Меню
Қашқадарё
Иқлим ўзгаришларини инсоният қандай баҳолайди?
Дунё аҳлининг 64 фоизи кузатилаётган иқлим ўзгаришларини глобал фавқулодда вазият сифатида баҳолайди. БМТнинг Тараққиёт дастури ва Оксфорд университети ҳамкорликда олиб борган тадқиқот натижалари шундай хулоса қилишга асос бўлган.
Сўровлар асосида аниқланишича, аксар одамлар кенг кўламли иқлим сиёсати тарафдори. Масалан, тадқиқот доирасига кирган ва энергетика соҳаси субъектлари ҳавога энг кўп углекислота газлари чиқарадиган ўн мамлакатдан саккизтасида кўпчилик қайта тикланувчи энергия манбаларидан фаол фойдаланиш тарафдори. Хусусан, ўтказилган сўровда россиялик иштирокчиларнинг 51 фоизи шундай қарашда экани аён бўлган.
Шунингдек, ўн давлатдан тўққизтасида яшовчи шаҳарлар аҳолисининг катта қисми электротранспорт ва велосипедлардан фойдаланиш тарафдори эканини билдирган.
Тадқиқот юзасидан инсон билим доираси ва ишончининг иқлим ўзгаришларига қарши кураш бўйича зарур чораларни қўллашдаги аҳамияти ҳам ўрганилди. Бунда яшаш тарзи оғир ва нисбатан бой давлатларнинг университет ҳамда коллежларда ўқийдиган аксар талабалари иқлим ўзгаришларига бирдек фавқулодда вазият сифатида қараши аниқланди: Бутан - 82, Конго - 82 фоиз ва Франция - 87 , Япония - 82 фоиз.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, сўровда қатнашган 18 ёшдан кичик иштирокчилар иқлим ўзгаришларига қарши курашни бошқа ёш тоифаларига нисбатан кўпроқ қўллаб-қувватлайди. Бу кўрсаткич 18-35 ёшлиларда 65 фоиз, 36-59 ёшлиларда 66 фоиз, 60 ёшдан катталарда 58 фоизга тенг.
Маълум қилинганидек, сўров қамраб олиш қийин бўлган аудитория, жумладан, 18 ёшдан кичикларни жалб қилиш мақсадида мобиль ўйин асосида ўтказилган. Унда 50 мамлакатдан 1 миллион 200 киши қатнашган. Натижалардаги хатолик 2 фоизни ташкил этиши мумкин.