Меню

Қашқадарё

25.10.2018 1970

ИГНА, ТЕША, БОЛҒА ВА ҲОКАЗОЛАР ЎРНИНИ КОМПЬЮТЕР БОСОЛДИМИ?

Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик ривожи жадал тус олгани рост. Буни шундай тушунтириш мумкин. Аввало ҳунармандлар илгари сурган барча ташаббуслар фаол қўллаб-қувватланмоқда. Аниқ режага эга бўлган, ишида унумдорлик кўрсатишни ваъда қилаётган ҳунарманд борки, барча зарур кўмакдан баҳраманд бўлмоқда.

Аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ҳам соҳа вакилларига  бисёр енгиллик ва имтиёзлар тақдим этилди. Биргина мисол. Ҳунармандлар ўтган йилнинг 1 декабридан ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилди. Шарти – “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси бўлса кифоя. Шунингдек, мазкур ҳужжатга мувофиқ, уларга кам фоизли кредитлар ажратилиши белгилаб қўйилди. Ишнинг кўзини билган ҳунармандлар эса бу имкониятдан самарали фойдаланишмоқда.

- Эскитдан ёғочсозлик билан шуғулланиб келаман, - дейди чироқчилик ҳунарманд Толиб Мўминов. – Кимдир айтиши мумкин, ҳозир ёғоч устасига иш қолмади, деб. Тўғри, эшик-ром, каравот каби жиҳозларни ясашда янгича материалларни ишлатиш урфга кирган. Аммо бу маҳсулотимизга харидор йўқ, дегани эмас. Ҳаммасининг ҳам ўзига яраша афзаллиги бор. Баъзан ҳеч қайси қурилиш материали ёғоч ўрнини босмайди. Шунданми, фаолиятимиз давом этяпти. Янги усулларни ҳам ўзлаштиряпмиз. Бултур тижорат банкидан 51 миллион сўм имтиёзли кредит олгандик. Ёғочга ишлов бериш учун янги ускуналар сотиб олдик. Натижада маҳсулот хилма-хиллигини ҳам оширдик. Эндиликда янгича кўринишдаги сандиқ, эшик-ром, гарнитура жиҳозларини бозорга чиқаряпмиз. Қўлимда 3 нафар ишчи меҳнат қилади. Иштиёқи бор ёшларга ҳам ёғоч устачилигини ўргатяпмиз.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда саноат ривожланиб, кўплаб заводлар, ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушаётган, аҳоли эътиборига турфа рақобатдош маҳсулотлар тақдим этилаётган бўлса-да, ихчам ва бежирим буюмлар ясашга одатланган оддий ҳунарманднинг бозори касодга учрамади. Аксинча, бугун соҳа вакиллари ҳар қачонгидан кўра фаоллик кўрсатаётгани, зўр бериб ишлаётгани уларнинг ижод намуналарига талаб юқори экани ва бу эҳтиёж ҳали-вери йўқолмаслигини англатади. Инсоннинг моҳир қўллари қилолган юмушни техника доим ҳам бажара олмаслиги, устаси ўз маҳсулоти сифатини юксак технологиясиз ҳам таъминлай олиши шунда кўринади.

- Бадиий санъатга қизиқишим мустақил тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишимга асосий сабаб бўлди, - дейди касбилик якка тартибдаги тадбиркор Хуршид Худойназаров.   – Ҳайкалтарошликни пухта эгаллаганман. Ҳунарни хор қилиш ҳам айб саналади. Ўтган йили устахона очиб, маҳсулот тайёрлашни бошладим. Ишимда асосан турли декоратив ҳайкалларни ясашга асосий эътибор қаратаман. Қолаверса, ўз асарларимда миллий қаҳрамонларимиз – Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур сингари жасур боболаримизни гавдалантиришга ҳаракат қиляпман. Бугунги кунда ижод намуналаримга хусусий ва давлат муассасалари харидор бўлишмоқда. Ҳозир ташқи бозорни ҳам ўрганяпман. Яқинда чет элликлар келишиб, ҳамкорлик таклиф қилишди. Миллийлигимиз уфуриб турган кичик-кичик ҳайкалчаларни етказиб беришимни сўрашяпти. Албатта, экспорт қилиш имконияти фаолиятим ривожига кенг йўл очади. Маҳсулотни сотишга бозор бор экан, эртадан асло қайғурмайман.

Ҳунармандчилик ишига оилавий тадбиркорликни кенг оммалаштиришнинг муҳим омили сифатида қаралиши ҳам бежиз эмас. Чунки ҳунар отадан ўғилга, онадан қизга мерос ўтиши айни ҳолдир. Натижада бир оила аъзолари фойдали иш билан доим машғул бўлади, рўзғор тўкислиги, турмуш моддий фаровонлиги таъминланади. Бугунги кунда эса вилоятимизда ҳам анъаналарга содиқ хонадонларни кўплаб топиш мумкин.

- Отамнинг сочи шу косиблик ҳунари ортидан оқарди, мен ҳам ушбу касбни маҳкам тутиб, нон топишга қатъий бел боғлаганман, - дейди қамашилик ёш ишбилармон Аббос Жуманов. – 2 йилча аввал ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Устахона ташкил қилиб, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланяпман. Ота ҳунаримни давом эттириб, хато қилмаганимни тушундим. Негаки шу вақтгача қанчадан-қанча ютуққа эришдим. Ҳозирда эркаклар учун туфли тайёрлайман. Сифати заводникидан қолишмайди. Бунинг учун чармдан фойдаланаман. Пойабзалнинг кўриниши ва дизайни устида ҳам ўзим ишлайман. Отам ҳам бунда менга ўз маслаҳати билан кўмакчи бўляпти. Бир кунда 3-4 жуфтгача туфли ишлаб чиқаряпмиз. Албатта, маҳсулдорлик унча юқори эмас. Боиси, эски дастгоҳларда ишлаймиз.  Келажак учун режа ҳам тузиб қўйганмиз. Ўтган йили лойиҳа таклиф этгандик. У тегишли дастурдан жой олди. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун 25 миллион сўм маблағ керак. Тижорат банкидан кредит берилади. Шунда ускуналарни янгилаймиз ва ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширамиз. Харидорларга қулай бўлиши учун бозордан савдо дўкони олишни ҳам мақсад қилганмиз.

Ҳақиқатан ҳам бежирим, дид билан ишланган ҳунармандчилик буюмининг бозори чаққон бўлади. Кўзи тунукасозликда қотган, қарши шаҳрилик Шахмир Астанов ҳам бу фикрни тасдиқлайди. У ясаётган тунука жиҳозларнинг тури ҳам 20 хилдан ошади. Ўз ишига талабчан ҳунарманд ҳар бир ашёни қалб қўрини бериб ясайди. Аҳоли эса ушбу уй-рўзғор буюмларини мамнун бўлиб харид қилади.

Яна бир қизиқ жиҳати, ҳунар билан машғул бўлиш муайян вақт, ёш танламас экан. Билакда куч-қуввати, кўзда нури бор экан, инсон ҳар доимги қилиб юрган юмушидан ҳадеганда воз кечолмайди.  Шаҳрисабзлик уста ҳунарманд Ойжамол Сатторованинг нафақа ёшини хатлаганига ҳам 5 йил бўлибди. Бироқ у ўзига қадрдон миллий каштачилик ҳунарини топширай демайди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳозиргача муваффақиятли ишлаб келмоқда.

- Устахонам уйда бўлгани учун бекор ўтиришни ўзимга эп билмайман, - дейди у. – Вақт топдим, дегунча, кашта тикишга киришаман. Маълумки, Шаҳрисабз каштачилигининг ўзига хослиги бор. Бошқа ҳудудларникидан анча фарқ қилади. Нақшларда анор, қалампир, бодом тасвирини кўп ишлатамиз. Айни вақтда кашта урилган сумка, оёқ кийим, жойпўш, келинлар сепи, аёллар либосларини сотувга чиқаряпмиз. Ҳудуд ироқи дўпписининг ҳам харидори кўп. Бу маҳсулотларга нафақат чет элликлар, балки маҳаллий сайёҳларда ҳам қизиқиш катта. Яқинда бўлган Халқаро мақом анжуманида маҳсулотларимизни кўргазма қилдик. Кўпини ўша ернинг ўзида сотдик. Миллий каштачилигимиз узоқ давом этишини истайман. Шу маънода бу ҳунарни ёшларга ўргатяпман. Юздан ортиқ шогирдлар тайёрладим. Уларнинг аксарияти ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.

Албатта, ушбу ўлмас қадрият давомчиси ёшлар бўлиши керак. Миллий ҳунармандчилигимизни янада сайқал топтиришга улар ҳам бефарқ эмас. Миришкорлик ёш ишбилармон Гулноза Ҳайитова бугун зардўзликни янада ривожлантирмоқда. Зар урилган кўрпа-тўшак, чопонлар тикиб, аҳолига етказиб бермоқда. Худди шу туманлик Мафтуна Раҳматова бироз бошқачароқ ҳунарни эгаллаган. Сўнгги вақтда оммалашган бисерчиликка алоҳида меҳр қўйган. Яъни мунчоқлардан турли ажойиб сувенирлар ясашни ёқтиради. Асосийси, буни моддий манфаат келтирувчи фойдали ишга айлантира олган.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳунармандчиликка юқори техникалар ҳали бери жиддий хавф сололмайди. Чунки қўл меҳнати ёрдамида бажариладиган нозиқ вазифаларни қилиш компьютерга эмас. Бажарса-да, қўлда қилинганига ўхшамайди. Барибир ҳар қандай ҳунармандчилик буюми қалб қўри, меҳр билан ишлангани бир қарашда билиниб туради.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!