Меню

Қашқадарё

06.10.2018 1791

ИҚРОР

Сувчининг ҳамхонаси тумандаги йирик ташкилотлардан бирининг раҳбари - Тўйчи база дегувчи киши экан. Тўйчи база аввалига Субҳон сувчини сира менсимай, ижирғаниб ташқарига чиқиб кетди. Кўринишидан анча димоғдор бу одам камсуқимгина сувчи билан бир палатада ётишни хоҳламаган эди. У бироздан кейин қайтиб келди ва бош врачни чақиртириб, унга очиқчасига ё ўзига бошқа хона беришини ёки Субҳон сувчини бошқа палатага кўчиришни талаб қилди. Аммо хоналар бандлиги учун бу иш кейинга қолдирилди.

Субҳон сувчи шифохонага келган куниёқ Тўйчи базанинг одамлари узун-қисқа бўлиб кириб келишларига гувоҳ бўлди. Хонани тандир кабобнинг ҳиди тутиб кетди.

- Сизни қаранг-а?! – Тўйчи базага ҳамдардлик билдирди йигитлардан бири. – Бу дардни қаердан юқтириб олдингиз? Тезроқ соғайиб чиқинг, сизсиз қийналиб қолдик, ишхонадан файз қочгандек бўлиб турибди.

Келганлар Субҳон сувчидан ҳам кўнгил сўраган бўлди. Хона четида турган столни ўртага тортиб, дастурхон безадилар.

- Қани ака, сиз ҳам келинг, - меҳмонлардан бири Субҳон сувчини ҳам дастурхонга ундади. Аммо ўрнидан туришга қийналишини ўйлаб, Субҳон таклифни рад этди.

Тўйчи база эса беписанд назар билан унга қараб, ўзича кулиб қўйди.

Эртасига яна бир гуруҳ кишилар Тўйчи базани йўқлаб келишди. Бу сафар кабоб билан сомсанинг хушбўй ҳиди димоққа урилди. Келганлар яна одатдагидек Субҳон сувчини ҳам “зиёфат”га таклиф қилишди.

- Ноқулай бўляпти. Туринг ака, сафимизга қўшилиб сомса, кабобдан олинг. Бир қўл манави зормандадан ичинг, шамоллашни кесади.

Тўйчи база йигитларга олақараб, “тегма унга!” маъносида бошини чайқаб қўйди. Зиёфат авжига минди. Ҳалиям врач келиб, суҳбатнинг белига тепмаганда, базм яна қанча давом этарди, ким билсин.

Шу куни Тўйчи базанинг меҳмонлари кетганидан анча ўтиб, хона эшигини секин тақиллатиб, Субҳон сувчининг катта синглиси кириб келди.

- Акагинам, оғажоним, - акасини қучоқлаб, кўз ёши қилди сингил. – Эшитиб жон-пониб чиқиб кетди. Оёқларингиз ишламай ётгани ростми? Совуқ кунда сувга кириб нима қилардингиз? Қачонгача болаларни олдига тушиб юрасиз? Энди бу ишни ўғилларингизга қўйиб берсангиз бўлмайдими? Ёшингизга муносиб иш қилмайсизми, нима қиласиз сув кечиб?..

Субҳон сувчи синглисининг кўз ёшларини артди.

- Ваҳима қилма, дўхтирлар бир ҳафтада оёқларинг соғайиб кетади, деяяпти. Худо хоҳласа тез кунда ўзим юриб уйга бораман.

- Илоҳим шундай бўлсин, - меҳрибонлик билан акасининг оёқларини ушлади сингил. - Қўй қатиғидан чакки, қорин ёғи, қурт олиб келдим. Нонингиз борми?     Куёвингиз Тошқўрғондан суғур ёғи олиб келган эди. Шамоллашнинг давоси. Ўзим суртиб, уқалаб қўяман.

Каравотда терс ўгирилиб, газета ўқиб ётган Тўйчи база бу “ёввойи” аёлнинг жаврашидан ижирғаниб, ташқарига чиқиб кетди. Ярим соатлардан кейин хонага кирганида сингил акасининг устига кўрпани тортиб, иссиқ чой ичираётган эди. Субҳон сувчи терлаб, юзларига қизиллик югурди.

- Бекорга оввора бўпсан, - синглисини койиди сувчи. – Ука-акаларинг хабарлашиб турибди. Янганг, қизлар келяптию, ёш болангни уйда қолдириб келганинг яхши бўлмабди. Кечгача уйга боришга улгуролмайсан, деб қўрқаман.

- Ҳозир бизнинг қишлоққа қатновчи машиналар ҳам кўпайиб қолган, акажон, ҳеч ўйламанг, пешинда уйга кириб бораман. Эртага куёвингиз ҳам келмоқчи эди.

- Қўявер, овора бўлиб нима қилади? Мен яхшиманку...

Сингил хайр-хўшлашиб чиқиб кетганидан сўнг Тўйчи база Субҳон сувчидан сўради.

- Синглингизми?

- Ҳа, - жилмайди сувчи. –Тоғнинг узоқ бир қишлоғига келин бўлиб тушган. Жигар-да, эшитиб шунча йўл босиб кепти. 

Субҳон сувчи билан Тўйчи база бир палатада 12 кун бирга ётишди. Ҳар куни Тўйчи базанинг изидан казо-казолар турли-туман тансиқ овқатларни олиб келишар, меҳмондорчилик, қаҳқаҳаю лутф сўзлардан қулоқ битай дерди. Ўз ўрнида Субҳон сувчининг ҳам гоҳ укаси, гоҳ ўғли, аёли, келини, сингиллари мўралаб эшик қоқар, хонага кириши биланоқ олиб келган иссиққина қатиқли ош, мастава ёки товуқ шўрвани унга сузиб бериб, ўзлари сувчининг оғриган оёқларини уқалашга тушарди.

Охирги кунлардан бирида сувчини яна икки синглиси кўргани келди.

- Акажоним, жигаргинам!, - бири қўйиб бири ундан ҳол сурашга тушиб кетишди. - Тузалиб қолдингизми? Овқатланаяпсизми? Иштаҳангиз қалай? Бўйимадарон ўтидан дамлама қилиб келдим. Ухлашдан олдин ичиб ётинг, шамоллашни олади. Аччиққина мастава пиширдим, мана бир коса ичинг, иссиғида олинг, акажон.

Сингиллар Тўйчи базага ҳам меҳрибончилик қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Унинг рад этишига қарамай, бир коса мастава сузиб берди.

Тўйчи база анча кундан буён Субҳон сувчига ҳам, унинг қариндошларига ҳам кўникиб қолган эди. Унга бу оддий одамлар ўртасидаги муносабат ўзгача таъсир этди. Айниқса, сувчининг “Ука, қариндошлар билан таништирмадингиз ҳам” деган гапи дил яраларини ўртаб юборди. Ўзи истамаган ҳолда унга дардини ёра бошлади.

- Қариндошлар келмаган бўлса, сизга кимни таништираман, - дея чуқур уҳ тортди у. – Келиб-кетаётган одамлар ишхонадагилар, жўралар, танишлар... Ака-укалар билан отамдан қолган ҳовли-жойни талашиб, юз кўрмас бўлганмиз. Ўғиллар ҳам бири у ёқда, бири бу ёқда. Иши кўплигини айтиб, телефондан ҳол-аҳвол сўраб  туришибди. Келинингиз ҳам ишли аёл. “Шофёрингизни жўнатинг, овқат бериб юбораман” деганди, ўзим унамадим. Барибир овқатни чойхонадан олиб бериб юборади.

У узоқ жим қолиб, оғир хўрсинди...

Турсунбой БОЙМИРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!