Меню
Қашқадарё
“ЎҚИЁТГАН КИТОБЛАРИМИЗ БИЗГА КЎЗГУДИР...”
Мазкур тўпламдан муаллифнинг мутолаа маданияти, китоб ўқиш ва умуман, инсоният қилган кашфлар ичра энг бебаҳоси бўлмиш китоблар ҳақидаги қимматли фикрлари ҳам ўрин олган. Улар бизни мушоҳадага чорлайди, китобга меҳримизни алангалатади.
Қуйида шундай сатрлардан сараладик.
Китоб – инсон қалби ҳақидаги энг улкан билим, энг улкан тадқиқот.
* * *
Ҳар қандай жамиятни, ҳар қандай тузумни китобга муносабатидан билиб олиш мумкин. Китоби, китоб яратувчиси хор жамият ўзини ҳар қанча гуманист қилиб кўрсатмасин, барибир, бир куни таназзулга юз тутади.
* * *
Китоб, аввало, ичкаримизга боқишга, ўз қалбимиз, хаёлимиз, эркимиз эгаси бўлишга ўргатади. Ичкарингизда ҳали ўзингизники бўлмаган жуда кўп нарса бор. Китоб ўқилган сайин ичкарингиз коинотдан ҳам кенгроқ ва бепоёнроқ эканига амин бўласиз. Китоб ўқиганингиз сайин ичкарингиз сабоқхонага айланиб боради ва у ерда устоз ҳам, шогирд ҳам ўзингиз бўласиз.
* * *
Ёвузлик китобгача бўлган манзилдир. Китобдан сўнг руҳият, руҳ сари сафар бошланади.
* * *
Озодлик берадиган ва умуман ҳеч нарса бермайдиган китоблар бор. Китоб ўқиш ҳам санъат. Яхши ва ёмон китоб, рост ва ёлғон китоб бўлади. Мутолаа санъатининг энг биринчи шарти ҳам қайси китобни ўқишни билишдир. Китоб эзгуликка қанчалик хизмат қилса, ёвузликка ҳам шунчалик хизмат қилади.
* * *
Ёзилган китобига қараб миллатнинг қудратини ҳис этамиз, миллат ҳақидаги, мамлакат ҳақидаги тушунчалардан олдин биз китобларига қараб миллат ёки мамлакатнинг даражасини сезамиз. АҚШ менга ўзининг ядро қуроли билан эмас, У.Уитмен, Э.По, У.Фолкнер, Фицжеральд, Т.Вульф, Т.Элиот, Э.Хемингуэйи билан қудратли туюлади. Гарчи мақтангулик ёки пўписа қилгулик қурол-яроғи бўлмаса-да, Орасио Кирога, Борхес, Биой Касарес, Р.Арльт, Х.Кортасар каби ижодкорлари билан Аргентина ҳеч қайси қудратли давлатдан қолишмайди.
* * *
Дунёга китоб берган халқни енгиб бўлмайди. Бундай халқ енгиш ва енгилиш, мағлубият ёки зафар тушунчаларидан устун. Ўзида бутун дунё китобларини жамулжам этган миллат ҳам ўлмас миллатдир.
* * *
Ўқувчилик фақат китобдан лаззат олишнинг ўзигина эмас, китоб ва китоблар туфайли воқеликка ўз муносабатини шакллантириш ва яратиш ҳамдир. Китоб ҳаётга, теварак-атрофга, ўзига ўқувчи муносабатини шакллантирар экан, айни ўша дақиқада маориф ўнлаб йиллар қилолмаган ишни атиги бир неча ўн кунда ярата олиш қудратига эга. Шу сабабли дунёнинг етук китобларидан бебаҳра маориф танасиз либосга ўхшайди.
* * *
...китоб ўқиш инсонни оломончилик занжиридан халос қилади, ўзини ўзига юзлаштиради. Китоб маърифати ҳозир одам қўли билан яралган воситалар ичида инсон қалбини қутқариб қолишга қодир бирдан-бир воситадир.
* * *
Агар китоб дўконларини айлансангиз, дидимиз қаёққа қараб илдиз отаётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Аксарият ўқувчи Навоийни, Бобурни, жилла қурса, “Жаҳон адабиёти” журналинимас, олди-қочдиларни, бир аёлнинг алданиб қолиш тарихини, фоҳишанинг бошидан кечирганларини, ўғри ёки мафиянинг саргузаштларини талашиб сотиб олаяпти. Улар иқтисодий маънода ўзини оқлаб, ноширга фойда келтираяпти, бошқа томондан эса миллий дидни саёзлаштиришга хизмат қилаяпти.
* * *
Гессе шундай деган: “Биз китобни шунчаки вақт ўтказиш, зерикмаслик ва эрмак учун эмас, ҳаётимизнинг тиргаги, йўл кўрсатувчиси, маёғи ва йўлбошчимиз деб ўқишимиз керак. Биз китобни қаттиққўл ўқитувчисидан қўрққани учунгина дарс қиладиган мактаб боласи ёки кўнгилхушлик учун ичиладиган шнапс каби эмас, Алп тоғига чиқаётган чўққибардор, ғалаба учун жангга кирган аскар сифатида ёхуд кундалик ҳаётдан чалғиш учун эмас, балки уни ўзимизнинг дўстимиз, маслаҳатчимиз, ёрдамчимиз, йўл кўрсатувчимиз деб ўқишимиз керак”.
* * *
Бугунги китобнинг бош мақсади инсонни ичидаги қўрқувни енгишга ўргатишдан, унинг таназзул ҳиди тутган қалбини сақлаб қолишдан, юзига инсонпарварлик ва олий фароғатга етказиш ниқобини кийиб олган, аслида, ўз тартиблари, қонун-қоидалари, мафкурасига қул ва муте қилиш, қалбни занжирлаб олишдек энг хуфёна, энг тубан вазифани бажараётган ташқарининг асоратидан халос этишдан, уни ўз ичкариси, ўз дунёси сари юз бурдиришдан, иқтисодий беқарорликлар, омадсизликлар толиқтириб қўйган умидини қайтаришдан, уни ўз аслига қайтаришдан иборат бўлмоғи шарт.
* * *
Инсоннинг қалби ҳақидаги ҳар қандай китоб ўқилишга муҳтож, шубҳасиз, у инсон ҳақидаги билимдир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА саралади.