Меню

Қашқадарё

10.01.2020 150

Иқтидорли талабаларга - UzGTL стипендияси

Ёшлар сиёсати

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 4-босқич талабалари Бегзод Дўсмуродов (электр энергетикаси йўналиши) ва Адҳамбек Ҳалимов (технологик машиналар ва жиҳозлар йўналиши) "Uzbekistan GTL" масъулияти чекланган жамияти томонидан уч босқичда ўтказилган танловда муваффақиятли қатнашиб, воҳамизда бунёд этилаётган бу йирик заводнинг махсус стипендиясига сазовор бўлишди.

Корхона сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, UzGTL стипендия дастури доирасида ташкил қилинган мазкур танлов 2019 йилнинг сентябрь-декабрь ойлари давомида ўтказилган. Унинг дастлабки босқичида мамлакатимиздаги 10 дан ортиқ олий ўқув юртида бакалавриатнинг учинчи ва тўртинчи курслари ҳамда магистратурада техник йўналишлар бўйича таълим олаётган 900 нафарга яқин талаба ўз билимларини синаб кўрди. Кейинги босқичга ўтган 393 даъвогардан 80 нафари финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, якуний синов натижалари бўйича улардан 12 нафари UzGTL стипендиясига лойиқ кўрилди. Танлов ғолиблари сафида нафақат Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти (ҚМИИ), балки Ўзбекистон Миллий, Қорақалпоғистон давлат, Тошкент давлат техника ва Турин политехника университетлари, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали, Тошкент кимё-технология ва Бухоро муҳандислик-технология институтлари талабалари ҳам бор. Улар учун Янги йил байрами арафасида GTL заводи қурилиш майдончасига саёҳат ва тантанали тадбир уюштирилиб, барчасига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

- Институтимизнинг бошқа кўплаб талабалари қатори мен ҳам ўз билимларимни синаб кўриш учун "UzGTL стипендияси" танловида иштирок этишга қарор қилдим, - дейди ҚМИИ 4-босқич талабаси, Косон тумани Чорбоғ маҳалласида яшовчи Бегзод Дўсмуродов. - Биринчи босқичда анкета тўлдириб, мотивация хатида нега шу соҳани танлаганим, танловдан нима кутаётганим ва GTL заводи тўғрисида билганларимни ёзиб юбордим. Кейинги  босқичда махсус тестнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида тузилган саволларига жавоб бердим. Сўнгги синов эса комиссия вакиллари томонидан ўтказилган суҳбат шаклида бўлди. Барчасидан муваффақиятли ўтиб, ғолиб бўлганимдан мамнунман. Контракт асосида ўқиётганим сабабли UzGTL стипендияси менга жуда  асқатади. Бундан ташқари, танлов ғолибларининг ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётини мазкур корхонада ўташи мумкинлиги ва компания захира кадрлари таркибига киритилиши ҳам катта гап. GTL заводида ишлашни ким ҳам хоҳламайди дейсиз?!

"Uzbekistan GTL" масъулияти чекланган жамияти кадрлар бўлими бошлиғи Элёр Мўминовнинг таъкидлашича, UzGTL стипендияси мазкур компания ва мамлакатимиз олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтидорли талабаларни моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёш ва истиқболли мутахассисларни янги заводга ишга жалб қилиш мақсадида жорий қилинган. Махсус стипендия 2019 йил 1 декабрдан бошлаб талабаларнинг ўқиш жойидан олаётган асосий стипендияларига қўшимча равишда, ойма-ой тўлаб борилади. Унинг миқдори (барча солиқлар билан бирга) бакалавриатнинг учинчи ва магистратуранинг биринчи босқичи талабалари учун (10 ой давомида) ойига 750 минг сўм, бакалавриатнинг тўртинчи ва магистратуранинг иккинчи босқичи талабалари, яъни битирувчилар учун (7 ой давомида) ойига 1 миллион сўмни ташкил этади.

Ботир ТЕМИРОВ

Суратларда: "UzGTL стипендияси" танлови ғолиблари заводга уюштирилган саёҳат чоғида.

Суратлар www.oltinyolgtl.com сайтидан олинган.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!