Меню

Қашқадарё

10.02.2022 2229

ИҚТИДОРЛИЛАР ҚИШЛОҚДА ТУҒИЛАДИ

ва қишлоқда қолиб кетаверадими?

 Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Қайсидир қизиқчи "Каратэ - қараб теп, дегани" деб айтган эди. Гарчи бу гап ҳазиломуз айтилган бўлса-да, ҳақиқатан бу спорт турида ён-верига қараб тепмаса бўлмайди, одам ўзи калтак еб қолиши ҳеч гап эмас. Лекин каратэни ур-йиқит тепки-ю зарбадан иборат спорт тури, деб қараш нотўғри. У, аввало, руҳиятни, инсон қалбини тарбиялайди. Инсонни мард, жасур, теран фикрлайдиган бўлиб улғайишини таъминлайди. Демак, каратэнинг ривожи ҳам, бошқа спорт турлари каби, фарзандларимизнинг камолотига, маънан ва жисмонан соғлом бўлишига хизмат қилади.

Алишер Содиқов мактаби

Азал-азалдан вилоятимиз каратэчилари нафақат республикамизда, балки халқаро майдонларда ҳам етакчилардан ҳисобланар эди. Осиё ва жаҳон чемпионатларида шоҳсупанинг юқори поғонасидан ўрин эгаллаган спортчиларимиз кўп бўлган. Ҳозир-чи?

Тўғри, Қашқадарёда каратэнинг ўзига хос мактаби яратилган. Спорт фидойиси Алишер Содиқов (охирати обод бўлсин) асос солган бу мактабнинг ўз тарихи, ўзига мос тажрибалари шаклланган. Устоз-шогирд анъанаси давом этаяпти. Ҳозир ҳам катта ареналарда олтин медалларни қўлга киритган каратэчиларимиз кўп, мамлакат терма жамоаси сафида қашқадарёликлар етакчи ҳисобланади.

Биргина ўтган 2021 йилнинг ўзида Ўзбекистон кубоги ва мамлакат чемпионатларида спортчиларимиз томонидан жами 26 та олтин, 11 та кумуш ва 31 та бронза медали қўлга киритилди. Халқаро турнирларда эса каратэчиларимиз 15 та олтин, 5 та кумуш, 9 та бронза медалга сазовор бўлишди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўтган йили 5-7 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида вилоят каратэ федерациясидан 6 нафар спортчи иштирок этиб, барчаси шоҳсупадан ўрин эгаллади: 3 та олтин ва 3 та бронза медаль. Азимбек Халилов, Гулшан Алимардонова ва Оғабек Баҳронов жаҳон чемпиони номига сазовор бўлдилар.

Талант бору, таниш йўқ

Бироқ бугун вилоятимизнинг ҳамма туманларида ҳам каратэ яхши ривожланган, деб бўлмайди. Бунинг сабаби нимада?

- Биринчи навбатда, маблағ масаласи. Менимча, бу бошқа спорт турларининг ҳам энг асосий муаммоси бўлса керак, - дейди вилоят каратэ федерацияси бош мураббийи Ойбек Обяқулов. - Олдинлари йирик ташкилотлар, корхоналар, бошқармалар спорт федерацияларига ҳомий сифатида бириктириб қўйилар эди. Ҳозир эса ўз кунимизни ўзимиз кўраяпмиз. Бирор мусобақага боришга тўғри келса, ота-оналар ўз болаларига бир амаллаб пул топиб беришаяпти. Лекин ҳамманинг ҳам бунга қурби етмайди. Алам қиладигани, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари кўп турнирлардан қолиб кетаяпти. Маблағимиз етарли бўлмагани учун халқаро мусобақаларда тўлиқ қатнаша олмаяпмиз.  Талантли спортчиларимиз жуда кўп. Улар катта-катта мусобақаларда, айниқса хориждаги турнирларда мунтазам қатнашиб борса, кўзи қотади, тажрибаси ошади.

Дарвоқе, тажриба масаласи. Ўтган йили бўлиб ўтган Токио-2020 да мезбонларнинг миллий спорт тури бўлган каратэ ҳам Олимпиада ўйинлари дастурига киритилди. Аммо унда юртимиздан бирорта ҳам спортчи қатнаша олмади.

- Олимпиада йўлланмаси бериладиган мусобақаларда юртимиздан етти нафар спортчи қатнашган бўлса, улардан икки нафари қашқадарёлик каратэчилар эди, - дейди Ойбек Обяқулов. - Афсуски, уларнинг ҳеч бири Токиога бора олмади. Шунинг ўзи ҳам бизда каратэ жаҳон миқёсидаги даражада эмаслигини кўрсатиб қўйди. Ҳомий йўқлиги, маблағ етарли эмаслиги бизни шу аҳволга олиб келди.

Иқтидорли ёшлар нафақат Қарши шаҳрида, балки қишлоқларда ҳам жуда кўп. Ҳозир вилоят бўйича минг нафардан ортиқ ўғил-қиз каратэ билан шуғулланаяпти. Ахир иқтидорлилар қишлоқда туғилиб, ўша ерда қолиб кетмаслиги керак.

Ката - катта муаммо

Очиғи, спорт мавзусидан узоқлашганимга етти йил бўлди. Авваллари каратэ бўйича мусобақаларга ёритиш учун борганимда, бирорта ҳам спортчининг ката (каратэ усуллари мажмуи) бўйича топшириқларни тўлиқ бажарганини кўрмаганман. Тўғри, четдан қараганда, ҳаммаси рисоладагидай, осондай кўриниши мумкин. Аммо усулларни ижро этишнинг ўз талаби, қонун-қоидалари бор. Чунки бунда маҳорат ва инсон руҳияти бир-бирига ўзаро чамбарчас боғланган бўлади. Буни ҳис қилмаган каратэчидан яхши натижа кутиб бўлмайди.

Ойбек Обяқуловнинг таъкидлашича, ҳозир ҳам шу аҳвол. Бунга сабаб нафақат вилоятимизда, балки юртимизда ката бўйича мутахассис йўқ. Хорижликлардан тажриба орттириш эса у қадар муҳим ҳисобланмайди.

Спортчиларимиз каратэнинг Олимпиада ўйинлари дастурига расман киритилишини (ўтган йили Халқаро Олимпия қўмитаси каратэ яна Олимпиада  дастуридан чиқарилганини маълум қилди) интиқлик билан кутаяптилар. Ахир спортчи учун олимпия чўққисига чиқиш энг юқори ва энг яхши натижадир. Аммо фақат орзунинг ўзи билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бунда ўзгаларнинг ҳам мадади керак. Ўйлаймизки, спортга, иқтидорли ёшлар келажагига бефарқ бўлмаган инсонлар каратэнинг тақдирига, муаммоларига бир назар ташлаб қўядилар.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!