Меню

Қашқадарё

22.06.2017 2062

ИФТОРЛИК ДАСТУРХОНИ ЁЗИЛДИ

- Муқаддас китобларда яхшиликни, хайр-саховатни ўзингиздан бошланг, дея марҳамат қилинади, - дейди “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди вилоят ҳудудий муассасаси бошқарув кенгаши раиси Қаноат Азизов. - Аллоҳга шукурки, олдимизга қўйилган мақсадимиз ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр-шафқат кўрсатиш. Шу табаррук ой муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда уларнинг миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун тарзда бўлишига катта эътибор қаратилаяпти. Бугун қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган 100 нафар рўзадор учун ифторлик дастурхони ёздик. Улар билан маънавий-маърифий масалалар, оилалардаги маънавий муҳит, Рамазон ойининг афзалликлари, унинг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга даъват этувчи савобли амаллар эътироф этилди.

Рамазон - истиғфор ойи. Бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилади, мўмин-мусулмонлар гўзал ахлоқ ва яхши одобни намоён этади, ёмон одатлар тарк қилинади.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, муассаса томонидан Рамазон ойи давомида эҳтиёжмандларга меҳр-мурувват ёрдами кўрсатиш кўлами оширилди. Муассаса ходимлари яқиндагина Косон, Касби ва Ғузор туманларида бўлиб, ёрдамга муҳтож оилаларга киришди. Бемор ва кекса кишилар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари  тарқатилди.

Мусо МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!