Меню

Қашқадарё

16.08.2018 2049

“ИЧ-МАЙ-МАН!”

– Юзинчи марта айтаяпман – ич-май-ман! – Нормаматнинг овози яна бир парда кўтарилди. –Ана, Файзи минан олавер...

Файзи Пўлат пиён билан пиёла уриштириб, гапга суқилди:

– Бизга ўхшаган биттаси хотини минан кўчада кетаётган экан, олдиларидан бир тиланчи чиқиб қопти. Эр унга беш юз сўм узатиб, сўрапти: “Ичасанми?”. “Йўқ”, депти тиланчи. “Чекасанми?” – “Йўқ”. “Юрасанми?” – “Йўқ”. Шундан кейин эр хотинига гадойни кўрсатиб шундай дермиш: “Кўрдингми, одам ичмаса, чекмаса, юрмаса, қандай аҳволга тушиб қоларкан...” Ҳи-ҳи-ҳи...

Пўлат пиён бодринг чайнай туриб Нормаматдан сўради:

– Ўзи ароқни нимага ташладинг? Соппа-соғ бўлсанг. Ана, яримта ошқозон билан Файзи уриб ётибди... Хотиндан қўрқдингми? Ё кайп минан қасам-пасам ичиб қўйдингми? Тўғрисини айтавер...

– Ошналар, – деди Нормамат оғир тин олиб, – айтмайман, девдим, ўзларинг ҳол-жонимга қўймадиларинг. Мана, неварали бўлдим. Сизларга қандай – билмадиму, фарзанд ўз йўлига экан. Невара бошқача бўларкан. “Данагидан мағзи...”, дейдилар-ку... Шундай уйга бориб, бағримга боссам, полвончамдан бир ажойиб ҳид келади, бир ажойиб ҳид келади... бошларим айланиб кетади. Туриб-туриб миямга уриб кетди. Эрта бир кун буям Пўлатнинг неварасига ўхшаб “сассиқ бовам келаяпти”, деб ижирғаниб мендан қочиб юрадими, дедим...

“ЖИРИНГ-ЖИРИНГ”

“Жиринг-жиринг”...

– Ҳа, домулла?..

Домла ортига бурилиб қаради. “Оббо, саломни ҳам сотиб олгандай аяйди бу нусха...” Афти буришганини сездирмаслик учун яна йўлига қараб олди. Велосипедини секинлатиб, орқадаги маҳалладоши – бақалоқ кишининг унга етиб олишига имкон берди. Ва хушламаса-да, ўзи унга “худонинг қарзи”ни беришга мажбур бўлди:

– Ассалому алайкум!

Бақалоқ жавоб ўрнига яна велосипед қўнғироғини жиринглатиб қўйди.

“Жиринг-жиринг”лаб юргани билан “муллажиринг”ни бештош қилиб ўйнатади бу одам. Узоқ йиллар йўл қурилиши идораси бошлиғи бўлиб ишлаганди. Эҳ-ҳе, ўша пайтлар унинг савлатидан от ҳуркарди. Қабулига киришга уч кунлаб навбат кутиларди. Бироқ ундан ҳатто қишлоқнинг ити ҳам барака топмаганди. Домла қишлоқ оқсоқоллари билан бирга катта йўлга тош тўкишни сўраб бориб, масхараю мулзам бўлиб қайтганини эслаб, юраги зирқиради.

Кейинроқ “еб кетди-ичиб кетди” бўлиб қамалиб кетган бу одам ҳатто бешикдаги набирасигача данғиллама иморат қуриб қўйган экан. Қамоқдан қайтганида ҳам сини бузилмади – худди курортдан келгандай...

Қўша-қўша машинаси туриб унинг нега тонг саҳардан велосипед ҳайдаб юрганини тушунмади домла.

– Дўхтир буюрди, – унинг нигоҳидаги саволни уқиб деди бақалоқ. – Юракнинг мазаси йўқ. Югуриб кўрдим. Ҳарсиллаб қолавердим. Буям қийину, чидаса бўлади.

Домла хира ҳамроҳдан тезроқ қутулмоқчи бўлиб, велосипедини жадаллатган эди, бақалоқ пишиллаганича яна гап қотди:

– Қаерга ҳовлиқасиз, домла, энди соат беш ярим бўлди. Бомдодни ўқиб чиққандирсиз-да “прогулка”га? Сизга бир маслаҳат. Великни фақат теп-текис йўлдан ҳайдайверманг. – Шундай дея у асфальт йўлнинг ўйиқ жойлари томон рулни бурди, велосипеднинг қўнғироғи яна жиринглай бошлади. – Ман-н-на бун-дай, ман-н-на бун-дай сил-киниб-сил-киниб юр-сангиз, ор-тиқ-ча ёғ-ла-рин-гиз тў-ки-лар-кан. Дўх-ти-рим айт-ди...

Бақалоқнинг гапи чала қолди. Домла педални қаттиқроқ босиб ортига қарамай қичқирди:

– Менда ортиқча ёғнинг ўзи йўқ. Соғ бўлинг...

Равон йўлдан ғизиллаб кетаркан, домла секингина шивирлади: “Шунча йил ўнқир-чўнқирдан юрганинг камлик қилувмиди...”

“ПЕРЕГРУЗ”

 Абдимуроднинг меҳмонхонасида қариндошлар машварати авжида. Узоқ туманда яшайдиган, саксондан ошган аммаси икки ўғли билан йўқлаб келганидан мезбоннинг боши осмонда эди.

– “Амма келди – ҳамма келди”, деганлари шу-да, – деди Абдимурод аммасига чой узатиб. – Шундай-шундай келиб туринг-да. Кўришмаганимизга ҳам йил ошди-ёв...

– Энди хушомадга бало борми? “Амма – эшигимга тамба”, дегин, – тўрда елпиниб ўтирган амма жиянидан ўпка-гина қила кетди. – Ўтган йили неварамнинг тўйига одам юбориб айттирдим, сенга ўхшаб тилпондан “келинглар”, деб қўйганим йўқ, қорангниям кўрсатмадинг-а... Мен-ку келолмайман, оёқ бўлмайди, ҳассага таяниб қолдим...

– Узр, узоқда эдим, Чортоқда дам олаётувдим, – ўзини оқлади Абдимурод.

– Кейинги ҳапта бизаям бояяппиз ўша Чойтоққа, – амманинг катта ўғли Султон оғзидаги луқмаси билан ёш боладай ғудранди. Сўнг ютиниб олиб, гапида давом этди. – Бизди бўғимлар қақшайди, хотинди оёғи оғрийди. Саттор укамизди буйраги чатоқ, келин белоғриқ... Ўзи-ку “ўрмонга борган ёнига ўтин олмайди, курортга борган – хотин”, дейишади... – шундай дея беўхшов ҳиринглаб олди. – Ҳай майли, чол-кампирлар қариган чоғда “пара-пара” бўлиб, бир дам олиб, даволаниб келайлик...

– Аммам-чи, аммамни обкетмайсизларми?– сўради Абдимурод. – Бир водийни айланиб, дам олиб келардилар...

Амма бир ўғилларига, бир жиянига қараб жавдиради.

Султон тишини кавлаб туриб ғудранди:

– Э, мен, янганг, Саттор, хотини – тўртовимиз машинада бир “комплект”миз, амманг – “перегруз”, жой қаёқда?!

МУЗЛАТКИЧ

– Тинчликми, қизим?

Қизининг тонг саҳардан кириб келиши онанинг капалагини учирди. Манзуранинг қўлида дастурхонга ўралган катта товоқ, ортида тугунча кўтарган кенжаси...

– Нима “тинчлик”? – Манзура елиб-югуриб дастурхон тузади, товоқдаги димламани газ плитага қўйиб қиздира кетди. – Ўз онамни ҳам ойда-йилда оғзига татийдиган овқат билан йўқлай олмайманми? Сағирлигимизни билдирмасдан сочингизни супурги қилиб, катта шаҳарларда ўқитдингиз. Мана, дипломнинг ортидан отнинг калласидай ойликни қарсиллатиб олиб юриппиз. – Шундай деб таомни сузиб, дастурхонга келтирди, манзират қилди: – Олинг, қани, она...

– Биласан-ку, эрталабдан ёғли овқат еёлмайман, – шундай деса-да, она қизининг кўнглини қолдирмаслик учун қошиқнинг учига нари-бери кичкинагина гўшт бўлагини илдирди.

– Олинг, мазаси оғзингизда қолади, – Манзура оғзини тўлдириб кавшанди. – Кеча қайнонам ҳам мақтаб-мақтаб еди. Кўп қилиб юборган эканман. Ўлсин музлаткич ҳам ишламаяпти. Шунча овқатни итга тўкаманми, дедим...

Онани қаттиқ йўтал тутди. Кўзлари чақчайиб, оғзини қўлартгич билан тўсди. Бўғзидаги луқма гўё музлаб қолгандай эди...

БЕДАЗОРДА

Саҳар. Ота-бола беда боғлашаяпти. Ўғил ўрилган ўтни ўроқ билан йиғиб, думалоқлаяпти. Ота йўнғичқанинг ўзидан белбоғ эшаяпти.

– Мана, қара, қандай пишиқ белбоғ бўлади, – деди ота ўтнинг учини оёғи билан босиб туриб, айлантирар экан. – Сен бўлсанг, “пресс-ип”га пул беринг, дейсан. Бедага қўшилиб, молнинг ичига ўтиб кетса, энангни кўрасан. Эсингдан чиқдими, ўтган йили Нормат ҳамсоянинг буқаси ип чайнаб қўйиб, ҳаром қотувди...

– Мен ҳам кеча белбоғ эшиб кўрдим, узилиб кетди, – минғирлади ўғил чўнтагидан қўл телефонини олиб, титкилар экан.

– Ҳеч замонда абед пайтиям беда бойланадими, хомкалла? – отанинг жаҳли чиқиб кетди. – Бўйингни қара, мирзатерак, оддий нарсагаям ақлинг етмайди. Яна “студент” эмиш...

– Жуда ерга ураверманг, дада, – ўғил ҳадиксирабгина ўзини оқлаган бўлди.

– Тўғри-да, сенлар “вай-вай”, “телеграм”ни биласан. “Хот-дог”, “лаваш”, “шашлик”ни биласан. Аммо кимсан Сафар чўпоннинг невараси бўптуриб барра билан ширвознинг, қозоқи билан чувалангнинг фарқига бормайсан. Ким айтади сени қишлоқнинг боласи деб? Ота-буванг чўпон ўтган. Компьютерни, ўша “вай-вай”ларингни ўрганмагин, демайман. Ҳеч бўлмаса, қўй ё эчки қандай ҳайдалишини билгин-да, номард... Бу туришда эртага ҳамсоянинг шаҳарлик келинига ўхшаб товуқни “пишт” деб юрасанми...

Ўғил тўрсайди. Қўлидаги ўтни кўтариб нари кетди. Шапалоқдай телефонини кавлаштирди. Тонгги сукунатни шовқинга қоришиқ “қўшиқ” бузди:

“Каптива минади замонамиз кизлари...”

– Ўчир овозини, – ўшқирди ота.

Ўғил апил-тапил телефонининг экранига бармоқ нуқиди.

Ҳаял ўтмай ота ён бергандай бўлди:

– Қўлингдаги шу матоҳинггаям битта катта бўрдоқимнинг пули кетган. Қўйсанг, Шердан қўй...

Бедазор бўйлаб тонг ҳавосидай мусаффо бир куй таралди...

ҲАЁТ

Кўрмаганига эллик йил бўпти. Аммо ўша табассум, ўша нигоҳлар... ҳали-ҳамон шундоққина кўз ўнгида турибди.

Билмайди у – Хумор ҳаётми-йўқми...

Билгани – унинг учун Ҳаёт – бу Хумор...

МУҲАББАТ ВА РАҚАМЛАР

Биринчи муҳаббат…

Бу – бўлмаган гап!

Муҳаббатнинг рақамларга дахли йўқ.

Муҳаббат статистика билан келиша олмайди.

Муҳаббатнинг биринчиси бўлмайди.

Агар бўлса, демак иккинчиси, учинчиси… ўнинчиси ҳам бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам биринчи муҳаббат… бўлмайди.

МУҲАББАТ бўлади.

Нуриддин ЭГАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!