Меню

Қашқадарё

19.12.2017 2012

ГУВОҲНОМА ПАСПОРТГА ҚАРАБ ЁЗИЛАДИМИ?

 

Саволга Қарши шаҳар ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори

Ситора МУСАЕВА жавоб беради:

- Фарзандига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олаётган отанинг исм-фамилияси паспортида қандай ёзилган бўлса, боланинг гувоҳномасига ҳам фамилия худди шу тартибда ёзилади, яъни агар “Хамидов” деб ёзилган бўлса, демак, қизи ҳам “Хамидова” кўринишидаги фамилияга эга бўлади.

Фуқароларнинг туғилган йили, ойи, куни, яшаш манзили, исм-фамилияси паспорт бўлимларининг маълумотлар базасига паспортда ёзилганига қараб жойлаштирилади. Агар гувоҳномага “Хамидов” эмас, “Ҳамидов” кўринишида ёзилса, бу маълумотлар базасида кўринмайди.

Агар фуқаро фарзандининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида ҳам ўзиники сингари хато кетишини истамаса, унда паспорт бўлимига бориб, тегишли тартибда фамилиясини ўзгартириши лозим бўлади. 

ТАҲРИРИЯТДАН: Собиқ советлар даврида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида исм-фамилиялари тўғри ёзилган инсонларни камдан-кам учратиш мумкин эди. Негаки, “ЗАГС”да ўтирадиганларнинг аксарияти бошқа миллат вакилларидан бўлиб, болага қўйилаётган исмларнинг асл маъносини англаб етмаган ва шу боисдан тусмоллаб ёхуд русча талаффузга мослаб ёзаверишган. Айниқса, “қ”, “ғ”, “ў”, “ҳ” ҳамда “о” ва “а” ҳарфларини умуман фарқлашмаган. Натижада уларнинг барчаси рус алифбосидаги “к”, “г”, “у”, “х”, “а” ва “я” харфларига алмаштириб ёзилган. “Курбанов”, “Кучкаров”, “Гулямов”, “Салямов” сингари фамилиялар шу боисдан юзага келган. Яна “ж” ҳарфи билан бошланган исмларга “д” ҳарфи тиркалиб, “Джураев”, “Джавлиев”, “Джаббаров” каби ажнабий талаффузли фамилиялар юзага келган ва бундай чалкашликлар бугун ҳам давом этаётгани кишини ажаблантиради. Бир вақтлар “ЗАГС” идорасининг чаласавод ходими йўл қўйган қўпол хато туфайли бугунги янги авлод вакиллари ҳам ундан азият чекаяпти. Биргина “х”ни “ҳ”га айлантириш учун кишилар беш-олтита идора бўсағасида бир неча кун сарсону овора бўлишмоқда, кимнингдир хатоси учун гувоҳнома, паспортларини қайтадан алмаштиришга ортиқча пул сарфлашмоқда.

Хўш, бир вақтлар шундай бўлган экан, нега энди бугун шу хатони гувоҳнома берилаётган жойнинг ўзида тўғрилаб бўлмайди? Дейлик, “Хамид” исми “Ҳамид” деб ёзилса, бу фақат сўзнинг имло қоидаларига мувофиқ тўғри ёзилишини таъминлайди-ку. Бошқа маънони келтириб чиқармайди.

Бизнингча, бу борадаги англашилмовчиликларга чек қўйиш, мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш, исм-фамилияларни тўғрилашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, ФҲДЁ бўлимларига саводли одамларни ишга олиш вақти келди. Шунда ҳозиргидек тусмоллаб ёзишлар барҳам топиб, исм-фамилияларимиз хатосиз ёзиларди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!