Меню

Қашқадарё

07.12.2017 1823

ИЧИМЛИК СУВИ ТАЪМИНОТИ ҲОЛАТИ ЎРГАНИЛДИ

Унда Олий мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси вилоят ва туман филиаллари, қишлоқ ва сув хўжалиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вилоят бошқармалари, ДСЭНМ мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган тартибларнинг ижро этилиш ҳолатининг Деҳқонобод ва Ғузор туманлари мисолида ўрганилиши натижалари тўғрисида сўз борди.

- Шу йилнинг 8-11 ноябрь кунлари мазкур қонун ижроси  ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси Ислом Хушвақтов. – Ўрганиш натижаларида ҳар иккала тумандаги сувдан фойдаланиш ҳолати, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси нафақат вилоят, балки бутун республика кўрсаткичларига нисбатан ҳам энг паст эканлиги аниқланди.

Йиғилганлар эътиборига таҳлил натижалари ҳавола этилди. Унга кўра, Ғузор туманида аҳолининг бор-йўғи 2,1 фоизигина марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олинган. Қолган 97,9 фоиз аҳоли ичимлик сувини ташиб келтиради ёки сотиб олади. Деҳқонобод туманида эса марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти 2 фоизни ташкил этади. Санитария ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди, яъни аҳоли истеъмол қилаётган ичимлик суви етарлича зарарсизлантирилмаяпти. Шу сабабли ҳам ушбу туманлар аҳолиси орасида буйрак хасталиклари, турли инфекцион касалликларга чалиниш даражаси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аниқланишича, ичимлик суви таъминотининг салбий ҳолатда эканлигига мазкур туманлардаги мавжуд сув иншоотлари тизимининг эскиргани, аҳоли томонидан марказий сув қувурларига ноқонуний уланишларга йўл қўйилаётгани, сувдан мақсадсиз фойдаланиш кабилар сабаб бўлмоқда.

Йиғилиш давомида мавжуд камчиликлар муҳокама қилинди. Зарур тавсия ва таклифлар билдирилди. Жумладан, тегишли ташкилотлар ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича “йўл харитаси” тузиш таклифи маъқулланиб, вазифалар белгилаб олинди.

Х.ҚИЛИЧЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!