Меню
Қашқадарё
ГУНГОН МАҲАЛЛАСИДАГИ ЛОКАЛ ҚОЗОНХОНАНИНГ БУГУНГИ ҲОЛАТИ ҚАНДАЙ? У ИСИТИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН УЙЛАРДА ЯШАЁТГАН ОДАМЛАРНИНГ АҲВОЛИ-ЧИ?
Хабарингиз бўлса керак: мамлакатимизда аномал совуқлар бошланган кунлардан бирида, аниқроғи, 11 январь куни кечқурун, соат чамаси 21:25 да Қарши шаҳридаги Гунгон маҳалласи ҳудудида жойлашган 8-локал қозонхонада газ-ҳаво чақнаши содир бўлиб, қозонхона яроқсиз ҳолга келган ва маҳалладаги учта 4 қаватли уйнинг 120 та хонадонида яшовчи аҳоли ташқарида ҳаво ҳарорати 15-17 даража совуқ бўлган бир пайтда иссиқлик таъминотисиз қолган эди.
Эртаси куни "Иссиқлик манбаи" ДУК бошлиғи Қаҳрамон Жўраев мазкур корхона томонидан Қарши шаҳар ҳокими ва сектор раҳбарлари билан биргаликда юзага келган носозликни бартараф қилиш учун махсус ишчи гуруҳ ишни бошлагани, яроқсиз ҳолга келган қозонхона ўрни тозаланиб, ёнидан захира қозонхоналар ўрнатилгани, қувурлар эса тозаланиб, ёрилган жойлари ямалгани ва изоляция ишлари олиб борилганини маълум қилди.
- Узоғи билан эртага, яъни 13 январь куни кечки вақтгача ишлар тўлиқ охирига етказилиб, иссиқлик таъминоти тўлиқ хонадонларга етиб боради, - дея ишонтирди ўшанда бу мутасадди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси расмий Telegram-каналида берган интервьюда.
Кеча, 18 январь куни эрталаб газетамиз фотомухбири Гунгон маҳалласига бориб, у ерда қилинаётган ишларни кўздан кечирганида ва маҳалла вакиллари билан гаплашиб кўрганида айрим хонадонларга иссиқлик ҳалиям етиб бормаганининг гувоҳи бўлди.
- Вилоятимиз раҳбарлари ва Қарши шаҳар ҳокими, ички ишлар бўлими бошлиғи ва шаҳар прокуратураси ходимлари саъй-ҳаракатлари билан эртасигаёқ янги қозонхоналар ўрнатилди, - дейди Гунгон маҳалласи раиси Абдурасул Ҳоллиев. - Оралиғидаги бир-иккита сув яхлаб қолган жойларнинг ҳаммаси бартараф қилиниб, иккита "дом"га иссиқ сув берила бошланди. Учинчисида эса ишлар олиб борилаяпти, тез орада улар ҳам ниҳоясига етади.
- Иссиқлик бор, Худога шукур, - дейди мазкур "дом"лардан бирида истиқомат қилаётган Зохиддин Хонкелдиев. - Бунинг учун Қарши шаҳрининг барча раҳбарлари ва бу ишларни амалга оширган барча мутасаддилар, ишчи ва мутахассисларга раҳмат айтмоқчиман. Бироқ уйларнинг ўзида иссиқлик тизимида камчиликлар бўлмаганида, муаммо янада тезроқ бартараф этиларди...
- Албатта, раҳмат ҳаммага, "котельний" олиб келингани, ўрнатилгани учун, аммо уйимиз барибир исимаяпти, кечаси иккита кўрпа остида ётсак ҳам, совуқотаяпмиз, - дея шикоят қилади бу ердаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Қизлархон Хушмуродова. - Электр печи ёқиб қўйибмиз, қолаверса, хавфли бўлсаям, газ плитани қўшганмиз, хонадон эса сираям исимайди. Бир умидимиз, кун исиб кетишидан...
Шу тариқа узоғи билан 13 январда якунланиши ваъда қилинган ишлар яна камида 5-6 кунга чўзилиб кетди. Ваҳоланки, шу кунлар давомида ҳаво ҳарорати 20-21 даража совуққача тушди ва бу совуқнинг ҳар бир соатини гунгонликлар, шак-шубҳасиз, узоқ вақтлар эслаб юришади. Бу ердаги таъмирлаш-тиклаш ишлари тез орада якунига етказилиши айтилар экан, бу галги ваъдалар ўз вақтида бажарилишига умид қилиб қоламиз...
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.