Меню
Қашқадарё
I ЧОРАКДА ҚАНЧА ҚУВВАТ ИШГА ТУШАДИ?
Аҳамиятлиси, ушбу ахборотда тегишли даврда иқтисодиётнинг асосий соҳалари бўйича кўрсаткичлар прогнози ҳудудлар кесимида берилган. Кутилаётган ўсиш суръатлари 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан таққосланган. Вилоятимизни оладиган бўлсак, январь ойида ҳудудда саноат ишлаб чиқариши 4,5 фоиз ўсиши тахмин қилинмоқда. Мазкур рақам январь-февраль ва январь-март ойлари мобайнида мос равишда 5 ва 5,2 фоизга тенг бўлиши қайд этилади. Бошқа ҳудудлар билан солиштирсак, бу кўрсаткич унча юқори эмаслиги ойдинлашади. Мисол учун, чорак якунларига кўра саноат ривожи миқёси Андижон вилояти бўйича 9,1, Жиззахда 11,1, Наманганда 10,1 ва Хоразм вилояти бўйича 11,4 фоизни ташкил этиши режа қилинган.
Январь-март ойлари давомида вилоятимизда қурилиш соҳасида ҳам ўсиш кузатилади. Бу борадаги ишлар кўлами 4,5 фоизга кўп бажарилиши прогноз қилинган. Айни йўналишда эса вилоятимиз етакчилар қаторидан жой олган. Бу ҳолатни жорий йилнинг тегишли даврида ҳудудда бунёдкорлик ишлари салмоғи янада ортиши билан изоҳлаш мумкин. Ушбу кўрсаткичга воҳамизда уй-жойлар, ижтимоий объектлар, йўл-коммуникация тармоқлари барпо этилиши ҳисобига эришилишини тахмин қилиш қийин эмас.
Чорак якунида чакана товар айланмаси ҳажми ўсиши бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳам вилоятимизга тегишли бўлиши кутилаяпти. Мазкур фаолият ривожи 6,2 фоизлик натижани тақдим этиши мўлжалланган. Яна бир жиҳати, тегишли даврда вилоятимизда хизматлар соҳаси ҳам жадал равнақ топишига ишонч билдирилмоқда. Ўтган йилнинг шу даври билан қиёсласак, январь-март ойларида бу тармоқ ўсиши 5,7 фоиз бўлиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, иқтисодиётнинг ушбу етакчи тармоқлари ривожи таъминланишида юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу маънода вазирлик ахборотида жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари доирасида фойдаланишга топшириладиган қувватлар ҳақида маълумот келтирилган. Юртимиз миқёсида қарайдиган бўлсак, бу вақт мобайнида жами 1 минг 486 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади ёки улар доирасидаги ишлар тўлиқ тугалланади. Шунинг 398 таси саноат ишлаб чиқариши, 679 таси хизмат кўрсатиш ва қолган 409 таси қишлоқ хўжалигига тегишлидир. Уларнинг умумий қиймати эса 2 триллион 560 миллиард сўмдан ошади. Энг кўп қувват Тошкент шаҳри (227 та), Тошкент (218 та), Самарқанд (191 та), Жиззах (154 та) ва Андижон (134 та) вилоятларида ишга туширилади.
Илк чоракда вилоятимизда фаолият бошлайдиган қувватлар сони эса 110 тани ташкил этмоқда. Хоразм (атиги 7 та қувват), Фарғона (32 та), Бухоро (45 та), Сирдарё (55 та) вилоятлари билан солиштирсак, бу борадаги кўрсаткич анча яхши, албатта. Қорақалпоғистон Республикасида бор-йўғи 1 миллиард 657 миллион сўм маблағ эвазига 78 та лойиҳа амалга оширилади. Ҳудуд иқтисодиётини кўтариш учун эса вилоятимиздаги ишбилармонлар томонидан 21 миллиард 116 миллион сўм сармоя сарф этилади. Шундай экан, сон эмас, сифат бўлгани мақсадга мувофиқ. Натижада 565 та янги иш ўрни яратилади.
Ҳудуд тармоқлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, воҳамизда энг кўп қувват хизматлар соҳасида фойдаланишга топширилади. Тегишли даврда жойларда 57 та янги хизмат кўрсатиш объекти фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Бу ишларга 8 миллиард 823 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Бунинг самарасида 235 нафар нафар киши иш билан таъминланади.
Қувватлар салмоғи бўйича кейинги ўрин қишлоқ хўжалигига насиб этган. Биринчи чоракда амалга ошадиган 35 лойиҳа ушбу соҳа ривожига хизмат қилади. Бунга кетадиган маблағ 5 миллиард 268 миллионга тенг бўлади, 114 нафар киши фойдали меҳнат билан доимий банд этилади.
Вилоятимизда саноат ишлаб чиқаришида ишга тушириладиган қувватлар ҳам анча йирик ва замонавий бўлишини тахмин қилиш мумкин. Бунинг учун 18 та лойиҳа асос қилиб олинган бўлиб, улар рўёби учун 7 миллиард сўмдан ошиқ маблағ талаб этилади. Бу пулни тенг тақсимлаганда ҳам, ҳар бир лойиҳа қиймати ўртача 300-350 миллион сўмни ташкил этишини кўриш мумкин. Бу йўналишда 216 та янги иш ўрни яратилиши ҳисобига бандлик даражаси ҳам яхшиланади.
Албатта, соҳалар ўсиши бўйича кўрсаткичлар - прогноз, холос. Ундан юқори натижа қайд этилиши ёки пасайиш кузатилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу эса ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида адо этилиши, лойиҳалар самарали рўёбга чиқишига боғлиқ. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида эса аҳоли фаровонлиги, истеъмол бозори тўкинлиги, ҳудуд тараққиётини таъминлаш каби устувор мақсадлар ётгани мавжуд имкониятларни тўла ишга солишга ундаши аниқ.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ