд кўрсаткичлар.
Энди Франция раҳбари бошқалар билан иттифоқ тузиши ёки ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича мухолифат билан келишиш зарурлигини англатувчи озчилик ҳукуматини шакллантиришига тўғри келади. Агар Макрон бу вазифани ҳам барбод қилса, уни "даҳшатли истиқбол" - муддатидан аввалги сайловлар кутаяпти.
"Бироқ президент ўзининг яқинда бўлиб ўтган парламентга сайловлардаги муваффақиятсизлигидан сўнг Frexit босимига ён беришга мажбур бўлиши ва Франциянинг Европа иттифоқига аъзолиги бўйича навбатдан ташқари референдум ўтказилишини эълон қилиши мумкин", дейилади мақолада.
"Frexit авлоди" ҳаракати етакчиси Шарль-Анри Галуа ЕИдан чиқиш тарафдорларининг Макронга нисбатан босими сўнгги сайловлар натижалари фонида кучайишига ишонади.
"Ўйлайманки, Европа сайловларида ҳақиқий ватанпарварлар учун тарихий бирлашиш имконияти бор. Иттифоқ, бирлашув энди ягона ғоя - ЕИга аъзоликка оид референдум атрофида бўлиши керак", дейди у.
Галуа бундай овоз беришни ташкил этиш Frexit, яъни Франция Европа иттифоқи аъзолигидан чиқишини амалга оширишнинг энг яхши йўли ҳисобланишини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтиш ўринли, 2016 йилда Brexit бўйича референдум ўтказилганди, натижа: тарафдорлар - 51,9 фоиз; қаршилар - 48,1 фоиз. Шунга кўра, 2020 йил 31 январда Буюк Британия расман Европа иттифоқидан чиқиб кетди.