Меню
Қашқадарё
ИҚТИДОРЛИ АДИБ ҚУТЛУҒ ЁШДА
Саксон ёшида ҳам Жаббор акадан ёшликнинг серғайрат нафаси уфуриб турибди. Адиб тенгиларнинг урушдан кейинги машаққатли йилларда бир қўлига кетмон, иккинчи қўлига китоб ушлаган, пўлат мисол оловларда тобланган авлоди тез улғайди. Бу авлоднинг етуклик палласи узундан-узоқ давом этгани учун улар бугунги тинч, фаровон ҳаётнинг, бир бурда ноннинг қадрини яхши биладилар.
Академик адиб Ойбек 1950 йилнинг ўрталарида ҳар хил хуружлардан толиқиб, бироз ҳордиқ чиқариш, чалғиш ниятида Шаҳрисабзга келади. Бу ерда унинг синглиси Шафоат Тошмуҳаммедова, қайнсинглиси Шарифа Саидносирова истиқомат қиларди. Ҳазора қишлоғидаги мактабда ишлайдиган муаллим Шариф Воҳидов тўрт нафар ўқувчисини академик адиб олдига олиб боради, улардан бири Жаббор Халил эди. У Ойбек домланинг улуғ Алишер Навоийга бағишланган қуйидаги сатрларини ёддан ўқийди:
Куйлаганда беш аср бурун
Халқни, хақни, ишқни бу инсон.
Юраги ҳам эркин, ёруғ кун
Дарди билан тепарди ҳар он...
Академик адиб кўзлари порлаб турган ўсмирга оқ фотиҳа беради. Жаббор акада адабиётга ҳавас учқуни улуғ адиб билан бўлган учрашувдан кейин янада аланга олади. Мактабни битириб, Қарши педагогика билим юртида ўқийди. Устози Аҳадулла Пўлатовнинг рағбати билан ўзбек ва рус тилларида “Педагог” деворий газетасини чиқаради. Илк бадиий машқлари шу деворий газетада чиқади. Кейинчалик Қарши давлат педагогика институтида таҳсил олади. Деворий газетадан кейин муаллифнинг турли мавзулардаги асарлари “Тонг юлдузи”, “Қашқадарё ҳақиқати”, “Ўқитувчилар газетаси”, “ўзбекистон маданияти” газеталари, “Ғунча”, “Гулхан”, “Шарқ юлдузи” журналларида эълон қилинади. У йигитлик бурчини Доғистонда ўтайди. 3 йиллик хизмат даврида ҳарбий округ газетасида ҳарбий мухбир вазифасини бажаради.
Дарвоқе, у юрак амри билан биринчи асарини ёзганида ўн саккиз ёшда эди. ўн саккизга кирмаган ким бор: кўнгил жилғаси тўлиб-тошиб, сап-сариқ эски қоғоз қопнинг парчасига илк ҳикоясини ёзган. Ҳикояда XIV асрнинг қоқ ўртасида Ҳазора қишлоғига сайрга келган Қутбиддин исмли ботир йигит ҳақида сўз борарди. Ҳикояни ҳазоралик баджаҳл бир муаллимга ўқиб берганида у: “Бу ёзганинг Амир Темур ҳақида эканини ҳеч ким сезмайди, деб ўйлаяпсанми? Худди Абдулла Қодирийдек пешанангдан отиб ташлайдилар. Бундан кейин умуман қўлингга қалам олиб юрмагин!” дейди. Бу гап бежиз айтилмаганди. Чунки ўша даврда истеъдодли шоир ва адиблар - Шайхзода, Шуҳрат, Шукрулло, Саид Аҳмад ва бошқалар Мурманскдан тортиб Магаданга қадар чўзилган бепоён кенгликлардаги уқубат лагерларида занжирбанд эдилар. Аммо Жаббор акани буюк Соҳибқирон шахсияти доимо ўзига мафтун қилиб келган.
Истиқлол унинг ижод булоғи кўзларини кенг очди. 1997 йили “Сирли сўқмоқлар” номли илк қиссаси эълон қилинди. Кейинчалик “Довул”, “Тақдир бекатлари”, “Кеш ва Соҳибқирон” номли романлари бирин-кетин нашр этилди. “Довул” романи эса “Ўзбекистон” нашриётида беш минг нусхада иккинчи марта чоп этилди. Филология фанлари доктори Й.Солижонов ёзганидек, “Жаббор Халил ўз романлари марказига жамият ва инсон, зулм ва адолат, тазйиқ ва умид каби масалаларни қўяди”.
“Янги аср авлоди” нашриётида босилган “Шаҳри Кеш фарзандиман” шеърий тўплами ҳам нозик дидли китобхонларнинг меҳрини қозонган. Адиб асарлари қорақалпоқ, тожик, рус ва бошқа тилларга таржима қилинди. Яна янги-янги асарлар устида ишламоқда. Ҳали унинг қаламидан тўкилган кўплаб асарларни бирга мутолаа қиламиз, деган умиддаман.
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими