Меню

Қашқадарё

25.10.2019 2242

ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИГА ЯНГИ ХОНАДОНЛАР ТОПШИРИЛДИ

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги "Ички ишлар органлари ходимларининг турар жой шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Шаҳрисабз шаҳри Ипак йўли маҳалласи Камолот кўчасида янгидан бунёд этилган кўп қаватли уйдаги 30 хонадон ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят ички ишлар бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа фахрийлари, тизим ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари учун ҳар йили тегишли дастур доирасида янги уй-жойлар барпо этилаётгани ҳам шу эзгу ишлар жумласидан.

Мавжуд тартибга мувофиқ, янги хонадонлар устамаси 7 фоиздан иборат имтиёзли кредит асосида 15 йил муддат билан тақдим этилмоқда. Шунингдек, уй учун дастлабки бадал маблағи Ички ишлар вазирлиги томонидан узоқ муддатли фоизсиз қарз сифатида тўлаб берилгани ва бошқа қулай имтиёзлар ходимларга енгиллик яратмоқда.

- Янги, барча шарт-шароитлари муҳайё уйга кўчиб ўтганимиздан хурсандчилигимизнинг чеки йўқ, - дейди Шаҳрисабз тумани ички ишлар бўлими ходими Лочин Халилов. -  Бир оила учун қисқа фурсатда янги уй-жой қуриш осон иш эмас. Бу вақт билан бирга анчагина югур-югурларни ҳам талаб этади. Бизнинг эса кўп вақтимиз ишда ўтгани боис, бунга имконимиз камроқ. Шу нуқтаи назардан вазиятни тушуниб, мушкулимизни осон қилаётган давлатимизга раҳмат. Мана энди ўз уйим бор, кўнглим хотиржам, бор вақтимни, эътиборимни ишимга қарата оламан.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Қарши шаҳрида 60 хонадонга мўлжалланган 2 та кўп қаватли уй барпо этилиб, ички ишлар идоралари ходимларига топширилган эди. Шаҳрисабз шаҳридагиси эса бу борада учинчиси бўлди. Айни пайтда, худди шу ерда 30 хонадонга мўлжалланган яна битта кўп қаватли уй қурилиб, бинода пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йил якунига қадар у ҳам ўз эгаларига топширилади.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!