Меню
Қашқадарё
“ИҚРОРНОМА”ДАН ТОПИЛГАН ДУРЛАР
Толстойдек буюк адибни тушуниш, асарларини таржима қилиб, фикрларини аслидек талқин қилиш осон эмас. Озод Шарафиддинов шундай мураккаб вазифани ўз зиммасига олиб, яна бир бора таржимонлик маҳоратини намоён қила олган. Асар силлиқ ўқилади, уни мутолаа қилсангиз, гўё ўзбек адиби томонидан ёзилгандек таассурот уйғотади.
“Иқрорнома”ни муаллиф 1879 йилда, яъни 51 ёшида ёза бошлаган, лекин унинг мазмуни ҳақида, асарда қўйилган ахлоқий-маънавий ва фалсафий масалалар тўғрисида камида 20 ёшидан ўйлай бошлаган. Демак, асар дафъатан туғилган, бирдан эсга тушиб қолган фикр-мулоҳазаларга асосланган эмас. Эҳтимол, шунинг учундирки, у бугунги китобхон учун ҳам ғоятда ардоқли, унинг маънавий янгиланишида ғоятда сезиларли тиргак бўладиган асардир”, дейди таржимон сўзбошига ёзган хулосасида.
Ҳа, бу китоб ёзувчининг умри давомида инсониятни кузатиб чиқарган хулосаларию очиқ қолган саволларини ўзида мужассам этган. Толстой ушбу асар орқали инсоннинг нақадар тушунарсиз, мураккаб мавжудот эканини исботлаган. Асарда жавоблардан кўра саволлар кўпроқ. Демак, уларга ҳар ким ўзича жавоб топиши керак...
Адиб ўқувчини ўзлигини, ҳақиқатни қидиришга ундаш билан бир қаторда умр манзилларида дуч келинадиган муаммолар ҳақида фикр юритган. Биз учун бу чинакам ҳаёт мактаби демакдир. Асарда муаллиф акасининг “ҳалиям шу ишингни қўйганинг йўқми” қабилидаги гапи туфайли диндан кечган инсон ҳақида тўхталиб ўтади. Бу худди пойдевори заиф уйнинг қулашига томига қуш қўниши “сабаб” бўлганидек гап. Кейинги мулоҳазалар эса аслида унинг эътиқоди мўрт бўлганини кўрсатади. Ҳа, инсоннинг энг катта хатоси – ҳамма нарсани биламан, деб ўйлашида, иймоним бут, эътиқодим мустаҳкам деб, изланишдан, ўқишдан тўхтаб қолишида. Бугун ҳам шундай. Дунёда ҳар куни неча-неча инсонлар диний экстремизм, терроризм, ақидапарастлик қурбони бўлаяпти. Бу – ўзларини диндор, тақводор, илмли қилиб кўрсатган ўша кимсаларнинг аслида дунёқарашидаги кемтик, ақлидаги қусур, бир сўз билан айтганда, жоҳилликларидан дарак беради.
Ҳаёт мураккаб. Унда умргузаронлик қилишнинг ўзи бўлмайди. Ким учундир ғурбатхона бўлган дунё бошқа бировга жаннатнинг ўзгинаси. Толстойнинг фикрича, инсонлар тўрт хил қараш билан яшайди. Биринчиси, фақатгина дунё неъматларидан фойдаланишга ҳаракат қиладиганлар тоифаси. Уларга ҳаётнинг мазмуни ҳақидаги фалсафа, атрофидаги муҳит ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ейишга тансиқ таоми, чўнтагида пули бўлса бўлди. Иккинчи гуруҳга ҳаётга некбинлик билан қарайдиган инсонлар киради. Улар маънолими ё маъносизми, яхшими ёки ёмон – барибир яшашда давом этиш керак, қабилидаги фалсафага амал қилишади. Учинчи тоифа вакиллари бу дунёда яшашдан воз кечиб қўя қолади. Ҳаётни қабоҳат деб билиб, ундан тезроқ қутулишга ҳаракат қилади. Тўртинчи типдагилар эса таркидунё қилишни хоҳлайди, аммо қўрқади. Шу туйғу билан яшашда давом этади. Умрининг охиригача аросатда ҳаёт кечиради.
Бу асар билан танишар экансиз, инсон ҳаёти билан боғлиқ сиз билган ва билмаган ҳақиқатларни англаб борасиз. Масалан, қуйидаги фикрга эътибор беринг:
“Бир тасодиф билан бугун мен Сулаймон бўлган бўлсам, шу тасодифнинг ўзи эртага мени Сулаймоннинг қулига айлантириб қўяди”.
Ушбу жумла элимиз суйган машҳур ҳофизнинг қўшиғидаги “Шоҳмисан, тайёр тур гадо бўлишга” мисрасини ёдга солиб юборади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Шарқ дунёқарашига хос бу каби хулосаларни Толстой асаридан кўплаб топиш мумкин. Дарҳақиқат, эртага бизни нима кутиб турганини ҳеч ким билмайди. Бугун мансаб, катта бойликка эга бўлган инсон зум ўтмай хонавайрон бўлиши мумкин. Энг асосийси, ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийлик чегараларидан чиқмаслик, меҳр-оқибатли бўлишдир. Ана шунда тақдир сизни қаерга улоқтирса ҳам яна оёққа туриб кетаверасиз.
Мана, асарни ўқиш давомида эътиборимизни тортган иборалардан яна бири:
“Ўлик арслон бўлгандан кўра тирик кучук бўлган яхши”.
Атрофимизда шундай инсонлар борки, баъзи давраларда ўзини арслондек тутади, бенарвон Ойни уради, лекин қўлидан эгасининг уйини қўриқлайдиган итчалик иш келмайди. Бундайлар ит бўлиб итга, арслон бўлиб арслонга ўхшамайди. Шу сабаб муаллиф “ўлик арслон” бирикмасидан фойдаланган назаримизда.
Толстой асар орқали маънавий жасорат кўрсатган. Ўзи ҳақида бор ҳақиқатни, қилган ишларини рўй-рост айтиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. У бутун инсониятни ҳақиқатга тик қарашга ўргатишни ният қилган. Толстойнинг қаҳрамони – ўзи, ўзи эса инсон, демак, гуноҳлардан холи эмас. Ва ўзини шу ҳолича – борича тасвирлайди, ички дунёсига қўрқмасдан ойна тутади. Ўз бошидан кечирган ҳолат-вазиятларни эринмасдан тасвирлайди, пировардида эса ўқувчини теран хулосаларга етаклайди. Бу хулосаларга ўзининг неча бор адашиб, неча бор янглишиб, аччиқ тажрибалар орттириб, эришганига ўқувчини ишонтиради.
Бадиий асар қанча кўп ўйлашга, фикрлашга мажбур қилса, кечаю кундуз сизни тинч қўймаса, мана шу унинг муваффақиятини белгиловчи асосий омил бўлса керак. “Иқрорнома” – ана шундай асарлардан бири.
Шоҳсанам КОМИЛОВА тайёрлади.