Меню
Қашқадарё
Ичимлик суви таъминоти жабҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилади
2021-2022 йилларда Қарши шаҳри, Деҳқонобод ва Қамаши туманларидаги олтита маҳаллада ичимлик суви таъминоти тизимлари тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида топширилади.
Мамлакат Президентининг шу йил 25 сентябрдаги фармонига мувофиқ тармоқда ислоҳотларни изчил давом эттириш ва хусусий сектор иштирокини таъминлашга қаратилган ушбу жараён Қарши шаҳридаги Пахтазор ва Баҳриором, Деҳқонобод туманидаги Қолувдор ва Ингичка ҳамда Қамаши туманидаги Бадахшон ва Олмазор маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилади. Бунда вилоят марказидаги маҳаллаларда ҳаётга татбиқ этиладиган “Ичимлик суви таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва бошқариш” лойиҳасининг дастлабки қиймати 3,2 миллион долларни, Деҳқонобод ва Қамашидаги маҳаллаларда эса тегишли тартибда 27,8 миллион ва 26,2 миллион долларни ташкил этади. Учала ҳудудда лойиҳаларни амалга ошириш муддати 2021 йилнинг IV чораги этиб белгиланган.
“Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон талабларига мувофиқ ушбу жабҳадаги давлат-хусусий шериклик лойиҳалари концепциялари ҳукумат томонидан келгуси йил 1 апрелгача тасдиқланиши лозим. Шундан сўнг “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнгача танлов (тендер) эълон қилиб, 1 сентябргача белгиланган шартлар, муддатлар ва тартиб-таомилларга мувофиқ унинг ғолибларини аниқлайди ва улар билан тегишли битимлар тузади. Келгуси йил 15 сентябрга қадар лойиҳалар концепциялари ва битимлар давлат-хусусий шериклик лойиҳалари реестрига киритилиши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда хусусий секторни кенг жалб қилишда ва хусусий инвесторларнинг барқарор фаолият юритишига амалий ёрдам кўрсатади.