Меню

Қашқадарё

15.03.2018 1896

ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСДА ҚАНДАЙ ЯНГИЛИКЛАР БОР?

Маълумот учун, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги фармони билан хўжалик судлари иқтисодий судларга ўзгартирилган эди.

Маълумки, манфаатдор шахслар ўз бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга даъво аризаси, ариза, шикоят (протест) шаклида мурожаат қилишади, аммо амалдаги Хўжалик процессуал кодексида қайси ҳолларда ва қандай шаклда судга мурожаат этиш тартибга солинмаган эди.

Янги кодексга мувофиқ, судга мурожаат қилиш: фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низолар бўйича – даъво аризаси шаклида, буйруқ тартибида иш юритиш, алоҳида тоифадаги ишлар бўйича ҳамда ушбу кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда – ариза шаклида, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек, кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилиши кўрсатилди. Ўз навбатида мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида ҳам юборилиши мумкин.

Амалдаги Хўжалик процессуал кодексининг 10-моддасида суд ишлари ўзбек, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилиши белгиланган. Аммо унда судда иш кўриш давомида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда расмийлаштирилиши лозимлиги мажбуриятини ўрнатувчи норма мавжуд эмас эди.

Шунга кўра, Иқтисодий процессуал кодекснинг 10-моддаси тегишлича тўлдирилди. Хусусан, суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланиши, суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилиши баён этилди.

Иқтисодий судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Шу билан бирга, давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио ва видеоёзувлари амалга оширилмайди.

Биринчи инстанция бўйича ишлар барча иқтисодий судларда судья томонидан якка тартибда кўрилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларида ишларни апелляция ва кассация тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат ҳайъатда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида Раёсатнинг кўпчилик аъзолари ҳозир бўлган тақдирда амалга оширилади.

Бир судья ёки суд таркиби томонидан кўрилиши бошланган иш айнан шу судья ёки суд таркиби томонидан кўриб чиқилиши лозим. Судья белгиланган тартибда ўзини ўзи рад қилса ёки судьяни рад қилиш ҳақида ариза берилса ва бу қаноатлантирилса, судья йўқлиги сабабли ишни кўриш имкони бўлмаса, судья ёки судьялардан бири алмаштирилиши мумкин. Судья алмаштирилгандан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.

Яна бир ўзгариш шуки, суд раиси йўқлигида унинг вазифаларини лавозим бўйича ўринбосари, бундай лавозим бўлмаганда эса судьялардан бири бажаради ва бу шахс раис сифатида ҳаракат қилади.

Давлат ва бошқа органлар қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳақидаги ишлар маъмурий судлар судловига тааллуқли бўлиб, қолган маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судлар зиммасига юклатилди. Корпоратив низолар бўйича якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлмаган фуқаро ҳам тараф сифатида қатнашиши мумкинлиги ҳисобга олинди.

Шуни билиб олиш керакки, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек, корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар иқтисодий судга тааллуқлидир.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.

Маъмурий суд томонидан кўриладиган ишларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи норма киритилди.

Юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Бу ишни тезкор тарзда кўриш имконини яратади.

Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар эса алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Чунки жавобгар ҳақиқий жойлашган жойини ўзгартириб туриши мумкин.

Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун процессуал жиҳатидан унинг яшаш жойи эмас, балки рўйхатдан ўтган жойи муҳим аҳамиятга эга.

Эсда тутиш даркорки, қонун зарурий ҳолатларда, оммавий манфаатларни ҳимоя қилишни назарда тутади. Ушбу ҳолатларда суд жараёнини вужудга келтириш ташаббуси прокурор, давлат ва бошқа идоралар ва ташкилотларга тегишли бўлиши мумкин.

Прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли. Қонунда назарда тутилган ёки суд мазкур ишда прокурор иштирок этиши зарур, деб топган ҳолларда, шунингдек, прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт. “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун билан унга юклатилган вазифаларга кўра, у арз қилинган талабнинг асослилиги ёки асоссизлиги бўйича ўз фикрини беради, агар иш унинг аризаси бўйича қўзғатилган бўлса, прокурор тараф ҳисобланади ва шунинг учун у арз қилаётган талабини исботлайди.

Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан)  воз кечиши даъвогарни (аризачини)  ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда муаммоли масалани ҳал этиш учун экспертиза тайинлаш зарурати бўлмайди ва ушбу масалага мутахассиснинг фикри билан ойдинлик киритилиши мумкин бўлади. Шу сабабли Иқтисодий процессуал кодекс 57-моддасига кўра, маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш ва илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам кўрсатиш йўли билан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашга кўмаклашиш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунармандчилик соҳасида махсус билим ва малакага эга бўлган, вояга етган, иш натижасидан манфаатдор бўлмаган шахс суд мажлисида ёки процессуал ҳаракатларда иштирок этиш учун суд томонидан мутахассис сифатида жалб қилиниши мумкин.

Кодексга вакиллар орқали иш юритиш борасида ҳам ўзгаришлар киритилди.

Биламизки, судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) вакиллари юритади. Фуқаролар эса ўз ишларини судда шахсан ва (ёки) вакиллари орқали юритишга ҳақли.

Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар ёки ҳомийлар) ҳимоя қилади.

Агар қонунда бу бевосита назарда тутилмаган бўлса, қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) юридик шахсларнинг ходимлари – шу юридик шахс ишлари бўйича;

3) нотижорат ташкилотлар ваколатли вакиллари – шу ташкилот аъзолари ишлари бўйича;

4) қонунда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари;

5) биргаликдаги процессуал иштирокчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

6) ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига биноан суд томонидан рухсат берилган бошқа шахслар.

Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича касбий фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Тарафлардан бири Ўзбекистон Республикаси норезиденти – чет эл шахси бўлган, шунингдек, чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар одатда халқаро шартномалар нормаларини қўллаш билан боғлиқ бўлгани ва уларни кўриш бирмунча қийинчилик туғдириши сабабли ушбу тоифадаги  ишларни кўриш малакали судьялардан ташкил топган вилоят миқёсидаги иқтисодий судлар ваколатига ўтказилди.

Кодексга киритилган янги бобга мувофиқ, эндиликда суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади. Келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Агар келишув битимининг шартлари қонун ҳужжатларига зид, учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳамда шарт асосида тузилган бўлса, суд бундай келишув  битимини рад этади.

Албатта, судга келиштириш чораларини кўриш бўйича мажбуриятнинг юклатилиши тадбиркорлик соҳасида ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Бундан ташқари, бундай ёндашув мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришнинг умумий тенденциясига ҳам мувофиқ келади.

С.ИСКАНОВ,

вилоят иқтисодий суди бўлим бошлиғи

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!