Меню
Қашқадарё
ИЧКИ ВА ТАШҚИ БОЗОР ТАЛАБЛАРИДАН КЕЛИБ ЧИҚИБ
Қарор ва шарҳ
Шу йил 15 октябрь куни мамлакат ҳукумати ва давлат раҳбари томонидан юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Улардан биттаси Вазирлар Маҳкамасининг "2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги, иккинчиси Президентнинг "Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларидир.
10 декабргача 65 минг тонна картошка, пиёз, сабзи ва гуруч захирасини жамғариш зарур
Юқорида номи келтирилган ҳукумат қарорининг пировард мақсадларидан бири республика аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймасликдир. Бунга эришиш учун республика миқёсида 2020-2021 йил қиш ва баҳор мавсумига жами 795 минг тонна ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини жамғариш режалаштирилган. Қашқадарёда мазкур кўрсаткич 65 минг тоннани ташкил этиб, яқин икки ой ичида 35 минг тонна картошка, 15 минг тонна пиёз, 8 минг тонна сабзи ва 7 минг тонна гуруч ғамлаш белгиланган.
Захиранинг асосий қисми (63,6 минг тонна ёки қарийб 98 фоизи) ҳудудий тайёрлов корхоналари ва ташкилотлари томонидан шакллантирилади. Қолган 1,4 минг тоннаси ёки 2 фоиздан ортиғи ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, мактабгача таълим (641 тонна), соғлиқни сақлаш (469 тонна) ва халқ таълими (288 тонна) муассасалари ҳиссасига тўғри келади.
Қарорда белгиланган тартибга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жамғариш билан боғлиқ ишлар тайёрлов ташкилотлари томонидан ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади. Ижтимоий соҳа объектларига эса бу мақсадларга пул давлат бюджети ва тегишли вазирликларнинг бюджетдан ташқари маблағларидан ажратилади.
Ҳужжат билан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, Қашқадарёда қиш ва баҳор мавсуми учун жамғариладиган картошка умумий ҳажмининг 15 фоизи (5 минг 250 тонна) октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида, 65 фоизи (22 минг 750 тонна) - ноябрда, қолган 20 фоизи (7 минг тонна) эса декабрнинг 10-санасигача ғамланиши керак. Пиёзга келганда, бу маҳсулотнинг асосий захираси (9 минг тонна ёки 60 фоизи) октябрнинг охиригача шакллантирилиб, қолгани ноябрда (4,5 минг тонна ёки 30 фоизи) ва декабрнинг биринчи ўн кунлигида (1,5 минг тонна ёки 10 фоизи) "закладка" қилинади. Қиш ва баҳор мавсумига сабзи ва гуруч жамғаришда октябрь-ноябрь-декабрда 10-70-20 ва 10-60-30 фоизлик жадвалга амал қилиниши кўрсатилган.
Жамғарилган маҳсулотлар нархи ошиб кетишининг ва бу муҳим жараёнда иштирок этадиган тадбиркорлик субъектлари зарар кўришининг олдини олиш мақсадида картошка, пиёз, сабзи ва гуручни ташишда йўл-транспорт ҳодисаси ёки сақлаш жараёнида электр энергиясидаги узилишлар сабабли маҳсулот нобуд бўлганлиги оқибатидаги зарарларни суғурта қилиш механизми орқали қоплаш белгиланган. Шунингдек, жамғарилган маҳсулотларни аҳоли эҳтиёжларига сотишни ташкил этиш учун бозорлар ва савдо комплексларида, истисно тариқасида, беғараз асосда алоҳида расталар ва сотув анжомлари ажратилади. Шунингдек, тегишли корхоналарга тааллуқли бўлган юк автомобилларининг бозор автотураргоҳларига кириши ва чиқиши учун тўловлар ундирилмайди.
Келгуси йилда Қашқадарёда қарийб 26 минг тонна саримсоқпиёз етиштирилади
Президентнинг шу йил 15 октябрдаги қарорига мувофиқ, республика ҳудудларида 2021-2022 йилларда август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари маъқулланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси йилда вилоятимизда ушбу маҳсулотларнинг ялпи ҳосили қарийб 363,5 минг тонна, 2022 йилда эса салкам 384,3 минг тоннани ташкил этади. Масалан, биргина 2021 йилда воҳамизда 146,2 минг тоннадан ортиқ пиёз, 25,9 минг тоннага яқин саримсоқпиёз, 109 минг тонна атрофида сабзи, 2 минг 691 тонна ош лавлаги, 57,1 минг тонна кўкатлар ва 22,6 минг тонна карам етиштирилиши кўзда тутилган. Ялпи ҳосилнинг 30 фоизи, хусусан, жами етиштириладиган пиёзнинг 25 фоизи, саримсоқпиёзнинг 41 фоизи, сабзининг 27 фоизи, ош лавлагининг 100 фоизи, кўкатларнинг 40 фоизи ва карамнинг 35 фоизи фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда. Қолган қисми эса деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа майдонларида етиштирилади.
Ҳужжатда, табиийки, Қашқадарё ва республиканинг бошқа ҳудудларида август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида етиштириладиган сабзавот маҳсулотларидан кўзланган ҳосилни олишнинг аниқ механизми ҳам кўрсатиб берилган. Масалан, қарорда саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилганлиги айтилиб, унинг зиммасига ўз аъзоларига агрономик тавсиялар беришда, энг мақбул давлатларга қулай вақтларда экспорт қилишда кўмаклашиш, уларнинг малакасини ошириш вазифалари юклатилганлиги қайд этилган.
Ушбу уюшмага ташқи ва ички бозор талабларидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 июнга қадар август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди. Мазкур таклифларга мувофиқ мазкур экинлар пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган, фойдаланишга киритиладиган, захирадаги ерлар, шунингдек, такрорий экин сифатида ғалладан бўшайдиган ва бошқа ер майдонларига экилади. Уларни етиштириш "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида ажратиладиган, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Маҳсулотларнинг энг мақбул давлатларга қулай вақтларда экспорт қилинишини таъминлаш ва янги экспорт бозорларини очиш борасида Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда чора кўради.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.