Меню

Қашқадарё

14.04.2022 2035

ИЧКАРИ ТАШҚАРИГА ЧИҚМОҚ ИСТАЮР...

Қашқадарё ижодкорлари

Шоир халқи, бир қараганда ҳамма қатори оддий одамдай, бир қарасанг, илоҳий яратиқдай. Баъзан кўнгил кенгликларида сайр этиб, оддий  инсоний бахтга ташна ошиқдек, баъзида эса теран мушоҳадалар ила ўзлигини топишга чоғланган файласуфдек ижод дунёсида яшашни шараф деб билади. Бу билан у, бир томондан, инсон қалбидаги туйғулар жилвасига бошқалар диққатини     тортса, иккинчи томондан, ҳар бир кимсанинг юрагида ҳали тугал шакллана олмаган туйғуларга улуғворлик ва яхлитлик, хира ва туманли ҳисларга нур ва аниқлик бахш этади. Зеро, китобхон ҳам шоирнинг ҳар бир шеъридан қалбига яқин, дардига малҳам бўлувчи теран туйғуларни қидиради. Шубҳасиз, шеърият ихлосмандларига ана шундай инсон сезимларига кучли таъсир эта оладиган асарлар тақдим эта олган муаллиф, юксак маҳорат ва истеъдод соҳиби, ўзбаки кангулнинг файласуф шоири Икром Отамуроддир.

У Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги кўҳна сардобалар ўлкаси - Қашқа воҳасининг Касби туманида таваллуд топган. Шоирни улғайтирган Хўжакасби қишлоғи ислом оламининг маълум ва машҳур маърифат дарғаларидан бўлмиш Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳи жойлашган кенгликлар билан туташ бўлиб, ёш Икромнинг беғубор болалиги айни шу кенгликлар бағрида ўтди…

Аксар ижодкорлар таржимаи ҳолига назар ташлайдиган бўлсак, илк ижодий ғунчалари мактаб даврининг беғубор онларида куртак ёза бошланганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Икром Отамуроднинг ҳам ўз кўнгил кечинмаларини, туйғуларини умумлаштириб, образли шаклда қоғозга туширишгача бўлган илк ижодий машқлари айни шу паллалар ичида кечди. Бошқа ижодкорлар сингари мураккаб ижодий изланиш даврини бошдан кечирди, ўз устида тинимсиз ишлади. Ниҳоят 31 ёшида дастлабки шеърий тўплами -"Вақт ранглари" (1982), сўнгра "Жануб қушлари" (1983), "Тўрғайли манзиллар" (1984) каби китобларини ижод аҳли ва мухлислар эътиборига ҳавола қилди. Шунингдек, "Уфқлар орти бепоён" (1987), "Руҳимнинг қайғуси" (1995), "Сен" (1999), "Канглум, ўзинг" (2002), "Тавр" (2005), "Муқаддар" (2013) каби шеърий китоблари шоирни элга танитди.

Икром Отамурод шеъриятимизни ўзининг халқона анъаналарга уйғун ҳолда ёзилган достонлари билан бойитиб келаётган ижодкорлар сирасига киради. Шоирнинг "Ярадор умид отлари", "Узоқлашаётган оғриқ", "Сопол синиқлари", "Ичкари... ташқари...", "Иcтарим", "Ёбондаги ёлғиз дарахт", "Анинг умиди", "Харитага тушмаган жой", "Муқаддар", "Изтирор", "Балки", "Тағаззул", "Доғ", "Қуш", "Тавр", "Ҳувийят", "Ишора" сингари бадиий пухта, пишиқ достонлари китобхон ва адабий танқидчилар томонидан қизғин кутиб  олинди. Бу асарларда инсон ҳаётининг фалсафий талқини, тасвирдаги равонлик ва мусиқийлик, қаҳрамонлар характеридаги кўз илғамас қатламларни психологик асослаш, образлиликни таъмин этган бадиий воситалар бўртиб туради.

Ичкари ташқарига чиқмоқ истаюр,

                     истаюр ташқарида тўлувни.

Ташқари  ичкарига кирмоқ истаюр,

                     истаюр ичкарида бўлувни.

  Ичкари ташқарига чиқмоқ истаюр,

                     истаюр ташқарида жавобни.

Ташқари ичкарига кирмоқ истаюр,

                     истаюр ичкарида тавобни.

Бу мисралар шоирга катта шуҳрат келтирган, довруғини кенг  китобхонлар оммасига ёйган асар - "Ичкари... ташқари..." номли достондан парча. Асар инсониятнинг икки ботиний ва зоҳирий ҳаёти ҳамда унинг фалсафий таҳлилига бағишланган. Шоир   наздида инсон ҳаётининг мукаммаллиги бу икки ҳодисанинг уйғунлигига, бир-бирини тўлдиришига боғлиқ. Назариясиз амалиёт, амалиётсиз назария бўлмаганидек, ичкарисиз ташқари, ташқарисиз ичкари бўлмайди.

Инсон фикрлаш, мулоҳаза қилиш қобилиятига эга бўлибди-ки, ташқи оламни мукаммал  билишга  интилади. Аммо унга муяссар бўлиш осонлик билан кечмайди. Чунки инсоннинг ўзи ҳали-ҳануз тўлиқ мукаммалликка, комилликка эришгани йўқ. Австриялик руҳшунос олим Зигмунд Фрейднинг фикрига кўра, "...Одамзод ўзининг моҳиятини билмайди, ёки... бор ҳақиқатни тан олгиси келмайди. Бу борада у ё риёкорлик қилади ёки ўзи хусусида ҳақиқатан ҳам чуқурроқ тушунчага эга эмас". Айни шу ҳақиқатни шоир:

Ташқари - ғусса.

Ичкари  - ҳувайдо.

Ташқари - надомат.

Ичкари - гулгул.

Ташқари - шамолга соврилар сайдо.

Ичкари  - руҳга тўкилар кангул...

дея ифода этган.

Севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳор таъкидлаганидек: "Маълумки, санъат, шу жумладан, сўз санъати - адабиёт ҳам кишиларнинг онгига ҳис орқали - юрак орқали таъсир қилади... Ёзувчи ўзи ҳис қилмаган нарса тўғрисида ёзса, буни ўқиган ўқувчи ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди. Ўқувчининг қалбига таъсир қилмаган нарсанинг адабиётга ҳеч тегишлилиги йўқ". Шунга монанд, Икром Отамуроднинг "Сопол синиқлари" номли достони сюжети воқеалар эмас, ўқувчи онгига ҳис орқали - юрак орқали таъсир қиладиган фалсафий умумлашмаларга бой туйғулар асосига қурилган. Зукко китобхон мутолаа жараёнида асар қаҳрамонининг фалсафий мушоҳадасида, хотираларида, дардларида инсониятнинг ўрнини, юртнинг бошига тушган кулфатларини англай боради. Энг муҳими дунё деб аталмиш борлиқ воқеа-ҳодисаларидан изтиробга тушган қалб тебранишларини ҳис қилади:

...Одам боласи

           бир хил ҳаёт тарзидан,

                  қачондирким бўлмасин, зерикади.

Зерикиш -

Бошқа  шаклнинг  истаги...

Руҳиятда содир бўлган  бу ҳодиса -

Янги ройишни,

...Соғиниб яшайди...

                  нотаниш манзилларни...

Ҳар қандайин портлаш,

Авваламбор,

Одам боласининг руҳиятида кечади...

Юрагида томир отади...сўнг,

                     кенг майдонга қўнади.

Икром Отамуроднинг кейинги йилларда яратган достонларида лирик ҳолат устуворлик қилади. Бунинг сабаби аввалги асарларидаги каби ижтимоий мотивлар етакчилиги эмас, балки инсоний муаммо, муносабат, хусусиятларга эътиборни қаратишидир. Хитой файласуфи Конфуцийнинг фикрича: "Агар ердаги ҳаёт ёмон бўлса, инсон осмонга эмас, балки ўз қалбига, виждонига назар ташлаши керак... Одамлар сени билмасликларидан ғам чекма,  ўзинг одамларни билмаслигингдан ғам чек...". Шоирнинг "Ёбондаги ёлғиз дарахт" достони замирида айни шу фалсафий ҳақиқатнинг бадиий ифодаси мужассамлашган:

... Ёбон чексиз...

Масофа - УМИД...

Масофа - ХОТИРА ...

УМИД - ХОТИРА туфроғи...

ХОТИРА - УМИД томири ...

УМИД чарчаб йиқилган

                    Масофада

Кўкара бошлайди

                     ХОТИРА...

... Ёбон чексиз ...

Шоир ўз хаёлот оламида ўзини эркин ҳис қилмас экан, унинг шеърлари бир муддатгина яшаб, ахийри, таназзулга юз тутмоғи аён ҳақиқат. Икром Отамурод ўз руҳий кечинмаларини маддоҳлик қилмай, ялтоқланмай, безаб-бежамай, очиқ-ойдин - эркин ифодалайди.

Айниқса, Икром Отамуроднинг поэмалари мутлақо ўзгача, достон-монолог тарзида ёзилганлиги билан фарқланиб туради. Воқеалар баёни учинчи, тўртинчи, балки ундан ҳам кейинги ўринларда туради. Яна бир жиҳат, шоир бармоқ вазнида ҳам, эркин (сарбаст) вазнида ҳам бирдай самарали ижод қилади. Сиқиқ ва қисқалик ижодкор шеърий услубига хослик бағишлайди:

Сен ловуллаб турган лахча чўғ,

           қўлларимга олов сапчир

                                       силасам агар.

Ёки математик амаллар қатнашган намуналарни олайлик:

Келиш -

кетишнинг қайтуви...

Кетиш -

келишнинг қайтуви...

Қайтув=келиш+кетиш...

каби мисралар шеърхонни беихтиёр мулоҳазага ундайди.

Шунингдек, Шарқ фалсафасининг самарали таъсири шоир ижодида бадиий тасвир воситаларидан моҳирона фойдаланиш санъати орқали ҳаётдаги воқеликни фалсафий тасвирлашда ўзига хос индивидуал изланишни намоён этмоқда:

Камбағалнинг

                     ҳеч бўлмаганда,

биттагина дўсти бор

                              содиқ -

                                       қамбағаллик.

Бойваччада шу ҳам йўқ.

Афсус!..

Афсус!..

Аслида ушбу мисралар - шоир ўзлигининг  ифодаси. Бундай сўзларни шоир шунчаки ёзиши мумкин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Икром Отамурод том маънодаги халқчил ва ўзига  хос миллий  шоирдир. Ҳар бир мисрани мазмундор, равон  ва  образли  қилиб  яратиш, ҳар бир сўз ва иборани ўз ўрнида, аниқ бир мақсадни кўзлаб ишлатиш унинг услубига хос асосий хусусият. Мазмун аниқлиги, ифода  тиниқлиги, фалсафий  мушоҳада теранлиги, қалб ҳарорати, гўзал тасвир ва сержило тил бойлиги шоир ижодининг характерли белгиларини ташкил этади.

Салима ЖУМАЕВА,

Қарши давлат университети доценти, филология фанлари номзоди

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!