Меню

Қашқадарё

16.03.2021 1419

Икки йўналишда ҳам косонлик қутқарувчилар – ғолиб

Қарши шаҳридаги “Динамо” спорт мажмуасида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг қуйи тузилмалари ўртасида ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича вилоят биринчилиги бўлиб ўтди.

 Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, мусобақада вилоят ёнғин-қутқарув гарнизонининг ҳарбий ва профессионал ёнғин-қутқарув қисмлари, шунингдек, махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди ходимлари, жами 41 жамоа 3 та шарт бўйича ўзаро беллашишди.

Дастлаб иштирокчилар ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг тўртинчи қаватига кўтарилиш шарти бўйича ўз маҳоратларини намоён этган бўлишса, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш шарти ҳам муросасиз руҳда кечди. Сўнгги шартда эса қутқарувчилар 4х100 метрли эстафетада тезкорликларини кўрсатишди.

 Якуний натижаларга кўра, ҳарбий ёнғин-қутқарув қисмлари ўртасида беллашган қутқарувчилар орасида 9-ёнғин-қутқарув қисми (Косон тумани) жамоаси 1-ўринни эгаллаган бўлса, 2-ўринни 36-ёнғин-қутқарув қисми (“Шўртаннефтгаз” МЧЖ) ва 3-ўринни 1-ёнғин-қутқарув қисми (Қарши шаҳри) жамоаси қўлга киритди.

Шунингдек, ҳакамлар хулосасига кўра, профессионал ёнғин-қутқарув қисмлари ўртасида кечган беллашувда Косон тумани жамоаси биринчи, Қарши туманиликлар иккинчи ва махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!