Меню

Қашқадарё

27.07.2017 1950

ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИ ЭНДИ ҚЎПОЛ МУОМАЛА ҚИЛОЛМАЙДИ

Маълумки, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ички ишлар органлари ходими тимсолида ўз ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай тажовузлардан муҳофаза қилишга ва оғир дамда ёрдам беришга тайёр бўлган ҳимоячисини кўриши ҳамда ўзининг хавфсизлиги таъминланганини ҳис қилиши зарур.

Ушбу буйруқ билан ички ишлар органларининг бу борадаги фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ходимлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиши ҳамда ходимларнинг муомала маданиятини яхшилаш ва уларнинг бу борадаги шахсий жавобгарлигини ошириш мақсад қилиб кўрсатилган.

Эндиликда ички ишлар органлари ходими ҳар доим аҳоли кўз ўнгида эканини, ички ишлар органларининг обрўси унинг хулқ-атворига ва хатти-ҳаракатларига бевосита боғлиқ эканини ҳамда ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқарога ёрдам кўрсатиш аҳолида ички ишлар органи фаолияти тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришини ёдда тутиши; фуқаролар билан хушмуомала бўлиши, уларнинг мурожаатларига холисона ва виждонан ёндашиши, айниқса, болалар, аёллар ва қарияларга алоҳида эътибор қаратиши; ички ишлар органларига олиб келинган ҳар бир инсон шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлигини ёдда тутиши ва айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши; фуқаролар билан мулоқотда сансалорликка йўл қўймаслиги ҳамда бевосита ўз ваколатлари доирасига кирмайдиган мурожаатлар юзасидан фуқароларни тегишли раҳбар ёхуд малакали масъул ходим билан боғлаши; ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) фуқарога биринчи навбатда ўзини таништириши, унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, унинг чақирилиши ёхуд йўлда тўхтатилиши сабабларини тушунтириб бериши, савол ва тушунтиришларга нисбатан эътиборли бўлиши, унга тааллуқли масалага оид қонун ҳужжатлари нормаларини таништириши, башарти фуқаро такроран чақирилган ҳолларда уни зудлик билан қабул қилиши ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилганлиги учун миннатдорлик билдириши зарур.

Ўзини фуқаролардан устун қўйиш, уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш ёки қўполлик қилиш, ёлғон гапириш ёхуд бошқа асоссиз баҳоналар билан уларни чалғитиш; фуқаролар шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар ва муомалага (ҳақорат қилиш) йўл қўйиш, уларга нисбатан қонунга хилоф равишда жисмоний куч ишлатиш ёки шундай куч ишлатиш билан қўрқитиш; жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқишдан бўйин товлаш ёки кўриб чиқишни асоссиз рад этиш; хизмат зарурати билан ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) шахсларни асоссиз куттириб қўйиш; хизматни олиб бориш вақтида, шунингдек хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ички ишлар ходимлари учун қатъиян ман этилди.

Ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг муаммосини атрофлича ўрганиш ва ўз ваколати доирасида қонуний ҳал этиш ҳар бир ходимнинг хизмат бурчи эканлиги ҳам ушбу буйруқ орқали яна бир бор белгилаб қўйилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!