Меню

Қашқадарё

10.10.2017 1956

ИИБ БОШЛИҒИ РАҲБАРЛИГИДАГИ СЕКТОРДА

Назарда тутилган тадбирлар ва топшириқларни бажариш учун барча ҳудудларда 4 та, яъни туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари бошчилигида секторлар ташкил этилди. Сектор аъзолари томонидан ўзларига бириктирилган ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Бу борада Деҳқонобод туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи раҳбарлигидаги секторга туманнинг 9 та, яъни Бозортепа, Обод, Қолувдор, Ингичка, Дуоб, Теракли, Ойбек, Оққишлоқ МФЙ ва Обиравон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудлари киради. Ушбу ҳудудда жами 6296 аҳоли хонадони жойлашган бўлиб, 63 та савдо шохобчаси, 1 та коллеж, 24 та мактаб, 3 та шифохона, 2 та ҚВП ва 4 та бозор мавжуд.

Сектор штаби туманнинг Обиравон маҳалласидаги Сочтепа саноат касб-ҳунар коллежида фаолият олиб бормоқда, у ерда сектор раҳбари, ишчи гуруҳ котиби, навбатчилар, ИИБ ходими хоналари, мажлислар зали учун зарур шароитлар яратилган.

Ҳудудда жами аҳоли сони 32 минг 614 нафар бўлса, уларнинг қарийб 18 минг нафарга яқини меҳнатга лаёқатли саналади. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи кишилар сони 401, ногиронлик нафақасини олувчилар эса 324 нафарни ташкил этади.

Сектор раҳбари ва аъзолари томонидан фуқаролар, биринчи навбатда ногиронлар ҳамда кам таъминланган оилалар уйма-уй кириб кўриб чиқилмоқда. Ўтказилган ўрганиш ва бевосита мулоқотлар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар тингланиб, ҳал этиш чоралари кўрилаяпти.

Жумладан, Бозортепа қишлоғида истиқомат қилувчи Д.Бозорова 2-гуруҳ ногирони, оёғининг тиззадан пастки қисми йўқ. Обод қишлоғилик Ў.Худойбердиев 1-гуруҳ ногирони, ҳаракати чекланган, юролмайди. Мазкур фуқароларнинг мурожаати бўйича туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига учрашилди ва фуқароларга зарур ёрдам кўрсатилди. Бозортепа қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлари – М.Ибодова ва Б.Очиловга эса биометрик паспорт олишда кўмаклашилди.

Қайд этиш жоизки, ҳудудлардаги аҳволни секторларга бўлинган ҳолда ўрганиш раҳбар-ходимлар масъулиятини ошириши билан бир қаторда аҳолининг барча қатламлари дарду ташвишларини эшитиш, жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост кўриш имкониятини оширмоқда. Энг муҳими, қилинаётган ишлардан аҳоли мамнун.

Т.ПЎЛАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!