Меню

Қашқадарё

26.05.2020 278

ИИБ ХОДИМЛАРИ ФЕРМЕРНИНГ ДАЛАСИДА НИМА ҚИЛИБ ЮРИБДИ?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеолавҳада икки нафар формали шахс кўринишидан экин майдони экани билиниб турган ерда фуқаролик кийимидаги кишининг икки қўлтиғидан тутганча қаергадир олиб кетишга чоғланаётгани акс этган. Атрофда бошқа одамлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ҳам кўзга ташланади.

Маълум бўлишича, ушбу видеотасвир 21 май куни Яккабоғ туманида олинган. Ундаги фуқаро кийимидаги шахс фермер Муродилла Худойназаров экан. 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Яккабоғ тумани кенгаши раиси Аброр Тўхтамишов изоҳидан шу нарса аёнлашадики, Дархон МФЙ ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган "Худойназаров Муродулла Бобомуродович" фермер хўжалиги 102,1 гектар ер майдонига эга. Шундан суғориладиган ер майдони 96,3 гектар бўлиб, жорий йил 52 гектарга ғалла, 35,8 гектарга чигит қадалган. Ўрганишларда фермер белгиланган режага нисбатан 2,3 гектар кам майдонда чигит эккани аниқланган. Шунингдек, фермер ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда 6,1 гектар майдонга беда, 1,4 гектарга эса пиёз эккан.

Фермер эса "Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж сабаб фермер хўжалигимда бир гектар майдонга пиёз эккандим. Ҳокимиятдан эътироз билдиришгани учун ярмини хом бўлса ҳам йиғиштириб олдик. Аммо қолган 40 сотихи уруғлик пиёз эди, ҳали йиғиб олишга улгурмагандик. ИИБ ходимлари келиб, уруғлик пиёзимни трактор билан пайҳон қилиб ташлади", дея ёзғиради.

 Шунинг ўзидан ҳам пайқаш мумкинки, бу ҳолатда фермер харажат қилиб экиб қўйган экини тақдири, иккинчи томон эса белгиланганидан кам экилган чигитни нима қилиб бўлса-да ерга тиқиш учун "курашган". 

Бу ерда диққатни тортгани бошқа ҳолат: далада ички ишлар ходимлари нима қилиб юришибди? Уларга томонлардан биридан қандайдир расмий мурожаат бориб тушганми? Улар ишга нимага асосан аралашишган, яна "бош роль"да?! Агар фермернинг ерга ноқонуний муносабати асосланиб, мажбурлов чораси қўлланиши белгиланган бўлса, қани бу ҳақдаги ҳужжат?

Муддао шуки, фермернинг ишига (аралашишга) қонуний ёндашув тўла шаклланмас, ўртада имзоланадиган шартномани ишлатишга, яъни ҳар қандай хулосага шу ҳужжатда кўрсатилган мажбуриятлар ижросидан келиб чиқиб ҳуқуқий (тўғридан-тўғри эмас) муносабат билдиришга ўтилмас экан, ҳали юқоридаги каби видеотасвирларни кўп кўрамиз.

Ўз мухбиримиз  

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!