Меню
Қашқадарё
ИХТИЁРИЙ ТОПШИРИЛГАН ҚУРОЛ
Маълумки, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлардан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят божхона бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ҳамкорлигида муҳим чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Қайд этиш жоизки, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам ўз натижаларини бераяпти. Хусусан, фуқароларнинг турли қуролларни ихтиёрий равишда топширишига эришилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 49 та ҳолатда 24 та қурол ҳамда 822 та турли хилдаги ўқ-дори ихтиёрий равишда топширилган.
Мисол учун, Даврон Боймирзаев (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) жорий йилнинг 14 март куни Қарши туманидаги ўзи истиқомат қиладиган хонадонда жойлашган сомонхонани тозалаб, тартибга келтираётган вақтда “ТОЗ” русумли ов қуролини топиб олади. Кейин ушбу ов қуролини ёшлигида бобоси қўлида кўрганини эслайди.
Ноқонуний қурол сақлаш жиноят эканлигини билиб, фуқаро бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга маълум қилади ва қуролни топширади.
Яна бир ҳолатда, ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи Санжар Ҳасанов Қарши туманидаги Работ маҳалласида ўз ишини бажараётган вақтда йўл четидаги бетон қудуқ ичидан муқаддам кўмилган қуролни топиб олади. Сўнг бу қуролни ҳуқуқ-тартибот идораларига топширади.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ноқонуний қурол сақлаш ҳам жиноят. Буни кимдир билмайди ёки билса ҳам бепарво муносабатда бўлади. Бундай лоқайдлик охир-оқибатда фуқаролар тинчлигига, хотиржамлигига путур етказиши, турли кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳар бир фуқаро мавжуд тартиб-таомилларни билиб олмоғи даркор. Зеро, жавобгарлик пайти келганда қонунни билмаслик баҳона бўла олмайди.
Собир ХОЛМУРОДОВ, вилоят божхона бошқармаси катта инспектори