Меню

Қашқадарё

25.06.2019 1919

ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМЛАРИГА ЯНГИ УЙ-ЖОЙЛАР ТОПШИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги "Ички ишлар органлари ходимларининг турар жой шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан вилоят ички ишлар идораларида хизмат олиб бораётган ходимлардан 60 нафарига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой берилди. 5 қаватли, ҳар бири 3 хонадан иборат  60 хонадонни ўз ичига олган 2 та уйга соҳиблари кўчиб киришди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимга вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари, фахрийлар таклиф этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев янги уй соҳибларини қутлади.

- Уй-жойга эга бўлиш инсон ҳаётида энг муҳим воқеалардан бири ҳисобланади, - деди вилоят ҳокими ўз  сўзида. - Афсуски, мамлакатимизда узоқ йиллар давомида давлат хизматчилари, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимларини турар жой билан таъминлашга етарли даражада эътибор қаратилмади. Оқибатда зиммасида эл осойишталигини асрашдек масъулиятли вазифа турган соҳа ходимлари турли қийинчиликларга дуч келишарди, оиласи, фарзандлари билан ижарама-ижара кўчиб юришга ҳам мажбур бўлишарди. Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда бу борада улкан ишлар бошланди. Тизимнинг фидойи ходимларига воҳамиз марказида бунёд этилган  шундай кўркам, ҳайратли ва ҳайбатли бинолардан уйлар ажратилаётгани, тўловларни тўлашда вазирлик томонидан енгиллик ва имтиёзлар яратилгани мана шу   хайрли ташаббуснинг амалдаги ифодаси бўлди.

- Мазкур уй-жойлар 7 фоизлик кредит асосида 15 йил муддатга берилмоқда, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Шавкат  Ҳайдаров. - Шунингдек, дастлабки бадал маблағлари учун вазирлик томонидан узоқ муддатли фоизсиз қарзлар берилгани ва бошқа имтиёзлар ҳам ходимларимизга жуда катта енгиллик яратди.

Ушбу икки кўп қавтли уйнинг қурилиш ишларига жами 6 миллиард 530 миллион сўм маблағ сарфланди.

- Илгари турмуш ўртоғимнинг яқинлари билан уч оила бир ҳовлида яшаб келаётган эдик, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ходими, майор  Назокат Бекпўлатова. - Янги уйга кўчиб ўтгач, бир қанча ташвишларимиз ариди. Жуда миннатдормиз. Фарзандларимиз учун мактаб, боғча ҳам уйимизга яқингина экан.

Қайд этиш жоиз, ички ишлар идоралари ходимлари учун худди шундай 30 хонадонли яна битта кўп қаватли уй Шаҳрисабз шаҳрида ҳам бунёд этилмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!