Меню

Қашқадарё

15.02.2018 1736

ИККИ ЙЎЛАКЛИ ТИЗИМ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан икки йўлакли тизим 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида ҳамда 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида кучга кириши белгиланди.

Мазкур йўналишда белгиланган тартиб-қоидалар асосида бугунги кунда “Қарши” халқаро аэропортида ҳам икки йўлакли тизим ишга туширилган бўлиб, у ўз самараларини бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь ойида мазкур аэропорт орқали 1 минг 209 нафар фуқаро ҳаракатланган бўлса, уларнинг 1 минг 155 нафари ёки қарийб 96 фоизи “яшил” йўлак орқали ўтган.

Хўш, бу “йўлак”лар нима ўзи ва бунда фуқаролар қандай енгилликларга эга бўлади?

Янги тартибга кўра, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи товар ва валюта бойликларини оғзаки, “қизил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи эса ёзма декларациялайди.

Қарор билан тасдиқланган низом 3-бобига кўра, “яшил” йўлакда товарлар қуйидагилардан ташқари оғзаки декларацияланади:

олиб кириш ёки олиб чиқиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган ёки чекланган товарлар;

қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва қонун ҳужжатларида белгиланган акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошадиган товарлар;

ёзма декларациялаштириладиган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва хорижий валютадаги олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат этилган маблағлар чекланган нормалари.

Ўн олти ёшга тўлмаган шахслар қўл юки ва кузатиб бориладиган багажда олиб ўтадиган товарлар унга ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан декларациялаштирилади.

Божхона органлари “қизил” йўлакда божхона назорати шаклларини қўллашда танлаш принципига асосланади ва божхона қонунчилигига риоя этилишини таъминлайдиган божхона назорати шакллари билан чекланади. Божхона назорати шаклини танлаш божхона органи мансабдор шахси томонидан белгиланади.

“Қизил” йўлак орқали ўтадиган жисмоний шахсда йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган, ёзма равишда декларациялаштириши шарт бўлган товарлар борлиги аниқланган ҳолатларда, бундай шахс Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Жисмоний шахсларнинг ишлаб чиқариш ёки тижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишида божхона расмийлаштирувининг қонун ҳужжатларида белгиланган умумий қоидалари қўлланилади.

Таъкидлаш жоиз, божхона ўтказиш пунктларидаги икки йўлакли тизим олдида жисмоний шахсларга божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларни декларациялаш учун тегишли йўлакни онгли равишда танлаш имконини берадиган ахборот ҳудудлари ташкил этилган. Унда божхона қонунчилиги ва асосий қоидалар, икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби ҳақида қисқача маълумотномалар, шунингдек, божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги огоҳлантиришлар жойлаштирилган.

Олим ҚОДИРОВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!