Меню

Қашқадарё

23.05.2017 1950

ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ - ФАРОВОНЛИК КАФОЛАТИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган семинарда мазкур йўналишдаги ишларнинг вилоятимиздаги самаралари ва истиқболдаги кўлами хусусида сўз юритилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили, партия кенгашлари масъул ходимлари, депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда юртимизда одамларнинг турмуш даражаси ва ҳаёт фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар моҳияти, бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмуни ҳақида маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, етакчи тармоқларни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш йўналишида 2017 йилда вилоятимизда умумий қиймати 177 миллион долларлик 400 та ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари мақбуллаштирилиб, пахта майдонлари 3700 ва ғалла экиб келинган ерлар 800 гектарга қисқаради. Бунинг ўрнида картошка, сабзавотлар, интенсив боғ, токзор, озуқа ва мойли экинлар етиштирилади. Айни пайтда 57,7 гектар майдонда 73 та иссиқхона, шунингдек, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик кичик хўжаликларини барпо этиш ишлари қизғин кечмоқда.

Бу борадаги ишларнинг изчил ижроси, одамларни тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб этиш, яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишга ўргатиш, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга даъват этиш партия ташкилотларидан янада фаол ва масъулиятни чуқур ҳис этиб ишлашни тақозо этади. Семинарда айни шу вазифалар, галдаги мақсадлар атрофлича муҳокама қилинди.

Музаффар ТУРОПОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!