Меню
Қашқадарё
ҚИЙМАТИ 85 МИЛЛИАРД СЎМЛИК 440 ДАН ЗИЁД МАНФААТЛИ ШАРТНОМАЛАР ИМЗОЛАНДИ
Ярмаркада вилоятимизнинг барча туманларидан келган боғдорчилик, сабзавотчилик ва полизчиликка ихтисослашган 500 га яқин фермер хўжаликлари ўзлари етиштирган 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотларини намойиш этди. Ҳар бир туманнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳияти ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берувчи стендлар ташкил қилинди.
Маълумки, юртимизда аграр соҳани изчил ислоҳ этишга қаратилган чора-тадбирлар юксак самара бермоқда. Деҳқончиликда ресурс тежамкор технологиялардан кенг фойдаланилаётгани, интенсив боғлар барпо қилинаётгани, навларни танлашда унинг ҳудуд тупроқ-иқлим шароитига мослигига кўпроқ эътибор қаратилаётгани натижасида асосий турдаги сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўлами йил сайин ошаяпти. Бу эса аҳолининг мева-сабзавот, картошка, узум, полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш баробарида истеъмолдан ортган сархил маҳсулотларни жаҳон бозорига ҳам чиқаришга шароит яратаяпти.
Жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида вилоятимиздаги кўплаб корхона, агрофирма ва фермер хўжаликлари томонидан чет элга катта миқдордаги мева-сабзавот экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолангани серқуёш юртимиз заминида пишиб етилган ширин-шакар, экологик тоза маҳсулотларга хорижда талабгор бисёр эканидан далолат беради. Ҳозиргача ушбу шартномаларнинг асосий қисми бажарилди ва четга 25 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот экспорт қилинди.
Мазкур ҳудудий ярмарка бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ва фермер хўжаликлари, агрофирма ҳамда қайта ишлаш корхоналари экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
- Корхонамиз асосан экспортга ихтисослашган бўлиб, фаолиятимизни шу йилдан бошладик, - дейди Миришкор туманидаги “Black lion impeks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бекзод Аҳмедов. – 15 гектар ер олиб, экспортбоп “торпедо” навли қовун парваришладик. Жорий йилнинг август ойида Латвия мамлакатига ўзимиз етиштирган қиймати 45 минг долларлик қовун етказиб бердик. 2016 йил охирига қадар яна бир қанча маҳсулотларни экспортга йўналтирмоқчимиз. Хусусан, Латвияга 100 тоннага яқин анор, Ҳиндистон ва Покистон мамлакатларига катта миқдорда мош ва нўхат жўнатишни мўлжаллаяпмиз. Ушбу ярмарка доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик. Жумладан, 15 та фермер хўжалиги билан қиймати 300 миллион сўмлик шартнома туздик. Улардан узум, лавлаги ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш бўйича келишувга эришдик.
“Ўзагроэкспорт” акционерлик жамиятининг вилоятимиздаги вакили берган маълумотларга кўра, ҳудудий ярмарка якунлари бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчи корхоналар ўртасида қиймати 85 миллиард сўмлик 440 дан зиёд шартнома имзоланган ва улар асосида 56 минг тоннадан кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш кўзда тутилган. Мазкур шартномаларнинг аксариятини келгуси йили етиштирилиши мўлжалланаётган мева-сабзавот ва полиз экинлари хариди бўйича келишувлар ташкил этади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда: ярмарка фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.